Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фонди тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.061995 й. 236-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 26 июндаги

236-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасининг музей

бойликлари фонди тўғрисида

НИЗОМ


Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фонди тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республика музейлари фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1994 йил 23 декабрдаги 618-сон қарорига асосан ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фонди тўғрисидаги Низом фондни ташкил этиш ва қўриқлаш тартибини, унинг таркибини ва музей бойликларидан Ўзбекистон Республикаси манфаатлари йўлида фойдаланиш тартибини белгилаб беради.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондига, қайси идорага бўйсунишларидан қатъи назар, мамлакатимиз ҳудудидаги барча давлат музейларида, жамоатчилик асосида ташкил этилган музейларда, давлат, жамоа хўжалиги, турли кооперативлар ва бошқа хўжалик юритиш туридаги муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар ҳузуридаги музейларда сақланаётган, ўзбек халқи ва бошқа халқларнинг тарихи ва маданиятини ўзида акс эттирган, тарихий, илмий, бадиий, маданий аҳамиятга эга бўлган барча музей бойликлари киради.

Музейларда сақланаётган ҳужжатли ёдгорликлар айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат архиви фонди таркибига киради, уларни йиғиш, рўйхатга олиш, асл ҳолида сақлашни таъминлаш ва улардан фойдаланишда архив фонди ҳақидаги давлат қонунлари ва архив идоралари томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилинади. Ҳужжатли ёдгорликларни рўйхатга олишни ва асл ҳолида сақлашни таъминламаётган музейлардан бундай ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош архив бошқармасининг қарори билан йиғиб олинади.

Хусусий коллекцияларда ҳамда шундай коллекциялар асосида ташкил этилган хусусий музейларда сақланаётган катта тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган нодир буюмлар ва ҳужжатлар давлат музейлари ва архивлари томонидан назорат қилиниши ва уларни хусусий мулк эгаларидан сотиб олишга ҳаракат қилиш, агар нодир ёдгорликларнинг сақланишида жиддий хавф туғилаётган бўлса, уларни музейлар ва архивларда вақтинчалик сақлашга топшириш тўғрисида хусусий мулк эгаси билан келишувга эришиш керак.


1.2. Ўзбекистон Республикасида музей бойликларини сақлаш ва улардан фойдаланишни бошқариш ва назорат этиш давлат томонидан Маданият ишлари вазирлигига, унинг таркибига кирувчи муассаса ва ташкилотларга топширилган.


1.3. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фонди, аввало, мамлакатимиз ҳудудидаги барча музей бойликларини аниқлаш ва асраб авайлаш, уларни рўйхатга олиш ишини марказлаштириш, компьютерлаштириш, буюмларни йиғиш ва улардан фуқароларни, ёш авлодни тарихимизга ҳурмат, ватанимизга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишида тўғри фойдаланиш мақсадида ташкил этилади.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МУЗЕЙ БОЙЛИКЛАРИ ФОНДИ ТАРКИБИ


2.1. Ўзбекистон Рсспубликаси музей бойликлари фонди таркибига қуйидаги ёдгорликлар киради:

- музейларда сақланаётган жаҳон халқлари тарихининг турли даврларини, улкан тарихий воқеаларни, давлатимиз ва жамиятимиз ривожланиш босқичлари тарихини ўзида акс эттирган коллекциялар ёки алоҳида буюмлар;

- халқимиз маданий-маиший турмуш шароитларининг турли босқичларини ўзида акс эттирган уй-рўзғор буюмлари;

- улуғ давлат арбоблари, саркардалар ва қаҳрамонлар, сиёсатчилар, уломолар, фан ва маданият арбобларининг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бўлган барча ёдгорлик буюмлари;

- фан ва техниканинг ривожланиш босқичларини ўзида акс эттирган ҳужжатлар, модел-макетлар ва бошқа буюмлар;

- археологик қазилмалар чоғида топилган коллекциялар ва алоҳида буюмлар;

- ҳайкалтарошлик, рангтасвир, халқ амалий санъати, мусиқа ва театр санъати тарихини ўзида акс эттирган ёдгорликлар;

- табиат тарихи ҳақидаги геологик, палеонтологик, минерал ва табиий фанларга оид бошқа коллекциялар ҳамда алоҳида буюмлар;

- ижоднинг барча соҳасига тегишли бўлган қўлёзмалар, қўлёзма ва тошбосма китоблар, нодир ва қимматбаҳо нашрлар;

- тарихий, илмий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган бошқа буюмлар.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МУЗЕЙ

БОЙЛИКЛАРИ ФОНДИ ТАШКИЛОТЛАРИ


3.1. Маданият ишлари вазирлиги тизимидаги музейлар ва музей-қўриқхоналар:

- Ўзбекистон Республикаси бадиий фондига қарашли бўлган кўргазма ва бадиий-безаш ташкилотлари;

- бошқа вазирлик ва идораларга қарашли бўлган музейлар;

- турли муассаса, ташкилот ва корхоналар ҳамда хусусий бўлмаган кооператив ва жамоат ташкилотларининг музейлари Ўзбекистон Республикаси музей бойликлари фондининг асосий сақловчилари бўлиб ҳисобланадилар.


3.2. Жамоатчилик асосида ташкил этилган музейларда сақланаётган ёдгорликлар бирор давлат музейида рўйхатга олиш билан музей бойликлари фонди таркибига киритилади.

Давлат музейлари ўзларига бириктирилган жамоатчилик музейидаги бойликларни рўйхатга олиш, сақлаш ишларини назорат қилиб туришлари, музей тугатилганда ундаги ёдгорликларни ўз захирахоналарига қабул қилиб олишлари лозим.


3.3. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондини турли йўналишлар бўйича бойитиб бориш, ундаги буюмларни рўйхатга олиш, сақлаш, таъмирлаш, илмий жиҳатдан текшириш ва бошқа тарзда фойдаланиш тартиби Маданият ишлари вазирлиги ишлаб чиққан йўриқнома ва бошқа қоидалар асосида амалга оширилади. Бу йўриқнома ва қоидалар, қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, мамлакат ҳудудидаги барча музейлар учун асосий қўлланма бўлиб ҳисобланади.


3.4. Тарих ва маданият ёдгорликларини Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондига киритиш масалаларини ҳал этиш ва бу бойликларни соҳаси бўйича турли музейларга бўлиб бериш мақсадида:

- Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ҳузурида Давлат экспертиза комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларида эса маслаҳат бериш ваколатига эга бўлган экспертиза кенгашлари ташкил этилади;

- давлат музейларида, бошқа вазирлик ва идораларнинг музейларида Маданият ишлари вазирлиги тасдиқлаган Низом асосида фонд ишлари ва сотиб олиш комиссияси тузилади.


3.5. Музейда сақланаётган буюмларни бошқа музейга, муассасага, ташкилотга ўтказиш учун Маданият ишлари вазирлигининг ёки шу музейга эгалик қилувчи вазирлик ва идора раҳбариятининг ёзма рухсати бўлиши шарт. Бунда буюмларни бераётган музейнинг розилиги бўлиши керак.


3.6. Ўзбекистон Республикасидаги барча вазирлик ва идоралар мамлакатдаги фан-техника тараққиётини музейларда акс эттириш учун ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар намуналарини музейларга белгиланган тартибда бепул беришлари керак.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МУЗЕЙ

БОЙЛИКЛАРИ ФОНДИНИ БОЙИТИШ МАНБАЛАРИ


4.1. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондини бойитиш манбалари:

- Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, ьуманлар ва шаҳарлар маданият бошқармалари, корхоналар, идора ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига музей аҳамиятига молик нарсаларни сотиб олиш;

- музейнинг хусусий маблағига, шунингдек музейнинг шу мақсадлар учун ажратилган маблағлари ҳисобига музей учун аҳамиятга молик бўлган нарсаларни сотиб олиш;

- судлар ёки давлат томонидан вакил қилинган бошқа ташкилотларнинг қарорлари ҳамда белгилашлари ва ҳукмлари асосида мусодара қилинган мол-мулк таркибида бўлган коллекциялар ёки алоҳида нарсалар, шунингдек ворислик бўйича давлат ҳисобига ўтган мулк таркибида бўлган қаровсиз қолган буюмлар;

- археологик қазилмалар, илмий экспедициялар натижасида топилган, шунингдек топилган хазиналардаги илмий ёки тарихий-бадиий қийматга эга бўлган буюмлар ёки нарсалар йиғиндиси.



V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МУЗЕЙ

БОЙЛИКЛАРИ ФОНДИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


5.1. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондидаги тарихий ва маданий ёдгорликлардан фан ва маданиятни, ватанпарварлик, ғоявий-маънавий камолот ва эстетик тарбияни ривожлантириш мақсадида фойдаланилади.

Тарихий ва маданий ёдгорликлардан фойдаланиш музей ва кўргазма тармоқлари орқали таъминланади.

Музей ўз соҳасига кўра нарсаларни тўплаш ва ҳисоб-китоб қилиш билан шуғулланади, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондидаги доимо фойдаланишда бўлган тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаш, ўрганиш ҳамда тарғиб қилишни таъминлайди.

Музейлар белгиланган тартибда каталоглар, илмий ишлар тўпламларини, музей фонди бўйича алоҳида монографиялар ва қўлланмаларни, шунингдек ахборотларни, манфаатдор ташкилотларнинг илмий маслаҳатларини, музей амалиётига ва коллекцияга оид турли масалалар бўйича ташкилотлар, корхоналар ва алоҳида қизиққан шахсларнинг илмий маслаҳатларини тайёрлайдилар, нашр эттирадилар ва тарқатадилар.


5.2. Музей директори ёки бош сақловчининг ёзма рухсати билан Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондидаги ёдгорликлардан буюмларнинг ҳажмини ва ўзини сақлаган ҳолда илмий-тадқиқот, кўргазма, маданий-маърифий ва матбаа мақсадларида фойдаланилади. Музей биносини (хоналарини), агар улар музей ёдгорликларини сақлаш шарт-шароитларига жавоб берадиган бўлса, бошқа биноларга кўчириш, шунингдек бинолардан (хоналардан) бошқа мақсадда қисман ёки бутунлай фойдаланиш тақиқланади.


5.3. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондига кирувчи тарих ва маданият ёдгорликларини мамлакатдан ташқарига олиб чиқиш амалдаги қонунга мувофиқ тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигининг еблгиланган тартибдаги рухсатномаси бўлган ҳоллардагина бунга йўл қўйилиши мумкин. Бунда музейнинг тегишли эксперт комиссиялари албатта иштирок этишлари шарт.


5.4. Халқаро маданий тажриба алмашишни ривожлантириш мақсадида белгиланган тартибда тарих ва маданият ёдгорликларини мамлакатдан ташқарига вақтинча олиб чиқишга рухсат берилади. Бунда ташқарига олиб чиқилаётган ёдгорликлар рўйхати белгиланган тартибда расмийлаштирилиши керак.



VI. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МУЗЕЙ

БОЙЛИКЛАРИ ФОНДИГА КИРУВЧИ ТАРИХ ВА

МАДАНИЯТ ЁДГОРЛИКЛАРИНИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИГА ОЛИШ


6.1. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондини ташкил этувчи тарих ва маданият ёдгорликлари албатта давлат ҳисобида туриши керак.

Музей бойликларини аниқлаш, ўрганиш, илмий, бадиий ва тарихий аҳамиятини белгилаш ҳамда ҳужжатлаштириш мақсадида улар давлат рўйхатидан ўтказилади.



VII. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МУЗЕЙ

БОЙЛИКЛАРИ ФОНДИ ЁДГОРЛИКЛАРИНИНГ

САҚЛАНИШИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


7.1. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондининг мавжуд ёдгорликларни сақлаш, улардан фойдаланиш, рўйхатга олиш ва таъмирлаш қоидаларини бажармасликда айбланган, шунингдек ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги қонунларнинг бошқача тартибда бузилишига йўл қўйган шахслар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жиноий, маъмурий ва бошқа хилдаги жавобгарликка тортиладилар.


7.2. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондидаги ёдгорликларга зиён етказган корхоналар, идоралар, ташкилотлар ва фуқаролар уларни таъмирлаб беришлари керак. Агар таъмирлашнинг иложи бўлмаса қонунчиликка мувофиқ етказилган зарарни тўлашлари лозим. Таъмирлаш ишлари музей фондидаги тарих ва маданият ёдгорликларини таъмирлашнинг белгиланган тартибига мувофиқ олиб борилади.


7.3. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондидаги ёдгорликларни таъмирлаш учун Маданият ишлари вазирлиги ва йирик музейлар ҳузурида белгиланган тартибда хўжалик ҳисобида ишловчи таъмирлаш устахоналари ташкил этилади.


7.4. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондидаги ёдгорликларни консервациялаш ва таъмирлаш фақат давлат маданият муассасалари рухсати ва уларнинг назорати остида олиб борилади.


7.5. Ўзбекистон Республикасининг музей бойликлари фондидаги ёдгорликларни таъмирлаш ва консервациялаш ишларини олиб бориш тартиби ва қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги белгилайди.