Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.04.2000 й. 159-сон "Тошкент вилояти агросаноат комплексини ривожлантириш борасида Италиянинг "Фата групп" компанияси билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.04.2000 й.

N 159



ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ АГРОСАНОАТ

КОМПЛЕКСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

БОРАСИДА ИТАЛИЯНИНГ "ФАТА ГРУПП"

КОМПАНИЯСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК

ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янги технологиялар жорий этиш йўли билан пухта қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқаришлар ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти агросаноат комплексини ривожлантириш борасида Италиянинг "Фата групп" компанияси билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар:

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги "Агросаноаттехника" уюшмаси билан Италиянинг "Фата групп" компанияси ўртасида қурилмалар, асбоб-ускуналар етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш юзасидан қиймати 48,154 млн. АҚШ доллари бўлган Бош контракт имзоланганлиги;

Бош контракт доирасида "Агросаноаттехника" уюшмаси, Тошкент вилоятининг аниқ хўжалик юритувчи субъекти ва "Фата групп" компанияси томонидан имзоланадиган Бош контрактга қўшимчалар ишлаб чиқилиши;

Бош контрактга қўшимчаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қуввати мутаносиблаштирилган янги технологияларни етказиб бериш, шунингдек идишлар ва бошқа ёрдамчи материаллар ишлаб чиқариш назарда тутилиши;

Тошкент вилояти агросаноат комплексини ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг дастлабки босқичида иловага мувофиқ умумий қиймати 8,54 млн. АҚШ доллари бўлган якка тартибдаги лойиҳалар амалга оширилиши;

"Фата групп" компанияси хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Бош контрактни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг камида 35 фоизини экспорт қилишга кўмаклашиш мажбуриятини олганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Белгилаб қўйилсинки, Бош контрактга қўшимчаларни якка тартибдаги лойиҳалар бўйича маблағ билан таъминлаш тасдиқланган техник-иқтисодий асослашлар асосида қуйидаги схема бўйича амалга оширилади:

қийматининг 85 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг хорижий банклар кредитлари ҳисобига қайта молияланадиган маблағлари ҳисобига;

қийматининг 15 фоизи - Бош контракт амалга оширилишида қатнашувчи хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари ёхуд жалб қилинган маблағлари ҳисобига;

кредитлар ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз маблағлари ҳисобига қайтарилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги техник-иқтисодий асослашлар тасдиқланишига, маблағ билан таъминлаш манбалари аниқланиши ва кредитлар қайтарилиши кафолатланишига қараб якка тартибдаги лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кафолати остида амалга ошириладиган Республика инвестиция лойиҳаларининг аниқ дастурига киритсин.


5. Тошкент вилояти ҳокимлиги:

Италиянинг "Фата групп" компанияси билан биргаликда имзоланган Бош контракт доирасида вилоят агросаноат комплексини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи замонавий технология билан жиҳозлашга доир янги инвестиция лойиҳалари юзасидан таклифларни 2000 йил II чораги мобайнида ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан биргаликда Бош контрактга қўшимчалар бўйича аванс тўловларининг 15 фоизини тўлаш учун лизинг компаниялари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаларининг молиявий ресурсларини жалб қилиш масаласини ишлаб чиқсин.


6. Бош контрактга қўшимчаларни кредитлашда қатнашувчи хорижий банклар ва суғурта агентликлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлардан ундириладиган даромад солиғи тўлашдан озод қилинсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки белгиланган тартибда:

Италиянинг "САЧЕ" компанияси суғурта қопламаси остида хорижий банклар билан кредит битимлари тузсин ва жалб қилинган кредит маблағларини Бош контрактни амалга оширишда қатнашувчи хўжалик юритувчи субъектларга қайта молияласин;

Бош контрактга алоҳида қўшимчалар юзасидан бевосита хўжалик юритувчи субъектлар билан кредит битимлари тузсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Бош контрактга қўшимчалар асосида амалга ошириладиган якка тартибдаги лойиҳалар бўйича қурилмалар, асбоб-ускуналар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишга доир контрактларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Агросаноаттехника" уюшмасининг буюртманомаларига биноан Бош контракт доирасида республика корхоналарида ишлаш учун келаётган хорижий мутахассисларга белгиланган тартибда кўп марталик визалар расмийлаштирилишини таъминласин, уларни консуллик йиғимлари тўлашдан озод қилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги "Агросаноаттехника" уюшмасининг буюртманомаларига биноан Бош контракт доирасида республика корхоналарида ишлаш учун келадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар беришни ва уларнинг муддатларини узайтиришни, шунингдек уларни давлат пошлиналари тўлашдан озод қилган ҳолда, яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни ва вақтиичалик рўйхатдан ўтказиш муддатларини узайтиришни белгиланган тартибда таъминласин.


11. Бош контракт доирасида республика корхоналарида ишлашга жалб қилинаётган хорижий мутахассисларга республика ҳудудида яшаши ва транспортнинг барча турларида юриши учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган тарифлар бўйича ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                  И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 24 апрелдаги

159-сон қарорига

ИЛОВА



Тошкент вилояти хўжаликларининг Италиянинг "Фата групп"

компанияси билан ҳамкорлигининг дастлабки босқичида

амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини

саноат йўли билан қайта ишлаш бўйича якка

тартибдаги лойиҳалар

РЎЙХАТИ

Лойиҳанинг номи


Лойиҳанинг қиймати (млн. АҚШ доллари)


Хўжалик юритувчи субъект


Мева пюреси, мева ва помидор шарбатлари ишлаб чиқариш ҳамда уларни идишларга жойлаштириш


3,135

"Қибрай" ширкат хўжалиги, Қибрай тумани

Вино ишлаб чиқариш ва уларни идишларга қуйиш


2,27

"Заркент" ширкат хўжалиги, Паркент тумани

Мева пюреси, мева ва помидор шарбатлари ишлаб чиқариш ҳамда уларни идишларга жойлаштириш


3,135

Отажонов номидаги агрофирма, Қуйи Чирчиқ тумани

Жами:


8,54