Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.02.2004 й. 54-сон "Алкоголли ва тамаки маҳсулотларига акциз маркаларининг янги намуналарини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.02.2004 й.

N 54



АЛКОГОЛЛИ ВА ТАМАКИ

МАҲСУЛОТЛАРИГА АКЦИЗ МАРКАЛАРИНИНГ

ЯНГИ НАМУНАЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб келиш ва ишлаб чиқаришнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чораларга қарамай, республика ҳудудида маркаланмаган ёки қалбаки акциз маркалари билан маркаланган, контрабанда йўли билан олиб келинган сифатсиз маҳсулотларни сотиш ҳоллари давом этмоқда.

Акциз маркаларидаги ҳимоянинг амалдаги даражаси уларни қалбакилаштириш ва нусха олиш ҳолларига тўлиқ барҳам бериш имконини бермаяпти, натижада бозорда қалбаки маркалар тез-тез учрамоқда.

Акциз маркаларини қалбакилаштириш, сифатсиз ва сохталаштирилган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний олиб келиш ва сотиш ҳолларининг олдини олиш, шунингдек бюджетга даромадлар тўлиқ тушишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси томонидан "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси билан биргаликда ҳимоянинг қўшимча даражаларини жорий этиш, шу жумладан голографик чизиқ тушириш йўли билан алкоголли ва тамаки маҳсулотларига ёпиштириладиган акциз маркаларининг ҳимояланиш даражаси кучайтирилишини таъминлайдиган ва уларни қалбакилаштириш ҳолларини истисно этадиган янги дизайни ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Олиб келинаётган ва ишлаб чиқарилаётган алкоголли ва тамаки маҳсулотларига 2004 йил 15 февралдан бошлаб янги намунадаги акциз маркалари жорий этилсин.

Илгари амалда бўлган акциз маркалари билан маркаланган алкоголли ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2004 йил 15 августдан бошлаб сотиш тақиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси бир ҳафта муддатда Алкоголли ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси:

икки кун муддатда алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларни акциз маркаларининг янги намуналари жорий этилганлигидан хабардор қилсинлар;

ишлаб чиқарувчи корхоналар ва импорт қилувчиларнинг акциз маркаларининг янги намуналарини тайёрлаш учун буюртмалари "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасига ўз вақтида берилишини таъминласинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р. Азимов ва М. Усмонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 5-сон, 54-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., N 2, 9-модда.