Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.10.1997 й. 474-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 11 октябрдаги

474-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт

ва статистика вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ижтимоий-иқтисодий ва статистика соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қуйидагилар Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг аниқ йўналишлари, йўллари ва услубларини белгилаш, республика иқтисодиётини бошқаришнинг бозор механизмларини таъминлаш;

макроиқтисодий ва моддий балансларни, миллий ҳисоблар тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларини ва прогноз вариант ҳисоб-китобларини ишлаб чиқиш;

Молия вазирлиги билан биргаликда тўлов, молия ва ташқи савдо балансларини шакллантириш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

иқтисодиётнинг реал секторида энг мақбул суръатлар ва пропорцияларни, минерал ва ҳом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ва жаҳон хўжалик алоқаларига интеграциялашни таъминловчи инвестиция дастурларини тайёрлаш ҳамда уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

иқтисодиёт, маданиятнинг ривожланишини, халқ турмуш даражаси ва фаровонлиги юксалишини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг замонавий индикатив, таҳлилий ва статистик услублари ҳамда воситаларини ривожлантириш ва чуқурлаштириш.


2. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги қуйидаги функцияларни бажаради:

а) ижтимоий-иқтисодий ривожланишни прогнозлаш ва иқтисодиётни бошқариш соҳасида:

давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати, иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ишлаб чиқилиши ва асосланишини ташкил этади, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, республика иқтисодиётини бошқаришнинг бозор механизмларини таъминлашнинг йўллари ва услубларини белгилайди;

иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг ишлаб чиқилган принциплари ва устуворликларини амалга ошириш механизмларини белгилайди ҳамда асослайди, миллий ҳисоблар тизимига асосланган эконометрик моделлардан фойдаланган ҳолда тегишли давр учун Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг макроиқтисодий баланслари ва дастурларининг прогноз вариантлари ишлаб чиқилишини ташкил этади;

халқаро ҳамжамияг билан алоқаларни мустаҳкамлашни ҳамда республиканинг барқарор ривожлантиришни таъминлашга оид халқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи ижтимоий, иқтисодий ва экологик устуворликларни интеграциялаш асосида барқарор ривожлантиришнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқади. Бу масалаларда вазирликлар ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;

таркибий ўзгартиришларга оид давлат сиёсатини асослайди, мақбул суръатлар ва пропорцияларни, минерал ва хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланишни, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишини ҳамда жаҳон хўжалиги алоқаларига интеграциялашувини таъминловчи индустриал ва аграр сиёсатни амалга оширишнинг, коммуникация воситалари ва мамлакат экспорт имкониятларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва йўлларини белгилайди, ишлаб чиқаришни ривожлантиришни paғбатлантириш бўйича таклифлар, ишчанликни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмини тайёрлайди, шунингдек, корхоналарнинг ночорлиги (банкротлиги) билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишда қатнашади;

давлат инвестиция сиёсати ҳамда инвестициявий фаолликни paғбaтлантириш чора-тадбирлари, ишлаб чиқилишини, инвестициялар бозори ўрганилиши танлаб олинишини ва рўёбга чиқарилишини ҳамда марказлашган капитал қўйилмалар ва чет эл инвестицияларидан фойдаланилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан назоратни ташкил этади, иқтисодиётнинг реал секторида ўзгартиришларга доир давлат сиёсати мақсад ва вазифалари изчиллик билан амалга оширилишини таъминловчи инвестиция дастурларини тайёрлайди ва уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради, муҳим ва йирик инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, маблағ билан таъминлаш чет эл сармояси иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг йиғма экспертизасини ўтказади;

белгиланган тартибда давлат инвестиция дастурини шакллантиради ва қурилишларнинг тегишли аниқ рўйхатларини келишиб олади;

молия, пул-кредит, валюта ва нарх сиёсатининг умумий йўналишлари, маҳсулотлар, товарлар ва хизматларга нархлар ва тарифларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашда, тўлов, молия ва ташқи савдо балансларини шакллантириш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилишда;

халқаро иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги иқтисодий сиёсат, ташқи иқтисодий алоқаларни тартибга солиш механизмларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик қилиш ҳамда қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда;

Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий ташкилотларда иштироки билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича республиканинг позициясини шакллантириш ва амалга оширишда;

чет эл инвестицияларини жалб этиш ва республика субъектлари инвестицияларини хорижда жойлаштириш, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари билан инвестиция соҳасида ҳамкорлик қилишга доир давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширилишини таъминлашда ва халқаро инвестиция ҳамкорлиги соҳасидаги таклифларни экспертиза қилишда иштирок этади;

давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг айрим моддаларини, шу жумладан, ижтимоий соҳа, мудофаа, хавфсизлик тизими ҳамда халқ хўжалигининг айрим устувор тармоқларини бюджетдан молиявий таъминлашнинг иқтисодий асосланишини таъминлайди;

республика иқтисодиётининг аҳволи тўғрисида йиллик ва чораклик докладлар тайёрлайди, уни ривожлантиришдаги диспропорцияларни аниқлайди ҳамда уларни тузатиш йўлларини белгилайди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан қабул қилинган иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга доир қарорларнинг бажарилишини назорат қилади;

товар бозорларида тўлов қобилиятига эга бўлган эҳтиёж ва талабни ўрганишни ташкил этади ҳамда энг муҳим маҳсулот турларига эҳтиёж ва талабларнинг истиқболдаги моддий балансларини ишлаб чиқади, мамлакатнинг ресурс базасини прогнозлаштиради, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ресурсларни асрашнинг иқтисодий механизмига доир таклифлар тайёрлайди;

давлат мудофаа буюртмаси, мамлакат иқтисодиёти сафарбарлиги режасини белгиланган тартибда шакллантиради ва унинг бажарилишини назорат қилади ;

хорижий мамлакатлар билан ҳарбий-иқтисодий ҳамкорликни амалга оширишда, ҳарбий техника ва бошқа ҳарбий мулкларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқишда, сафарбарлик қувватларини ташкил этиш ва сақлашда иштирок этади;

алоҳида даврда ва фавқулодда ҳолатларда иқтисодиётни бошқариш принципларини ишлаб чиқади, мамлакатнинг сафарбарлик тайёргарлигини ташкилий ва услубий таъминлашни амалга оширади, давлат моддий захираси тизимини ривожлантиришда, фуқapo муҳофазаси бўйича тадбирларни бажаришни таъминлашда қатнашади;

маблағ билан таъминлашнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобидан давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар (ишлар ва хизматларни бажариш) етказиб бериш ҳажмлари ва тузилмасини, мамлакат мудофаа ва хавфсизлиги эҳтиёжлари учун моддий-техник ресурсларнинг энг муҳим турларини давлат томонидан бронлаштириш, давлат моддий захираси ва Ўзбекистон Ҳукумати захираси ҳам шунга киради, белгиланган тартибда шакллантиради ҳамда уларни амалга ошириш ишларини ташкил этади;

минтақавий иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозининг минтақавий аспектини, ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш ҳамда иқтисодиётнинг ҳудудий тузилмасини такомиллаштириш стратегиясини ишлаб чиқади;

давлатнинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг даромадлари ва эҳтиёжлари соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

давлат экология сиёсатини шакллантириш ва унинг амалга оширилиши ҳамда Ўзбекистоннинг экология хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда қатнашади.

б) статистика соҳасида:

давлат статистика сиёсатини ишлаб чиқади ва унинг амалга оширилишини таъминлайди ва ягона илмий услубиёт асосида республика статистика ахборот тизимининг фаолият кўрсатишини ташкил этади, иқтисодий ва ижтимоий ахборотнинг ошкоралиги ва барчага тушунарли бўлишини изчил кенгайтириш, уни жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг энг муҳим омилига айлантириш ишларини олиб боради;

миллий ҳисоблар ҳамда давлатнинг якуний иқтисодий балансларини ишлаб чиқади ҳамда уларга талабларни ҳисобга олиб республика статистика тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, уни иқтисодиёт, маданиятнинг ривожлантириш, халқнинг турмуш даражаси ва фаровонлиги ошишини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг индикатив, таҳлилий ҳамда статистик услуб ва асбобларини таъмин этувчи халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлаштиришни амалга оширади;

статистика ахборотларини тўплаш, қайта ишлаш, йиғиш, сақлаш ва узатишнинг ягона технологик тизимини ва дастурий таъминланишини мунтазам такомиллаштириб боради, ҳисоблаш марказлари ҳамда давлат статистика тизимининг бошқа ташкилотлари тармоғи фаолиятини мувофиқлаштиради;

республикани ҳар томонлама тавсиф этувчи статистика кўрсаткичларининг ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда рўй бераётган жараёнларнинг ишончлилиги, объективлиги, тезкорлиги, барқарорлиги, комплекслилиги ва тизимлилигини таъминлайди;

хорижий давлатларнинг статистик хизматлари ва халқаро статистика ташкилотлари билан статистика ахборотларининг электрон айирбошланишини ташкил этади ҳамда тегишли ахборот банкларини жорий этади;

республика ҳудудида умумий услубий асосда ижтимоий-иқтисодий ахборотларнинг ягона маконини шакллантиради ва қўллаб-қувватлайди;

республика ҳудудида жойлашган барча хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат регистри ва иқтисодий-статистика классификаторлари тизимини юритишни амалга оширади;

иқтисодиёт фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича давлатлараро ва минтақалараро статистик қиёслашни олиб боради;

республика, унинг минтақалари ва халқ хўжалиги тармоқларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа норматив ҳужжатлар бажарилишини ташкил этади ва уларнинг боришини статистик кузатишни амалга оширади;

қуйидагиларни статистик кузатишни амалга оширади ва улар тўғрисида умумлаштирилган ахборот тайёрлайди:

такрор ишлаб чиқариш жараёнлари, давлат, корхоналар ва халқ хўжалиги тармоқларининг молиявий аҳволи, пул муомаласи ва кредит тизими, нархлар динамикаси ва инфляция даражаси;

иқтисодий ислоҳотлар, институционал ўзгартиришлар, бозор муносабатлари ва бозор инфратузилмаси шаклланишининг бориши;

меҳнат бозорлари, инвестиция ва истеъмол товарлари ҳамда хизматлари конъюнктураси, товар захиралари ва бутун иқтисодий конъюнктура динамикаси;

демографик жараёнлар, меҳнат ресурслари ва тузилмаси, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда унинг шароитлари, ишсизлик ҳамда иш билан банд бўлмаган аҳоли даражаси;

ижтимоий гуруҳлар ва даромадлилик гуруҳлари бўйича аҳоли турмушининг моддий таъминланганлик даражаси, кун кечириш минимуми, турар-жой шароитлари, coғлиқни сақлаш, таълим, маданият, ҳуқуқ-тартибот ва экологик аҳвол;

иқтисодиёт секторлари ва тармоқлари, уларнинг илмий-техник потенциали фаолияти динамикаси;

давлатнинг ташқи иқтисодий фаолияти ва савдо баланси;

долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича услубий базани яратади, тематик ёзишмалар, ценз тадқиқотлари, мониторингни ташкил этади ва юритади;

келгуси даврдаги статистик ишларнинг давлат дастури (давлат буюртмаси) ни шакллантиради ва унинг бажарилишини таъминлайди;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қopaқaлпoғиcтон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор органлар билан биргаликда республика ҳудудида жойлашган барча хўжалик юритувчи субъектларни (статистик манбаларни) давлат статистика органларида марказлаштирилган давлат статистик ҳисоботи бланкалари (шакллари) ҳамда уларни тўлғазиш бўйича йўриқномалар билан таъминлаш ишларини ташкил этади;

статистика ишлари режасига мувофиқ республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларини белгиланган тартибда уларнинг фаолият йўналишларига ҳамда ахборот эҳтиёжларига тегишли бўлган статистик ахборот билан таъминлайди.


4. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни тақдим этади:

келгуси давр учун макроиқтисодий кўрсаткичлар ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнози;

хом ашё, материаллар, тайёр маҳсулот ва озиқ-овқат товарларининг энг муҳим турлари бўйича моддий баланслар;

давлат захирасини шакллантириш, мамлакатнинг сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаро мудофааси бўйича тадбирлар;

давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот харид қилиш ҳажмлари ва тузилмаси;

келгуси давр учун инвестиция дастури;

келгуси йил учун статистика ишлари давлат дастури (статистика ишларини амалга оширишга давлат буюртмаси);

Ўзбекистон иқтисодиётининг аҳволи ҳақида йиллик ва ҳар чораклик докладлар;

мамлакатнинг алоҳида тармоқлари, минтақалари ва аҳолининг ҳаётий таъминланганлигини ривожлантириш масалалари; ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги ҳукуматлараро шартномалар ва битимлар лойиҳалари, марказлаштирилган валюта ресурсларидан фойдаланиш, ҳукумат кафолати билан олинадиган чет эл кредитларини товарлар билан қоплаш; иқтисодиётда пул муомаласини тартибга солиш, пул ҳисоб-китоблари аҳволини яхшилаш, қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш ҳамда акциядорлик сармояларининг ҳаракатланиши; хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш, рақобатни ривожлантириш ҳамда давлат мулкини бошқаришнинг асосий йўналишлари ва услубиёти; иқтисодий ислоҳотни таъминлашни меъёрий-ҳуқуқий такомиллаштириш; бозор инфратузилмасини ҳамда бозор иқтисодиётининг янги шаклларини ривожлантириш ҳамда Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ваколатига кирувчи бошқа масалалар бўйича иқтисодий асосланган хулосалар.


5. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа Ўзбекистон давлат ижроия ҳокимияти органлари ва минтақалар ижроия ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


6. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига унга юкланган функцияларни амалга ошириши учун қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

республика иқтисодиёт органлари, вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, компаниялар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий бошқарув органларининг республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни прогнозлаштириш, унинг ҳисобини юритиш, истиқболларини белгилаш ва иқтисодиётни бошқариш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

ижро этувчи ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан унинг ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материалларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколати доирасида ижро этувчи ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив ҳужжатлар чиқариш. Зарур бўлганда қарорлар Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан бошқа ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ёки улар билан келишилган ҳолда қабул қилинади;

ўзининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича услубий материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Ҳукумати топшириғига кўра унинг ваколатига кирувчи масалалар юзасидан, халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш, чет мамлакатлар давлатлари, савдо-иқтисодий иттифоқлар билан савдо-иқтисодий битимларни тайёрлаш ва имзолашда, халқаро иқтисодий, молиявий ва статистика ташкилотлари ишида хорижий давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг Ўзбекистон бўйича қисмида қатнашиш;

Вазирликка ажратиладиган мaблaғлap доирасида илмий тадқиқотларга, макроиқтисодиёт ва статистика соҳасидаги энг муҳим илмий ишлар рўйхатларини белгилаш, унинг ваколатига кирувчи масалаларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасалари, тармоқ фанлар академиялари, бошқа илмий-тадқиқот муассасалари, корхоналар, айрим олимлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, ушбу мақсадларга Фан ва техника давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси орқали бюджетдан йўналтириладиган молиявий ресурсларнинг тақсимланишида қатнашиш;

барча вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар ҳамда кимга бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилотлар, маҳаллий бошқарув органлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ягона статистик стандартлар, классификациялар, услубиётлар асосида статистика ва ҳисоб масалалари бўйича йўриқномалар вa шаклларни тасдиқлаш;

вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, Қopaқaлпoғиcтoн Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан республика халқ хўжалигини сафарбарликка тайёрлаш бўйича тадбирларнинг бажарилишини назорат қилишни амалга ошириш, саноат, транспорт ҳамда бошқа моддий ишлаб чиқариш тармоқларининг йирик объектларини жойлаштириш лойиҳаларини уларнинг алоҳида даврда иқтисодиётнинг фаолият кўрсатиши барқарорлиги талабларига мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказиш ҳамда ушбу масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

вазирликлар, идоралар, шу жумладан молиявий, банк, божхона ва бошқа идора ҳамда хизматлардан, маҳаллий бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, кимга бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа юридик шахслар, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролардан бепул асосда давлат статистика ҳисоботи, барча ҳисоб-статистика ишлари бўйича зарур маълумот ва материалларни белгиланган ҳажмларда ва муддатларда олиш;

ўзининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича бошқа ижро этувчи ҳокимият органлари, ва йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда белгиланган тартибда кенгашлар чақириш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий бошқарув органлари, корхоналар, ташкилотлар, кимга бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа юридик шахслар томонидан статистика ва ҳисоб масалаларига оид қонуний ва норматив ҳужжатларнинг бажарилишини назорат қилишни амалга ошириш;

вазирликлар, идораларда, кимга бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳисоботнинг ишончлилиги ҳамда бошланғич ҳисобнинг аҳволини текшириш;

бузилиш ҳоллари аниқланган тақдирда тегишли юридик ва жисмоний шахсларга бошланғич ҳисоб, бухгалтерлик баланси ва бошқа ўзаро боғлиқ ҳужжатларга тузатишлар киритиш масъулиятини юклаш, давлат статистик ҳисоботини олдиндан била туриб бузиш ҳоллари аниқланган тақдирда эса айбдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган интизомий, моддий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш чораларини қўллаш тўғрисида илтимос қилиш;

қонунда назарда тутилган тартибда ва халқаро ҳуқуқий нормаларга мувофиқ бошқа давлатлар статистика идоралари билан статистика услубиёти ва амалиётини такомиллаштириш, иқтисодий демография, ижтимоий, экология соҳаларида статистика ахборотларини электрон қайта ишлашнинг янги технологияларидан фойдаланиш масалаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартномалар тузиш.


7. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш статистикаси ва прогнозлаштирилишининг илмий даражасини ошириш, услубларини такомиллаштириш ҳамда ташкил этишни яхшилаш учун жавоб беради.

Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида ўзига юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш борасида барча зарур чоралари кўришга ҳуқуқлидир.


8. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари марказий иқтисодиёт органлари, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ижро этиши учун мажбурий ҳисобланади.


9. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ амалга оширилади.

Макроиқтисодиёт ва статистика вазири вазирликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва унинг томонидан ўз функцияларининг амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради, марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларининг вазирлик фаолиятининг айрим йўналишларига раҳбарлик қилиши учун шахсий жавобгарлик даражасини белгилайди.

Макроиқтисодиёт ва статистика вазири вазирнинг икки нафар биринчи ўринбосари, тўрт нафар вазир ўринбосари  департамент бошлиқларига эга бўлади. Вазирнинг биринчи ўринбосарлари хизмат мақомига кўра вазирларга, вазир ўринбосарлари (департамент бошлиқлари) вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

Макроиқтисодиёт ва статистика вазири вазирлик марказий аппарати бўлинмалари ва идорага қарашли ташкилотларнинг бажариши учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ҳамда кўрсатмалар беради, шунингдек вазирлик ваколати доирасида қабул қилинадиган республика ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этиш учун мажбурий бўлган қарорларни тасдиқлайди.


10. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигида шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган 11 кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат мунтазам ўтказиб туриладиган ўз мажлисларида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни, иқтисодий ислоҳотларнинг аниқ йўналишлари ва уларни чуқурлаштириш услублари, иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини шакллантириш, унинг балансланиши ва кўп укладли шаклланишини таъминлаш, бозор инфратузилмасини ривожлантириш йўлларини белгиловчи йирик халқ хўжалиги муаммоларини, шунингдек, прогнозлаштириш услубиёти ва уни ташкил этишни яхшилаш, статистика ҳисоби ва ҳисоботини такомиллаштириш, миллий ҳисоблар тизимини жорий этиш, вазирлик аппарати ишини ташкил этиш даражасини ошириш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқади.

Ҳайъат қарорлари Макроиқтисодиёт ва статистика вазири буйруғи билан ҳаётга татбиқ этилади.


11. Вазир ўринбосарлари бошқарадиган Департаментлар, шунингдек, бўлимлар Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади.

Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги бўлим бошлиқлари вазир қарори билан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.


12. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги унинг ҳузурида бўлган қуйидагиларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади:

Макроиқтисодиёт ва ижтимоий тадқиқотлар институти;

Республика товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш маркази;

Бозор муносабатлари ўқув-консалтинг маркази;

қтисод ва ҳисоботи" ("Экономика и статистика") журнал и таҳририяти.

Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва статистика вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва статистика бош бошқармалари, шунингдек республика шаҳарлари ва туманларидаги иқтисодиёт ва статистика бўлимлари тегишли равишда Қopaқaлпoғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига қарашли бўлади.

Уларнинг фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштиришни Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги амалга оширади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва статистика бош бошқармаларининг раҳбарларини, шунингдек, улар таркибига кирувчи статистика бошқармалари раҳбарларини тайинлаш вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги томонидан амалга оширилади, туман ва шаҳар иқтисодиёт ва статистика бўлимлари раҳбарларини тайинлаш эса, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари тавсиясига кўра тегишли равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва статистика бош бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Туманлар ва шаҳарлар статистика ва ҳисоблаш ишлари марказларининг раҳбарлари лавозимга Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва статистика вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва статистика бош бошқармалари статистика бошқармалари бошлиқларининг тавсияларига кўра Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги Давлат статистик департаменти томонидан тайинланадилар.

Туманлар (шаҳарлар) статистика ва ҳисоблаш ишлари марказлари Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва статистика вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва статистика бош бошқармаларига тўғридан-тўғри бўйсунадилар.

Иқтисодиёт ва статистика ҳудудий органларига қуйидагилар юкланади:

минтақаларда бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга оид тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ҳудудий балансларни, минтақаларни комплекс ривожлантириш, табиий peсурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга оид таклифларни тайёрлаш;

аҳолини иш билан таъминлаш асосида унинг турмуш даражасини ошириш истеъмол бозорини товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантиришнинг йўналишларини ва аниқ йўлларини белгилаш;

халқаро меъёрлар ва стандартларга жавоб берувчи статистик ахборотларни тўплаш ва қайта ишлаш услубларини жорий этиш, минтақанинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида рўй бераётган жараёнларнинг статистик ҳисоби ва таҳлилининг тўлиқлиги ва тезкорлигини таъминлаш.


13. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги марказий aппaрати тузилмаси ва ходимлари сони Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Макроиқтисодиёт ва статистика вазири Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

Вазирлик марказий аппаратининг ходимлари рўйхати ва унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низом Макроиқтисодиёт ва статистика вазири томонидан тасдиқланади.


14. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.