Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарилаётганда мол-мулк солиғи ставкасини қўллаш тартиби тўғрисида тушунтириш (МВ ва ДСҚ томонидан тасдиқланган тушунтириш)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ N ТД/04-03-04/271 |
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ N 13/2-3785 |
11.06.2002 й. |
Экспорт маҳсулоти ишлаб чиқарилаётганда
мол-мулк солиғи ставкасини қўллаш
тартиби тўғрисида тушунтириш
Мол-мулк солиғи ҳисоб-китобларининг таҳлили шуни кўрсатадики, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қиладиган айрим корхоналар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2002 йил 22 январдаги 25 ва 2002-13-сон қарори билан тасдиқланган Юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 18-бандига ҳавола бериб, экспорт маҳсулотининг салмоғи 15 дан 25 фоизга қадар бўлганида мол-мулк солиғининг ставкасини 0,6 фоиз тарзида қўллаяптилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги 490-сон қарорига (14-илова) мувофиқ, эркин алмаштириладиган валютага ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар) экспортининг улуши 15 дан 25 фоизга қадарни ташкил этадиган экспортчи корхоналар учун мол-мулк солиғининг ставкаси 30 фоизга камайтирилади. Ушбу қоида юқорида кўрсатилган Йўриқноманинг 10-бандида акс эттирилган.
Шу муносабат билан экспорт маҳсулотининг улуши 15 дан 25 фоизга қадар бўлганида мол-мулк солиғи 1,4 фоиз ставкаси бўйича, яъни 30%га пасайтирилган ставка бўйича тўланади.
Молия вазирининг
ўринбосари Т.ЖЎРАЕВ
Давлат солиқ қўмитаси
раисининг биринчи ўринбосари Э.ГАДОЕВ