Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.08.2014 й. 235-сон "Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.08.2014 й.

N 235


ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИН МАЙДОНЛАРИНИНГ

НОРМАТИВ ҚИЙМАТИНИ АНИҚЛАШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 22 октябрдаги ПФ-4478-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига деҳқон бозорларида сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий турларининг ўртача йиллик нархлари, туманлар бўйича пахта хом ашёси ва бошоқли экинлар дони ўртача харид нархлари, шунингдек товар ишлаб чиқарувчилар бўйича асосий қишлоқ хўжалиги экинлари экилган майдонлар тўғрисида 2014 йилги маълумотлар 2015 йил 1 апрелгача (кейинчалик - ҳар йили ўтган йил учун) тақдим этилишини таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги туманлар бўйича юзага келган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий турларини етиштиришнинг ўртача фойда нормаси тўғрисидаги 2014 йилги маълумотлар аниқланишини ва 2015 йил 1 апрелгача (кейинчалик - ҳар йили ўтган йил учун) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига тақдим этилишини таъминласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси 2015 йил 1 июнгача ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқласин.


5. Белгилаб қўйилсинки, тасдиқланган Низомга мувофиқ аниқланган қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқариш 2016 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ягона ер солиғи бўйича солиқ солинадиган база тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги устидан назоратни таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш бўйича ишлар Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида белгиланган тартибда молиялаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 25 август, 34-сон, 434-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 8-сон, 89-модда