Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидент жисмоний шахсларга пулли хизматлар кўрсатиш Тартиби (ЎзР ВМ 24.03.2000 й. 103-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 24 мартдаги

103-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидент

жисмоний шахсларга пулли хизматлар кўрсатиш

ТАРТИБИ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Ушбу Тартиб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг норезидент жисмоний шахсларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 24 мартдаги 103-сон қарорига 1-иловада назарда тутилган пулли хизматлар кўрсатиш шартларини белгилайди.


1.2. Ушбу Тартибда жисмоний шахслар - хорижий фуқаролар, шу жумладан МДҲ қатнашчиси бўлган давлатлар фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаши учун белгиланган тартибда берилган рухсатномага эга бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатдан ўтмаган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси норезидентлари деб эътироф этилади.


1.3. Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ва резидентлари бўлмаган жисмоний шахслар пулли хизматлар олиш учун мурожаат қилишганда улар ўз шахсини, фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатларни, шунингдек рўйхатдан ўтган жойини тасдиқловчи ҳужжатларни (миллий паспорт, ҳарбий билет ёки шахсини тасдиқловчи гувоҳнома - ҳарбий хизматчилар учун, яшаши учун рухсатнома, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини) тақдим этишга мажбурдирлар.



2. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДАГИ

НОРЕЗИДЕНТ ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

ХИЗМАТЛАР ҲАҚИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


2.1. Ўзбекистон Республикаси норезидент жисмоний шахсларига кўрсатиладиган пулли хизматлар учун тарифлар ушбу хизматларни кўрсатувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва тармоқ меъёрий ҳужжатлари асосида, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов санасидаги расмий курси бўйича эркин алмаштириладиган валютага айлантириб ҳисоблаган ҳолда белгиланади.


2.2. Норезидент жисмоний шахсларга пулли хизматлар кўрсатувчи корхона, ташкилот ва муассасалар Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида, "Асака" банкида ва "Ўзсаноатқурилишбанк"да, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида олдиндан давлат рўйхатидан ўтмасдан, белгиланган тартибда махсус валюта ҳисоб рақамлари очишлари мумкин.

Савдо экспорт-импорт операциялари амалга оширилган тақдирда, корхона, ташкилот ва муассасалар ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтадилар.


2.3. Кўрсатилган хизматлар ҳақи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан юқорида қайд этилган банклар бўлимлари орқали, пулли хизматлар кўрсатувчи корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан ёзиб бериладиган счёт-шартномалар асосида тўланади. Тўлов нақд эркин алмаштириладиган валютада, норезидент жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ваколатли банкларида ёки чет эл банкларида очилган валюта ҳисоб рақамларидан маблағ ўтказган ҳолда, шунингдек дебет-кредит пластик карточкаларидан фойдаланиб амалга оширилиши мумкин.

2.4. Счёт-шартномалар уч нусхада ёзилади, корхона, ташкилот, муассаса раҳбари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади. Унинг бир нусхаси корхона, ташкилот, муассаса бухгалтериясида қолади, иккинчи нусхаси тўлаш учун банкка топширилади, учинчиси тўловчида қолади.

2.5. Счёт-шартномада қуйидагилар кўрсатилади:

счёт-шартнома санаси ва тартиб рақами;

норезидент жисмоний шахсга пулли хизмат кўрсатувчи корхона, ташкилот, муассасанинг номи;

кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш учун корхона, ташкилот, муассасанинг махсус валюта ҳисоб рақами очилган банк номи ва ушбу ҳисоб рақами;

сўм бўйича ҳисоб рақами очилган банкнинг номи ва ҳисоб-китоб (бюджетдан ташқари) рақами;

норезидент жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва унинг фуқаролиги;

кўрсатиладиган хизматлар тури;

кўрсатиладиган хизматларнинг ҳар бир тури бўйича сўмдаги тариф.


2.6. Тўлов тақдим этилган счёт-шартномага мувофиқ эркин алмаштириладиган валютада қабул қилинганда банк норезидентларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган шакл бўйича хизматлар учун тўлов эркин алмаштириладиган валютада қабул қилинганлиги тўғрисида банк маълумотномаси беради, унда корхона, ташкилот, муассаса номи, счёт-шартнома тартиб рақами, махсус валюта ҳисоб рақами, сўм ва эркин алмаштириладиган валютадаги тўловлар санаси ва миқдори, Марказий банкнинг тўлов санасидаги расмий курси кўрсатилади. Маълумотнома уч нусхада берилади, биттаси мижозда қолади, иккинчиси хизмат кўрсатган корхона, ташкилот, муассаса бухгалтериясига топширилади, учинчиси банкда қолади.

Банк счёт-шартномаларнинг ва маълумотноманинг ўзидаги мавжуд нусхаларини солиқ ва молия органларининг талабига кўра танишиш учун тақдим этишга мажбурдир.


2.7. Махсус валюта ҳисоб рақамларига ўтказилган тушумнинг 50 фоизи Марказий банкка мажбурий равишда сотилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш ҳисобига корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан олинган валюта тушумини мажбурий сотиш банклар томонидан мустақил равишда амалга оширилади. Мажбурий сотиш, сўмдаги ва валюта маблағларини корхоналар ва ташкилотларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш билан боғлиқ барча операциялар банклар томонидан 3 банк куни мобайнида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси норезидентларига пулли хизматлар кўрсатувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, валюта тушумининг бир қисми мажбурий сотилгандан кейин, ўзларининг махсус валюта ҳисоб рақамларига ўтказиладиган эркин алмаштириладиган валютани мустақил равишда тасарруф этадилар.


2.8. Эркин алмаштириладиган валютада норезидентларга кўрсатиладиган хизматлар миқдори ўзгарган тақдирда, томонлар мижоз билан хизматлар кўрсатувчи корхона, ташкилот, муассаса ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар тўғрисида далолатнома тузадилар. Бунда, тўланган сумманинг бир қисмини қайтариш зарур бўлган тақдирда, маблағлар далолатнома бўйича хизмат кўрсатувчи банк орқали тўланган сумма миқдорида, бироқ корхона, ташкилот, муассаса маблағлари ҳисобига кўрсатилган хизматлар учун эмас, белгиланган тартибда эркин алмаштириладиган валютада бевосита хизматлар учун ҳақ тўлаган шахсга қайтарилади.


2.9. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ валюта маблағлари тушуми ҳисобини юритишлари шарт. Мижозларга бериладиган счёт-шартномалар ва ўзаро ҳисоб-китоблар тўғрисидаги далолатномаларнинг иккинчи нусхалари корхона, ташкилот, муассаса бухгалтериясида қолади ва белгиланган тартибда сақланади.



3. НОРЕЗИДЕНТ ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

АВИАЦИЯ ХИЗМАТЛАРИГА ВА У БИЛАН БОҒЛИҚ

ХИЗМАТЛАРГА ҲАҚ ТЎЛАШ ТАРТИБИ

ХУСУСИЯТЛАРИ


3.1. Авиакорхоналар, шу жумладан хорижий ваколатхоналар Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган жисмоний шахсларга авиация хизматларини ва у билан боғлиқ хизматлар кўрсатишни мустақил равишда ёки ўз агентлари орқали:

нақд шаклда - олинган эркин алмаштириладиган валютани белгиланган тартибда ваколатли банкка ҳар куни мажбурий равишда инкассация қилган ҳолда махсус кассалар орқали;

норезидент жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ваколатли банкларида ёки хорижий банкларда очилган валюта ҳисоб рақамларидан маблағ ўтказиш йўли билан, шунингдек дебет-кредит пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширадилар.


3.2. Резидент авиакорхоналар ва уларнинг агентлари ташиш участкасининг жўнаш ва бориш жойлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисида бўлган ҳолларда хорижий авиакомпания томонидан амалга ошириладиган авиаташишларни сотишда авиаташишларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахсларга ҳам эркин алмаштириладиган валютада сотишга ҳақлидирлар.

Бу ҳолда резидент авиакорхона томонидан олинган воситачилик ҳақи суммаси валюта тушумининг 50 фоизи мажбурий сотилиши керак.


3.3. Хизматлар кўрсатишга тарифлар авиакорхоналар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, меъёрий ҳужжатларига, тармоқ нормативларига, хорижий давлатларнинг авиакорхоналари томонидан эса - ўз мамлакатлари қонунчилигига ва Халқаро Битимларга мувофиқ мустақил равишда шакллантирилади.


3.4. Валюта маблағлари ҳаракати бўйича ҳисоб ва ҳисобот Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, меъёрий ҳужжатларига, шунингдек Халқаро Битимларга мувофиқ амалга оширилади.



4. ЖАВОБГАРЛИК ВА НАЗОРАТ


4.1. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарлари мазкур Тартиб талабларига риоя этилиши, кўрсатилаётган хизматлар сифати, кўрсатилаётган хизматлар учун ҳақ ундиришнинг тўғрилиги учун шахсан жавоб берадилар.


4.2. Мазкур Тартиб талабларини бузганлик учун корхона, ташкилот ва муассасага амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарималар солинади, уларнинг раҳбарлари ва мансабдор шахслари эса қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиладилар.


4.3. Кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тарифлар даражаси, шунингдек лицензиялаштириш шартларига риоя қилиниши устидан назорат амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.


4.4. Ваколатли банклар корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан кўрсатилган хизматлар учун олинган валюта тушумининг бир қисми мажбурий сотилиши бўйича ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қиладилар.


4.5. Мазкур Тартибнинг қоидаларига риоя қилиниши, норезидент жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар учун олинган валюта тушумининг тўлиқ ва тўғри ўтказилишини назорат қилиш солиқ органлари, шунингдек бюджетдан маблағ билан таъминланадиган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар бўйича - молия органлари томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2000 й., 3-сон, 15-модда