Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.05.1992 й. ПФ-411-сон "Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

28.05.1992 й.

N ПФ-411

ЎЗБЕКИСТОН ҚИЗИЛ ЯРИМ

ОЙ ЖАМИЯТИ ТЎҒРИСИДА

Инсонпарварлик, раҳм-шафқат ва беғараз ёрдам бериш, халқ анъаналарини намоён этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда Қизил Хоч ва Қизил ярим ой ҳаракатининг мақсад ва қоидаларини рўёбга чиқаришда жумҳурият жамоатчилигининг иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида:


1. Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой халқаро ҳаракатининг бир қисми сифатида Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг ваколатларини белгилаб берган 1949 йил 12 августдаги Женева конвецияларини ҳамда 1977 йил 26 сентябрдаги 11 қўшимча протоколларини тан олиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг муҳокамасига қўйилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти республиканинг бутун ҳудудида иш кўради ва инсонпарварлик ёрдами бериш соҳасида давлатга ҳамда унинг соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш идораларига ихтиёрий равишда кўмаклашади. Давлат Қизил Ярим ой жамиятининг ҳуқуқ ва ваколатларига риоя этилишини кафолатлайди ҳамда Низомда кўрсатилган фаолиятни амалга оширишда унга ёрдам беради.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари, идоралар, бирлашмалар корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари Қизил Ярим ой жамиятининг инсонпарварлик фаолиятида уни бутун чоралар билан қўллаб-қувватласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қизил Ярим ой жамияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши муҳокамасига:

- "Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига биноан солиқ олинадиган манбадан истисно қилинадиган Қизил Ярим ой жамиятининг хайрия бадаллари ва бошқа хайр- эҳсонлар миқдорини чеклашни бекор қилиш тўғрисидаги;

- Қизил Ярим ой жамиятини ҳамда у таъсис этган ташкилотлар ва корхоналар бюджетга тўланадиган барча солиқ маблағларидан Низомдаги асосий вазифаларни бажарилиши учун тўлиқ фойдаланиш шарти билан уларни ана шу солиқлардан озод қилиш ҳақидаги таклифларни тақдим этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қизил Ярим ой жамияти маблағ тўплаш юзасидан хайрия тадбирларини ўтказиш тартибини ишлаб чиқариш, шунингдек жамият фаолиятини кучайтириш ҳамда унинг Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой миллий жамиятлари халқаро федерациясига аъзо бўлиб кириши билан боғлиқ масалаларни ҳал этсин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1992 й., 7-сон, 278-модда