Давлат улушига эга таъсисчи бўлганда, мажбурий аудитдан ўтиш керакми

preview

Давлат улушига эга таъсисчиси мавжуд корхоналар мажбурий аудитдан ўтиши керакми? Буни Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси департаменти директори ўринбосари Асал ХАШИМОВА тушунтирди:

 

– “Ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунда белгиланган.

Ушбу рўйхатга устав фондида (устав капиталида) давлатга тегишли улушга эга бўлган ташкилотлар ва давлат унитар корхоналари ҳам киради. Улар ҳам, бошқалар ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда тижорат ташкилотлари иштирокчилари бўлиши мумкин.

Иштирокчилари (таъсисчилари) таркибида давлат корхоналари ёки давлатга тегишли улушга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд бўлган тижорат ташкилоти давлатга тегишли улушга эга бўлган ташкилот  ҳисобланмайди.

Бинобарин, ташкилот иштирокчилари (таъсисчилари) таркибида давлат корхоналари ёки давлатга тегишли улушга эга бўлган корхоналар мавжуд бўлса, бироқ бунда ташкилотнинг ўзи ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатида назарда тутилган ҳеч қандай аломатларга ёки шартларга мувофиқ келмаса, у бундай аудитдан ўтиши шарт эмас. Бунда у ўз ташаббусига кўра  аудитдан ўтиш ҳуқуқига эга .

Эслатиб ўтамиз

Давлат корхоналари реестри ва давлатга тегишли улушга эга бўлган корхоналар рўйхати Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот тизимида жойлаштирилган. У хўжалик жамиятларининг устав капиталида ўзига берилган давлат акция пакетлари (улуш) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқини амалга оширади .

Давлат корхоналари истисно ҳолатларда фақат Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ташкил этилиши мумкин. Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг томонидан ваколат берилган давлат органлари унинг таъсисчиси бўлиши мумкин. Бунда давлат корхонаси давлатнинг бошқа корхонаси таъсисчиси бўлишга ҳақли эмас.

Эътибор беринг

Қуйидаги аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишига йўл қўйилади:

  • штатида - камида кетма-кет 3 йиллик узлуксиз иш стажига ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган камида 2 нафар аудитор мавжуд бўлган;
  • иш сифатини ташқи назоратдан ўтказиш натижаларига кўра, аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳоллари мавжуд бўлмаган.

Банкларнинг аудиторлик текшируви штатида банкларнинг аудиторлик текширувларини ўтказиш ҳуқуқи учун аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган камида 2 нафар аудитор мавжуд бўлган аудиторлик ташкилотлари томонидан ўтказилади.

Аудиторлик ташкилотлари реестрига ҳавола бўйича кириш мумкин.

Шунингдек, Молия вазирлигининг сайтида Халқаро аудит тармоғи ва халқаро уюшмалар аъзолари бўлган аудиторлик ташкилотлари рўйхати жойлаштирилган.

Кимлар 2022 йилда мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозимлиги ва бунга қандай тайёргарлик кўриш ҳақида қуйидаги материалда батафсил ўқинг: