Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.07.2012 й. ПҚ-1788-сон "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.07.2012 й.

N ПҚ-1788




МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИНИ МУНОСИБ

ТАРЗДА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


Эл-юртимиз учун асрлар давомида эзгулик, саховат, меҳр-шафқат, қаноат ва шукроналик рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:


1. 2012 йилда муборак Рамазон ойининг бошланиши 20 июль кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин.

Мазкур тадбирларни ўтказишда муборак Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, мамлакатимизда муқаддас динимизни тиклаш, виждон эркинлигини таъминлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг бой илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг муқаддас қадамжоларини обод этиш борасидаги кенг кўламли ишларимизни тарғиб этиш, ушбу қутлуғ ойда амалга ошириб келинадиган хайрия тадбирлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.


3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.


4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов