Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.03.1995 й. 95-сон "Қишлоқ хўжалигига ишлаб чиқариш-техника хизматни кўрсатиш соҳасида шартномавий муносабатларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.03.1995 й.

N 95



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА ИШЛАБ

ЧИҚАРИШ-ТЕХНИКА ХИЗМАТНИ КЎРСАТИШ

СОҲАСИДА ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаси паркидан оқилона фойдаланиш, уни ишлатиш харажатларини қисқартириш ҳамда қишлоқ хўжалигидаги механизациялашган ишларни бажаришнинг шартномавий шакллари тизимига ўтиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 1995-1999 йиллар мобайнида "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитасининг туман бўлинмалари негизида ерларни тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов бериш ва ҳосилни йиғиб-териб олишга доир механизациялашган ишларни хўжаликлар билан шартномалар бўйича бажарувчи машина-трактор паркларини 1, 2-иловаларга* мувофиқ ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

"Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитасига, хўжаликлардан кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан, машина ва механизмларни ижарага олиш юзасидан улар билан шартномалар тузишига рухсат этилсин.


2. "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўздеҳқончиликсаноатбанк" ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

машина-трактор паркларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тўғрисида вақтинчалик низом;

бажарилган механизация ишлари учун хўжаликларнинг ҳисоб-китоб қилишлари тартиби.


3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгиланган тартибда ҳар йили, машина-трактор парклари ташкил этилишига қараб, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитасига шартномаларда назарда тутилган ҳажмларда дала ишларини бажариш учун ёнилғи-мойлаш материалларига лимитлар берсин.


4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси 1995 йил якунлари бўйича машина-трактор паркларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатишлари натижаларини умумлаштирсинлар ва уларни такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                     И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.