Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Енгил саноат корхоналарини қуриш, қайта ихтисослаштириш ва замонавийлаштириш бўйича таклифларни "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.01.2005 й. 38-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 27 январдаги

38-сон қарорига

3-ИЛОВА



Енгил саноат корхоналарини қуриш,

қайта ихтисослаштириш ва замонавийлаштириш

бўйича таклифларни "Ўзбекенгилсаноат"

давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги

Эксперт кенгаши томонидан кўриб

чиқиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ва "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компаниясининг "Пахта толасини комплекс қайта ишлайдиган корхоналарни қуриш, қайта ихтисослаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2004 йил 3 сентябрдаги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 8 сентябрда 1403-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган).


2. Мазкур Низом пахта толасини комплекс қайта ишлайдиган корхоналарни қуриш, қайта ихтисослаштириш ва замонавийлаштиришга доир таклифларни кўриб чиқиш ва улар бўйича "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги эксперт кенгаши томонидан хулоса бериш тартибини белгилайди. Шунингдек, мазкур Тартиб енгил саноатнинг бошқа тармоқлари (тикув-трикотаж, чинни ва бошқалар) корхоналарини қуриш, қайта ихтисослаштириш ва замонавийлаштириш, ишлаб турган бошқа корхоналарини қайта жиҳозлаш ва замонавийлаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқишда қўлланилади.


3. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича ҳисоблаб чиқилган қурилиш қиймати 25 млн. АҚШ долларидан ортиқ миқдорга тенг бўлган, шунингдек молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси номидан ва (ёки) кафолати остида жалб этилган кредитлар ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларга татбиқ этилмайди.



II. ХУЛОСА ОЛИШ УЧУН

АРИЗА БЕРИШ ТАРТИБИ


4. Пахта толасини комплекс қайта ишлаш бўйича мулкчиликнинг ҳар қандай шаклидаги корхонани қуриш, қайта ихтисослаштириш ва замонавийлаштириш бўйича лойиҳа ташаббускори (кейинги ўринларда Ариза берувчи деб юритилади) потенциал инвестор билан лойиҳа шартларини ишлаб чиқади ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асослашларини мустақил ишлаб чиқади ёхуд консалтинг компаниясини жалб этади.

Техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 2 декабрдаги 538-сон қарори билан тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Ариза берувчи томонидан ёки жалб этилган компания томонидан амалга оширилади.


5. Техник-иқтисодий асослаш тайёрлангандан кейин Ариза берувчи "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Эксперт кенгашининг кўриб чиқиши учун ёзма ариза тақдим этади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

объектнинг танланган муҳандислик таъминоти, технологиялар, молиялаштириш манбалари, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажаришга дастлабки смета, маҳсулотни сотиш учун менежмент ва маркетинг харажатлари кўрсатилган ҳолда лойиҳанинг техник- иқтисодий асосланиши;

асбоб-ускуналар етказиб бериш шартлари, унинг қиймати, асбоб-ускуналарнинг маркаси, техник тавсифлари, ишлаб чиқарилган йили кўрсатилган технология асбоб-ускуналари етказиб бериш юзасидан контрактлар лойиҳалари;

ишлаб чиқариш режалаштирилаётган маҳсулотларни сотиш учун фьючерс контрактлари лойиҳалари (мўлжал баённомалари).

Хулоса бериш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилиги учун Ариза берувчи жавоб беради.


6. Тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.


7. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Эксперт кенгашининг хулосасида қуйидаги параметрлар бўйича баҳолар акс эттирилиши керак:

тармоқда замонавий технологиялардан фойдаланиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати ва уларнинг турларини кенгайтириш;

таклиф этилаётган технология жараёни асбоб-ускуналари тизимининг комплектлилиги;

лойиҳанинг мавжуд корхоналар билан тармоқ ичидаги ўзаро алоқаси;

лойиҳа қиймат тавсифларининг мувофиқлиги;

хом ашё ва тайёр маҳсулотни сотиш бозорларини ўрганиш.

Ариза берувчи зарурат бўлганда объектни эксперт баҳолаш учун "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Эксперт кенгаши аъзоларининг объектга киришини таъминлаши зарур.



III. ХУЛОСА ОЛИШ УЧУН АРИЗАЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ


8. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Эксперт кенгаши икки ҳафта мобайнида аризани эксперт баҳолайди. Зарурат бўлганда "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси тегишли хулоса олиш учун ваколатли консалтинг компаниясини жалб этади.


9. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компаниясининг Инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш бош бошқармаси (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб юритилади) Эксперт кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

Эксперт кенгашнинг хулосасини олиш учун тушган аризалар кўриб чиқиш ва Эксперт кенгашнинг қарорини тайёрлаш учун Бош бошқармага юборилади.


10. Бош бошқарма бир кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб, тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини ва мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқлигини аниқлайди.

Ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда ва мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ тақдим этилган тақдирда, Кенгаш раиси билан келишган ҳолда Эксперт кенгаш мажлисини ўтказиш санаси белгиланади (ариза олингандан кейин 9 кун мобайнида). Эксперт кенгаш аъзоларига мажлис ўтказиш санаси тўғрисидаги ахборот, ариза ва тегишли хулосани тайёрлаш учун унга илова қилинган ҳужжатлар юборилади.

Ваколатли консалтинг компаниясининг хулосаси зарур бўлганда Ариза берувчи иштирокида икки кун муддатда мажлис ўтказилади ва консалтинг компанияси белгиланади. Жалб этилган консалтинг компанияси томонидан бажарилган ишга ҳақ тўлаш Ариза берувчи ва консалтинг компанияси ўртасида тузиладиган алоҳида шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Ариза билан ҳужжатлар мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган тақдирда, Бош бошқарма уч кун муддатда Ариза берувчига сабабларини кўрсатган ҳолда ариза кўриб чиқиш учун Эксперт кенгаш томонидан қабул қилинмаганлиги тўғрисида ёзма шаклда маълум қилади.

Ариза берувчи кўрсатиб ўтилган барча камчиликлар бартараф этилгандан кейин такроран ариза беришга ҳақлидир. Такроран тақдим этилган ариза белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


11. Эксперт кенгаш аъзолари тақдим этилган ҳужжатлар асосида, мажлис ўтказиладиган кунгача, қуйидаги жиҳатлар бўйича уларнинг фаолиятига тегишли бўлган ёзма хулосани тайёрлайди:

тармоқда замонавий технологиялардан фойдаланиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати ва уларнинг турларини кенгайтириш;

таклиф этилаётган технология жараёни асбоб-ускуналари тизимининг комплектлилиги;

лойиҳанинг мавжуд корхоналар билан тармоқ ичидаги ўзаро алоқаси;

лойиҳа қиймат тавсифларининг мувофиқлиги;

хом ашё ва тайёр маҳсулотни сотиш бозорларини ўрганиш.


12. Эксперт кенгаш мажлиси белгиланган муддатда ўтказилади ва мажлис баённомаси билан расмийлаштирилади. Мажлисда Кенгаш раиси раислик қилади, у бўлмаган тақдирда  Кенгаш раисининг ўринбосари, шунингдек унинг вазифаларини вақтинча бажарувчи шахс раислик қилади.

Эксперт кенгаш мажлиси унинг аъзоларининг 75 фоизи қатнашган тақдирда ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади. Кворум таъминланмаган тақдирда, мажлис 1 кунга кечиктирилади. Мажлис давомида кенгаш аъзоларининг фаолиятига тегишли жиҳатлар бўйича уларнинг хулосалари ўрганилади ва тегишли қарор чиқарилади.

Баённомада ўтказилган мажлиснинг жойи ва вақти, кун тартиби, Кенгаш раиси, котиб, қатнашган кенгаш аъзолари, ариза берувчи, унинг томонидан таклиф этилаётган лойиҳа тўғрисидаги ахборот, лойиҳа бўйича кенгаш аъзоларининг хулосаси ва Эксперт кенгаш қарори кўрсатилади.


13. Эксперт кенгаш таклиф этилаётган лойиҳани ва тақдим этилган ҳужжатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганиб чиқиб:

кредит ресурслари жалб этилмайдиган лойиҳалар бўйича  аризани Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида;

Ҳукумат кафолатисиз кредитлар жалб этилган лойиҳалар бўйича  аризани, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги учун хулоса тайёрланган ҳолда, молиялаштирувчи (корхонанинг асосий ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатувчи) тижорат банкига экспертизадан ўтказиш учун юбориш тўғрисида;

ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган, шунингдек уларда хатолар, ишончсиз ахборот ва бошқа камчиликлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш учун Ариза берувчига қайтариб берилиши тўғрисида қарор қабул қилади.


14. Лойиҳа бўйича Эксперт кенгаш аъзоларининг тегишли хулосалари асосида хулоса тасдиқланади ва аризани кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига, Иқтисодиёт вазирлигига ёки экспертизадан ўтказиш учун мазкур идоралар томонидан вакил қилинган молиялаштирувчи тижорат банкига юбориш тўғрисида қарор қабул қилинади. Умумлаштирилган хулосада мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган талаблар акс эттирилиши керак.

Эксперт кенгаш аъзолари хулосаларнинг ўз фаолиятига тегишли қисми ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланадилар.


15. Тасдиқланган хулоса илова қилинадиган ариза ва бошқа ҳужжатлар билан биргаликда бир кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига, Иқтисодиёт вазирлигига ёки экспертизадан ўтказиш учун ушбу идоралар томонидан вакил қилинган молиялаштирувчи тижорат банкига юборилади.


16. Камчиликлар бартараф этилгандан кейин такроран тақдим этилган аризалар бир ҳафта муддатда кўриб чиқилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ёки ваколатли молиялаштирувчи тижорат банки томонидан Ариза берувчига ва Эксперт кенгашга қайтарилган ҳужжатлар бўйича экспертиза ўн кун муддатда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 5-6-сон, 33-модда.