Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикасида шаҳар йўловчи ташиш транспортини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР ВМ 26.11.1999 й. 513-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 26 ноябрдаги

513 -сон қарорига

1-ИЛОВА



2000-2005 йилларда Ўзбекистон

Республикасида шаҳар йўловчи ташиш

транспортини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Бозор муносабатларига ўтишда шаҳар йўловчи ташиш транспортининг роли ва аҳамиятининг ошиши саноат ва аҳолининг шаҳарларга тўпланиши жараёнларининг кучайиши, янги саноат марказларининг шаклланиши, шаҳарлар инфратузилмасини комплекс ривожлантиришни, аҳолининг жамоат транспортидан кенг фойдаланишини таъминлаш зарурияти билан белгиланади.


1.2. Ушбу Концепция шаҳар йўловчи ташиш транспортининг иқтисодий жиҳатдан фойдали ва экология жиҳатидан тоза турларини комплекс ривожлантириш, аҳолини транспорт хизматлари билан таъминлаш сифатини ошириш, йўловчилар ташиш хавфсизлигини кучайтириш, транспортнинг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш, ушбу соҳада бозор муносабатларини кенг ривожлантириш асосида республика аҳолисига транспорт хизматини кўрсатишни такомиллаштириш йўналишларини асосланган ҳолда белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.


1.3. Концепция қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган:

мамлакат шаҳар йўловчи ташиш транспортининг замонавий халқаро талабларга ва аҳолининг ўсиб бораётган турмуш даражасига мувофиқ бўлган тизимини босқичма-босқич шакллантириш;

йўловчилар ташиш соҳасида бозор муносабатларини, транспорт воситаларига мулкчиликнинг нодавлат шаклларини ривожлантириш;

транспорт хизматлари бозорида рақобат муҳитини шакллантириш;

умумий фойдаланишдаги шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқаришнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш;

шаҳар йўловчи ташиш транспорти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, фойдаланиш харажатларини камайтиришни таъминлайдиган молиявий механизмларни жорий этиш;

шаҳар йўловчи ташиш соҳасига инвестицияларни, шу жумладан чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

шаҳар жамоат транспортининг ҳаракатдаги турларини янгилаш ва замонавийлаштириш;

шаҳар йўловчи ташиш транспорти инфратузилмасини, энг аввало, тузатиш базасини ривожлантириш даражасини ошириш, уни ҳаракатдаги таркибга хизмат кўрсатиш ва уни тузатишнинг янги техника воситалари ва технологиялари билан таъминлаш;

шаҳар йўловчи ташиш транспорти тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш;

шаҳар йўловчи ташиш транспорти соҳасида хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи, унинг барқарор ишлаши ва ривожланишини таъминловчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш.


1.4. Кўрсатиб ўтилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда Концепцияда 2005 йилгача бўлган даврда шаҳар йўловчи ташиш транспортини ривожлантиришнинг, мулкчилик муносабатларини янада ислоҳ қилиш ва транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида рақобат муҳитини шакллантиришнинг, шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш тузилмаси ва тизимини такомиллаштиришнинг, унинг техникавий даражасини ошириш ва молиявий аҳволини мустаҳкамлашнинг, ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ҳамда кадрлар тайёрлашнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган.


1.5. Концепция Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ҳукумат қарорларига, мамлакатнинг бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек шаҳар йўловчи ташиш транспорти ҳозирги аҳволининг таҳлили натижаларига, илмий ва прогноз ишланмаларига асосланади.


1.6. Қуйидагилар Концепциянинг бошланғич услубий тамойиллари бўлди:

минтақалар бўйича шаҳар аҳолисининг прогноз қилинаётган сони;

республика ва унинг минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўртача яқин истиқболга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари;

аҳолини жойлаштириш схемаларини ва шаҳарсозлик схемаларини шакллантириш йўналишлари;

шаҳарсозлик меъёрлари тизими.



II. ШАҲАР ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ ТРАНСПОРТИНИНГ

МАМЛАКАТ ТРАНСПОРТ ТИЗИМИДАГИ РОЛИ

ВА ЎРНИ


2.1. Ўзбекистоннинг ягона транспорт тизимида йўловчилар ташиш умумий ҳажмининг 59 фоизи шаҳар йўловчи ташиш транспорти улушига тўғри келади.

Ўзбекистонда шаҳар йўловчи ташиш транспортининг барча турлари ишламоқда. Шаҳар йўловчи ташиш транспорти тузилмасида жамоат транспорти - автобуслар, трамвайлар, троллейбуслар ва метро устувор аҳамиятга эга (1-илова).

Шаҳар йўловчи ташиш транспорти шохобчаларининг умумий узунлиги 8046,2 километрни, шу жумладан автобус йўналишлари - 6982,2, трамвайларники - 267,0, троллейбусларники - 767,5 ва метрополитен линиялари - 29,5 километрни ташкил қилади.

Жамоат транспорти томонидан бажарилаётган шаҳар йўловчи ташувлари умумий ҳажмидан 40,0 фоизи "Ўзавтотранс" корпорацияси, 1,6 фоизи Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва 58,4 фоизи "Тошшаҳарйўловчитранс" уюшмаси корхоналари улушига тўғри келади.


2.2. Шу билан бирга, аҳолининг шаҳарларда йўловчи ташувларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаяпти. Ҳаракатдаги транспортлар ортиқча сиғим билан ишлаяпти. Сиғимдан фойдаланиш коэффициенти 1990 йилдагига нисбатан фақат Тошкент шаҳрининг ўзидагина шаҳар автобуслари бўйича 0,512 дан 1,013 гача, метро вагонлари бўйича 1,34 дан 1,49 гача ортди.

Ҳаракатдаги таркибни янгилаш, йўл қопламаларини, трамвай йўлларини ва туташтириш тармоқларини яхшилаш, ер устида ишлайдиган электр транспортнинг тортувчи ёрдамчи станциялари қувватини кўпайтириш, транспорт корхоналарининг тузатиш базаларини техникавий реконструкция қилиш ва қайта жиҳозлаш зарурияти етилди.

Транспорт хизматлари кўрсатиш бозори, турли ташувчилар ўртасида рақобат муҳити ҳали шакллангани йўқ.



III. ШАҲАР ЙЎЛОВЧИ ТАШИШ ТРАНСПОРТИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ



3.1. 2000-2005 йилларда шаҳар йўловчи ташиш транспортини

ривожлантиришнинг асосий босқичлари


Шаҳар йўловчи ташиш транспортини ривожлантиришнинг ушбу Концепциясини асосан уч босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Яқин истиқбол учун (2000 йил) учун мулкчилик муносабатларини, шаҳар йўловчи ташиш транспорти ҳар хил турлари ишини бошқариш тузилмасини ва тартибга солиб бориш механизмини янада такомиллаштиришга, транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида рақобат муҳитини яратишга устувор аҳамият берилади. Бунинг учун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тегишли пакетини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Ҳаракатдаги транспортлар паркини техника билан қайта жиҳозлаш ва замонавийлаштириш бошлаб юборилади, шаҳар йўловчи ташиш транспортининг ер устида ишлайдиган турларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси тайёрланган. Метрополитеннинг Юнусобод линияси биринчи навбатини фойдаланишга топшириш, вагон тузатиш заводини реконструкция қилишни тугаллаш ва Сирғали троллейбус заводини ишга тушириш назарда тутилмоқда.

Иккинчи босқич (2001-2003 йиллар)да асосий эътибор шаҳар йўловчи ташиш транспортини янгилаш ва замонавийлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга ва амалга оширишга қаратилади. Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Германиянинг KFW банки, Япония транспорт вазирлиги ва "Мерубени Корпорейшн" фирмаси билан ишлар давом эттирилади, ҳаракатдаги транспортлар паркини янгилаш ва тўлдириш учун Чехиянинг ЭГАП кредит линияси ишга солинди. Тошкент метрополитенининг учинчи линияси ва Юнусобод депоси қурилишини тугаллаш, шунингдек метронинг янги "Собир Раҳимов-Сирғали" линиясини барпо этиш лойиҳасини қабул қилиш мўлжалланган.

Трамвай-троллейбус комплекси инфратузилмасини замонавийлаштиришни бошлаш, автобус парклари ва депосининг дастгоҳ ва гараж асбоб-ускуналарини янгилаш, Қарши ва Гулистон шаҳарларида троллейбус линияларини фойдаланишга топшириш назарда тутилмоқда. Тошкент шаҳрининг ер устидаги шаҳар йўловчи ташиш транспортини Автоматлаштирилган бошқариш марказини тажриба тариқасида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Учинчи босқич (2004-2005 йиллар)да шаҳар йўловчи ташиш транспортининг ҳаракатдаги таркиб паркини замонавийлаштириш тугалланади, метрополитеннинг тўртинчи (Собир Раҳимов - Сирғали) линиясини қуриш ишлари бошланади. Қўқон, Термиз, Навоий шаҳарларида троллейбус қатнови ривожлантирилади. Троллейбусларни йиғиш заводи тўла қувват билан ишлай бошлайди. Тошкент шаҳрида ер устида шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва республиканинг йирик шаҳарлари учун ана шундай лойиҳаларни ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Шаҳар йўловчи ташиш жамоат транспортининг барча корхоналарини компьютерлаштириш, уларнинг дастурий ва муҳандислик таъминланиши тугалланади.

Шаҳар йўловчи ташиш транспортини ривожлантиришнинг барча уччала босқичининг амалга оширилиши натижасида 2005 йилда йўловчи ташишлар 30,8 фоизга кўпаяди. Троллейбусда ташувлар устувор даражада ривожланади, бу борадаги ўсиш 2,1 бараварни ташкил қилади. Тошкент метрополитенидаги ташувлар ҳажми 1,4 баравар ортади. Прогнозга кўра ташиладиган йўловчилар сони Тошкент шаҳрида (29,9%), йирик ва ўртача шаҳарларда (18 фоиздан зиёд) энг юқори суръатлар билан кўпаяди. (2-илова).

Транспорт турлари бўйича ташувлар тузилмасида ижобий ўзгаришлар бўлади. 2005 йилда ташиладиган йўловчилар умумий сонининг 32,1 фоизи (ҳозирги вақтда - 26%) йўловчи ташиш транспортининг экология жиҳатдан энг тоза турлари (трамвай, троллейбус ва метро) улушига тўғри келади (3-илова).

Йўналишлар тармоғи янада ривожланади. Унинг узунлигини 2005 йилга бориб 11,5 фоизга, шу жумладан троллейбуслар бўйича - 33,3 фоизга, метрополитен бўйича 40,3 фоизга, автобуслар бўйича - 9,2 фоизга ва трамвайлар бўйича 6,7 фоизга кўпайтириш мўлжалланган (4-илова).

2005 йилда ҳаракатдаги транспорт паркини 37,5 фоизга, шу жумладан микроавтобусларни - 3,3 баравардан зиёдроқ, троллейбусларни - 1,9 баравар, енгил автомобиль таксилари ва метро вагонларини - 1,4 баравар, автобусларни - 20,5 фоизга ва трамвайларни - 22,5 фоизга кўпайтириш мўлжалланмоқда (5-илова). Ҳаракатдаги транспортлар паркини янгилаш, кенгайтириш ва замонавийлаштириш мақсадида 2000-2005 йиллар мобайнида 3460 та автобус ва 660 та троллейбус, 240 та трамвай ва 50 та метро вагонлари сотиб олиш назарда тутилмоқда (6-илова).

2000-2005 йиллар мобайнида 20 та тортиш ёрдамчи станцияларини қуриш ва замонавийлаштириш, 40,5 километр рельс ва 80,4 километр туташтириш тармоқларини тўлиқ тузатиш мўлжалланган.



3.2. Мулкчилик муносабатларини ривожлантириш.

Шаҳар йўловчи ташиш транспорти соҳасида

хусусийлаштириш ва акциялаштириш

чора-тадбирлари


Концепция қоидаларини амалга оширишнинг биринчи босқичидаёқ шаҳар йўловчи ташиш транспорти соҳасида аниқ мулкдорларни шакллантириш кенг чора-тадбирлари комплексини рўёбга чиқариш назарда тутилмоқда.

Шаҳарда йўловчиларни микроавтобуслар ва енгил автомобиль таксиларида ташувларни, қоидага кўра, хусусий транспорт воситалари эгалари ва хусусий корхоналар томонидан амалга ошириш мўлжалланган.

Мунтазам шаҳар йўналишлари бўйича автобусларда ташувларни асосан очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари, хусусий корхоналар ва хусусий транспорт воситалари эгалари томонидан амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Йўналишлар ташувчилар ўртасида тендер асосида тақсимланади.

2005 йилгача бўлган даврда трамвай-троллейбус депоси ва Тошкент метрополитени, шунингдек уларнинг инфратузилмаси корхоналари давлат мулкчилигида қолади.



3.3. Транспорт хизматлари кўрсатишнинг

рақобат бозорини ривожлантириш


Йўловчи ташувлари бозори мулкчиликнинг турли шаклларидаги ташувчилар ўртасида рақобатни ривожлантириш асосида шакллантирилади ва фаолият кўрсатади.

Қуйидагилар транспорт хизматлари кўрсатиш бозорини шакллантириш ва кенгайтиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

соғлом рақобатни ташкил қилиш, монополиячилар фаолияти устидан назоратни кучайтириш;

транспорт хизматлари кўрсатишдан фойдаланувчилар ва транспорт хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш;

мулкчиликнинг барча шаклларидаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли автобусларни умумий фойдаланишдаги йўналишларга қўйиш ҳамда уларнинг ишлаш тартиби ва шартларини белгилаш;

мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналарни белгилаб қўйилган тарифлар бўйича ишлашга танлов асосида жалб этиш;

хусусий ташувчиларнинг шаҳар жамоат транспорти акциядорлик корхоналари билан ўзаро муваффақиятли ишлаши ва ҳамкорлик қилиши учун шарт-шароитлар яратиш;

маркетинг тузилмаларини шакллантириш, транспорт хизматлари кўрсатиш бозори ривожланишининг ҳозирги аҳволини ўрганиш ва уни прогнозлаш;

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташувчиларга нисбатан талабларни кучайтириш;

транспорт ходимларининг касб-ҳунар даражасини назорат қилиш;

транспортнинг техника воситаларига ва транспорт тадбиркорлигига нисбатан миллий талабларни ривожланган хорижий мамлакатларда қабул қилинган талабларга босқичма-босқич мувофиқлаштириш.

Тендер ҳужжатларида мулкчиликнинг турли шаклларидаги ташувчиларга нисбатан ягона талаблар қўйилган ҳолда йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш бўйича тендерлар ана шундай шарт-шароитлар яратишнинг асосий йўлларидан бири бўлиб қолади.

Хусусий транспорт воситаларини ривожлантириш ва уларнинг эгаларини рағбатлантириш учун ҳар бир шаҳарда хусусий йўловчи ташувчилар уюшмалари ташкил этиш мўлжалланмоқда.



3.4. Шаҳар йўловчи ташиш транспортини давлат

томонидан тартибга солиб бориш ва бошқариш

тизимини такомиллаштириш


Шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида, "Шаҳар йўловчи ташиш транспорти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шаҳарлар ҳокимликлари ҳузурида шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органлари ташкил қилиш назарда тутилмоқда.

Тошкент шаҳрида "Тошшаҳарйўловчитранс" давлат уюшмаси шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқаришнинг ягона органи бўлади.

Йўловчи ташийдиган автомобиль ва электр транспортига эга бўлган йирик шаҳарларда ҳамда вилоятлар марказларида шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органлари ташкил қилиш ва уларга "Ўзавтотранс" корпорацияси бирлашмалари ва концернларининг ҳамда Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги корхоналарининг йўловчи ташувчи бир қатор хизматлари штатларини ҳамда иш ҳақи фондини уларга бериш мўлжалланмоқда.

Фақат автомобилда йўловчи ташиш транспортига эга бўлган ўртача ва кичик шаҳарларда жамоат йўловчи ташиш транспорти корхоналарининг жойлашган жойини ва бир-биридан узоқлигини ҳисобга олган ҳолда шунга ўхшаш бошқарув органлари ташкил этиш мўлжаланмоқда. Бунда мазкур бошқарув органи бир вилоятнинг кичик ва ўртача шаҳарлари гуруҳи учун ташкил этилиши мумкинлиги назарда тутилади.

Шаҳар йўловчи ташиш транспорти ҳудудий бошқарув органлари:

йўловчилар оқимини ўрганишга ва унинг асосида транспортнинг ҳар хил турлари учун мақбул йўналиш тармоғини ишлаб чиқишга;

йўналиш ҳужжатларини ишлаб чиқишга ва уларни давлат автомобиль назорати органлари билан келишишга;

ҳар бир йўналишда қатновлар жадвалини белгилашга ва ташувчилар томонидан унга риоя қилиниши устидан назоратни таъминлашга;

йўналишларни, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ташувчилар ўртасида тендер асосида тақсимлашга;

ягона техника сиёсати ўтказишга ва шаҳарда йўловчи ташувчи ҳаракатланадиган таркибга қўйиладиган ягона тартибларга риоя этилишини назорат қилишга;

шаҳар йўловчи ташиш транспорти субъектлари учун ягона чипта тизими жорий қилинишини таъминлашга даъват этилгандир.

Шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органлари, ҳокимлик билан ташувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартнома асосида амалга оширилади. Шаҳар ҳокимлиги шаҳар йўловчи ташиш транспорти бошқарув органлари билан аҳолига транспорт хизмати кўрсатишга шартнома (контракт) тузиши, чекланган тарифларни белгилаши, шунингдек йўловчилар ташишнинг сифатли бажарилиши ва ташувчилар томонидан тасдиқланган тарифларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириши назарда тутилади.

Шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органлари ташувчилар билан ташишларнинг муайян турини бажариш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан шартномалар тузади.

Бошқарув тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари сифатида:

Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан троллейбус деполари ва уларга хизмат кўрсатувчи инфратузилманинг "Ўзавтотранс" корпорацияси ихтиёрига берилиши;

"Ўзавтотранс" давлат-акциядорлик корпорацияси ва "Тошшаҳарйўловчитранс" давлат уюшмаси томонидан транспорт воситаларининг қуввати каттароқ автокорхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан ва кадрлар ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида уларда жамланиши;

Тошкент шаҳар трамвай-троллейбус комплексини метрополитен тажрибаси бўйича ягона корхонага интеграциялаш назарда тутилмоқда. Бу уларга сарфланадиган харажатларни анча қисқартириш имконини беради.

Шаҳар йўловчи ташиш транспорти фаолиятини давлат томонидан бошқаришни транспорт хизматларини шакллантириш ва бу хизматларни кўрсатишга рухсат беришни тартибга солиш, лицензиялаш, меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тариф сиёсатини, солиқ солишни, марказлаштирилган маблағ билан таъминлаш, ягона илмий-техника сиёсати ўтказиш, ташишларнинг хавфсизлигини таъминлаш йўли билан амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида шаҳар йўловчи ташиш транспортини давлат томонидан бошқариш Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, "Тошшаҳарйўловчитранс" давлат уюшмаси томонидан амалга оширилади.



3.5. Шаҳар йўловчи ташиш транспортининг ишлаб

чиқариш-техника базасини замонавийлаштириш


Ҳаракатланадиган транспорт паркини кўпайтириш, унинг таркибини ўзгартиришни мўлжаллаш билан биргаликда шаҳар йўловчи ташиш транспортининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш назарда тутилмоқда.

Ҳаракатланадиган транспортга сервис хизмати кўрсатиш марказлари ташкил этишга алоҳида ўрин ажратилади. "Мерседес-Бенс" ва "ЎзавтоДЭУ" автобусларига, "Татра" трамвайларига хизмат кўрсатиш бўйича илгари ташкил этилган марказлар, шунингдек сотишдан олдин сервис хизмати кўрсатиш ва кафолатли хизмат кўрсатиш бўйича техник марказлар-"ПАЗавтотехмарказ" ва "ТошКочАвто" қўшма корхоналари ривожлантирилади.

Яқин вақт ичида "Шкода" троллейбусларига ва "СамКочАвто" автобусларига сервис хизмати кўрсатиш маркази ташкил этиш назарда тутилмоқда. "Шкода" фирмаси билан шунингдек метро вагонларини реконструкция қилиш маркази ташкил этиш ҳам мўлжалланган. Шу жумладан:

Тошкент шаҳрида (АТЗ-10), Самарқандда (Самарқанд тажриба-экспериментал механика заводи), Қўқонда (АТК-10) ДЭУ автомобиль заводининг;

Тошкент вилоятида (Зангиота АТК), Самарқандда (А-К 2509), Андижонда (АТЗ-6), Урганчда "Кароса" автомобиль заводининг сервис ва кафолатли хизмат кўрсатиш бўйича дилер ҳуқуқлари берилган техник марказларини ташкил этиш вазифаси қўйилмоқда.

Барча вилоят марказларида ва Нукус шаҳрида автобусларни тузатиш бўйича техник марказлар филиалларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

АТЗ-2 акциядорлик жамияти шаҳар автобусларига, "Ремэлтранс" акциядорлик жамияти трамвайларга хизмат кўрсатишга, троллейбуслар паркига хизмат кўрсатишга эса 2000 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган Сирғали троллейбус заводи ихтисослаштирилади.

2000 йилда ШТЗ-9да Барнаул заводи билан биргаликда тормоз қопламалари ишлаб чиқариш цехи ишга туширилади. Автошиналарни тиклаш бўйича маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, автобус паркини суюлтирилган табиий газга ўтказишни тугаллаш, ёнилғининг муқобил турларини излаш ишларини давом эттириш назарда тутилган.

Республиканинг саноат салоҳиятидан фойдаланган ҳолда эҳтиёт қисмлар, узеллар ва агрегатлар тайёрлаш устувор аҳамиятга эга бўлади. Энг яқин вақтдаёқ республика саноат корхоналари томонидан:

автобуслар, трамвайлар, троллейбуслар, метро вагонлари учун 350 номда эҳтиёт қисмлар;

40 номда гараж асбоб-ускуналари;

турли моделлардаги автомобилларга 6 номда ихтисослаштирилган кузовлар тайёрлашни таъминлаш;

шунингдек хорижий русумдаги автомобилларнинг 1500 агрегати ва двигателини мукаммал тузатиш-тиклаш ҳамда "ЎзДЭУавто" ва "СамКочАвто" автомобиллари двигателларини тузатишни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.

Кейинги йилларда талаб паст бўлган маҳсулотни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш билан бир вақтда ишлаб чиқариладиган маҳсулот турларини ҳар йили 10-15 фоизга янгилаш мўлжалланади.

Метро вагонлари учун ўз кучлари билан тайёрланаётган эҳтиёт қисмларнинг асосий турларини 400 номгача, трамвай-троллейбус комплекси бўйича эса - 200 номгача етказиш мўлжалланган.

Жамоат транспорти учун махсус светофорларда устувор ҳаракат қилишни ва айрим шох кўчаларда унинг тез ҳаракат қилиши учун алоҳида йўлни назарда тутувчи ер усти транспорт воситалари ҳаракатини автоматлаштирилган бошқариш ишлари давом эттирилади. Фойдаланиш хизматлари иши транспорт чиқимларини қисқартиришни, уларнинг бир-бирини асоссиз такрорлашини тугатишни ва йўловчиларни етказиш вақтини қисқартиришни назарда тутувчи ҳаракат йўналишларини мақбуллаштиришга йўналтирилади. Тўхтаб ўтиш манзилларини хусусийлаштириш, улар тармоғини оқилона жойлаштириш, йўлкира карточкалари ва чипталари сотиш пунктларини ривожлантириш иши давом эттирилади.

Ҳаракатланадиган таркибни тезкор алоқа воситалари билан жиҳозлашга, ер усти жамоат транспорти ҳаракатини бошқаришнинг радио навигацияли автоматлаштирилган тизимини жорий этишга, марказий диспетчерлик хизматини, биринчи навбатда Тошкент шаҳрида ва республиканинг йирик шаҳарларида замонавийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун Япония, Австралия, Франция ёки Германиянинг йирик хорижий инвесторларини жалб этган ҳолда махсус инвестиция дастурлари тайёрлаш мўлжалланмоқда.

Тошкент шаҳри маркази трамвай ва троллейбус йўлларидан холи қилинади, улар шаҳар чеккасидаги саноат зонасига ва аҳоли зич яшайдиган жойларга кўчирилади.



3.6. Шаҳар йўловчи ташиш транспортининг молиявий

аҳволини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари


Шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш тизимини таркибий ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан бошқарув алоқаларининг янги механизмини барпо этиш, бошқариш ва давлат томонидан тартибга солиш ҳуқуқларини чегаралаш, ташувчиларнинг хўжалик мустақиллигини кучайтириш автобус ва таксомотор парклари, трамвай ва троллейбус деполарининг ишлатиш чиқимларини ўртача 12-15 фоизга пасайтириш имконини беради.

Бозорга ўтиш шароитларида ташувчиларинг ўз маблағлари капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлашнинг асосий манбаига айланаётганлигини ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тушумни қатъийроқ ҳисобга олиш, ёнилғи-энергетика ресурслари, эҳтиёт қисмлар, автошиналар, узеллар, агрегатлар, хом ашё ва материаллардан тежаб ва эҳтиётлаб фойдаланиш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда.

Транспорт корхоналари акцияларини сотиш, шу жумладан хорижий инвесторларга сотиш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Кўрсатилаётган транспорт хизматлари учун ҳақ тўлаш муддатларидан келиб чиқиб мослашувчан тариф сиёсатини қўллаш даромад қисмининг ошишига кўмаклашади. Ойлик йўлкира карточкаларини сотишда ихтиёрий якка тартибда суғурта тизимидан кенг фойдаланилади.

Кўрсатилаётган хизматларнинг қулайлиги ва сифатига қараб тарифлар даражасини белгилаш уларни табақалаштиришнинг асосий йўналишига айланади.

Транспортнинг бир неча турларида юришга ойлик йўлкира карточкаларини сотишда тарифлар ва имтиёзларни тартибга солиш назарда тутилмоқда. Метрополитенда 20, 40 ва 60 марта юриладиган магнит карточкалари жорий этилади. Йўлкира ҳақини олдиндан тўлаш шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органлари ишида устувор йўналишга айланади.



3.7. Шаҳар йўловчи ташиш транспортини давлат

томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари


Аҳоли ҳаёт фаолиятини таъминлашда шаҳар йўловчи ташиш транспортининг аҳамиятини, уни жадал ривожлантириш ва паркни янгилаш зарурлигини ҳисобга олиб унга давлат ёрдами кўрсатиш назарда тутилмоқда.

Шаҳар йўловчи ташиш транспортини ривожлантиришга давлат инвестициялари танлаб инвестициялаш тусига эга бўлади ва биринчи навбатда транспортнинг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлашга, унинг атроф муҳитга зарарли таъсирини камайтиришга йўналтирилади.

Давлат томонидан, бюджет маблағлари ҳисобига шаҳар йўловчи ташиш транспортининг ҳаракатланадиган таркибини тўлдириш ва янгилаш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, метрополитен линиялари қуриш, фуқароларнинг айрим тоифаларини ташишда имтиёзлар берилиши муносабати билан харажатларни қисман қоплаш қўллаб-қувватланади.

Инвестициялар ҳажмларини кенгайтириш учун Шаҳар йўловчи ташиш транспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш мўлжалланмоқда, унга етакчи саноат корхоналари, хусусий тузилмалар, тижорат тузилмалари ва бошқа ҳомийларнинг маблағлари жалб этилиши мумкин.



3.8. Шаҳар йўловчи ташиш транспортининг

қонунчилик-ҳуқуқий базасини

такомиллаштириш


Мазкур Концепцияда назарда тутилган қоидалар амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қонунчилик-меъёрий базани янада такомиллаштириш чора-тадбирлари мўлжалланган. Ушбу чора-тадбирлар "Шаҳар йўловчи ташиш транспорти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирларини, "Фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли юриши тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

Қуйидагиларни:

ҳокимлик билан шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органи ўртасидаги шартнома (контракт) ҳамда шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органи билан ташувчилар ўртасидаги шартноманинг намунавий шартларини;

мунтазам равишда шаҳарда йўловчилар ташувчиларни маблағ билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низомни;

транспорт воситалари ва ташувчилар фаолияти устидан инспекторлик назоратини кучайтиришни назарда тутган ҳолда шаҳар йўловчи ташиш транспорти томонидан бажариладиган хизматларни сертификациялаш тартибини тайёрлаш назарда тутилмоқда.



3.9. Кадрлар сиёсати ва ижтимоий сиёсат


Қуйидагилар кадрлар сиёсати ва ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

ҳайдовчи кадрлар ва метрополитен машинистларининг, кондукторлар, тузатувчи ишчилар, ўрта бўғин ва диспетчерлик аппарати мутахассисларининг доимий касб тайёргарлигини, уларнинг малака даражаси ўз вақтида оширилишини таъминлаш;

ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртлари тармоқ тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

жамоат йўловчи ташиш транспорти корхоналари базасида юқори синфлар ўқувчиларидан транспортнинг ҳар хил турлари ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари барпо этиш;

транспорт воситаларини тузатиш ва уларга хизмат кўрсатиш ишларини механизациялаш ва автоматлаштириш даражасини ошириш;

кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини кенгайтириш ҳисобига қўшимча иш ўринлари яратиш;

шаҳар йўловчи ташиш транспорти ходимларини моддий рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий ўқув юртларида мутахассислар тайёрлаш ҳамда шаҳар йўловчи ташиш транспортининг раҳбар ходимлари ва мутахассисларининг малака даражасини ошириш комплекс дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган.



3.11. Шаҳар йўловчи ташиш транспорти соҳасида

ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш


Қуйидагилар шаҳар йўловчи ташиш транспортида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳисобланади:

ҳаракатланадиган таркибни тузатиш ва унга сервис хизмати кўрсатиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш ҳисобига ташувчиларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

мамлакатимиз саноатини барпо этиш ва ўз кучлари билан тайёрланаётган буюмлар турларини кенгайтириш ҳисобига ҳаракатланадиган таркиб, эҳтиёт қисмлар, агрегатлар ва асбоб-ускуналарни чет элдан импорт қилишни аста-секин қисқартириш;

шаҳар йўловчи ташиш транспортини ривожлантиришга хорижий инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантириш;

хорижий мамлакатлар билан кооперацияни кенгайтириш ва чуқурлаштириш.

Ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда хусусий фирмалар ва тадбиркорларга алоҳида эътиборни қаратган ҳолда хорижий компаниялар ва мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг инвестициялари ва кредитлари ҳажмини анча кенгайтириш мўлжалланмоқда (7-илова).

Концепцияга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон шаҳарларида жамоат йўловчи

ташиш транспорти турларини

РИВОЖЛАНТИРИШ

Ўзбекистон

Республикаси

шаҳарлари


Аҳоли

сони

1.01.99 й.

(минг

киши)


Ўзбекистон

Республикаси

шаҳарлари


Аҳоли

сони

2005 й.

(минг

киши)


Жамоат транспорти турлари


мавжуд


қўшимча

кирити

лади


ЙИРИК ШАҲАРЛАР: 200-500 МИНГ КИШИ

Самарқанд

Наманган

Андижон

Бухоро

Фарғона

Нукус

366

348

306

238

219

200

Самарқанд

Наманган

Андижон

Бухоро

Фарғона

Нукус

Қўқон

Қарши


388

395

345

246

231

215

209

202

автобус, тролл., такси

автобус, тролл., такси

автобус, тролл., такси

автобус, тролл., такси

автобус, тролл., такси

автобус, тролл., такси





троллейбус

троллейбус

ЎРТАЧА ШАҲАРЛАР: 100-200 МИНГ КИШИ

Қўқон

Қарши

Чирчиқ

Урганч

Ангрен

Марғилон

Жиззах

Олмалиқ

Навоий

Термиз


198

186

156

137

132

125

121

117

116

106


Чирчиқ

Урганч

Ангрен

Марғилон

Жиззах

Олмалиқ

Навоий

Термиз

Бекобод

Гулистон


161

148

136

132

128

121

128

116

100

100


автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, тролл., такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, тролл., такси

автобус, тролл., такси

автобус, такси

автобус, такси





троллейбус

троллейбус


троллейбус

КИЧИК ШАҲАРЛАР: 100 МИНГ КИШИДАН КАМ

Бекобод

Гулистон

Шаҳрисабз

Қувасой

Денов

Янгийўл

Чуст

Янгиер

Асака

Косонсой

Хонобод

Сирдарё

Оқтош

Учқўрғон

Қорасув

Қўрғонтепа

Ширин


87

72

67

66

60

57

57

56

51

40

35

34

33

30

25

25

12


Шаҳрисабз

Қувасой

Денов

Янгийўл

Чуст

Янгиер

Асака

Косонсой

Хонобод

Сирдарё

Оқтош

Учқўрғон

Қорасув

Қўрғонтепа

Ширин


73

70

66

59

65

63

57

45

39

38

34

34

28

28

13


автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси

автобус, такси



Концепцияга

2-ИЛОВА



Шаҳар йўловчи ташиш транспортининг ҳар хил

турлари билан йўловчи ташиш ҳажмлари

ПРОГНОЗИ

(млн йўловчи)

Транспорт турлари


1999 й.


2000 й.


2005 й.


2005 йилда 1999

йилга нисбатан, %


ТОШКЕНТ ШАҲРИ

Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро


433,0

106,1

78,0

132,5

459,0

121,5

91,0

160,0

532,5

124,5

132,0

185,0

123,0

117,3

169,2

139,6

ЖАМИ:


749,6

831,5

974,0

129,9

ЙИРИК ШАҲАРЛАР: 200-500 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


248,5

15,1

260,9

27,2

277,1

34,1

111,5

225,8

ЖАМИ:


263,6

288,1

311,2

118,1

ЎРТАЧА ШАҲАРЛАР: 100-200 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


226,9

5,2

228,1

28,2

233,4

41,3

102,9

7,9 баравар

ЖАМИ:


232,1

256,3

274,7

118,4

КИЧИК ШАҲАРЛАР: 100 МИНГ КИШИДАН КАМ

Автобуслар


48,3


49,1


52,0


107,7


ЖАМИ:


48,3

49,1

52,0

107,7

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЙИЧА ЖАМИ

Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро


956,7

106,1

98,3

132,5

997,1

121,5

146,4

160,0

1095,0

124,5

207,4

185,0

114,5

117,3

211,0

139,6

ЖАМИ:


1293,6

1425,0

1611,9

124,6

Концепцияга

3-ИЛОВА



Транспортнинг ҳар хил турлари

билан йўловчи ташиш таркиби

ПРОГНОЗИ

(%)

Транспорт турлари


1999 й.


2000 й.


2005 й.


ТОШКЕНТ ШАҲРИ

Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро


57,8

14,1

10,4

17,7

55,2

14,6

11,0

19,2

54,7

12,8

13,5

19,0

ЖАМИ:


100

100,0

100,0

ЙИРИК ШАҲАРЛАР: 200-500 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


94,5

5,5

90,6

9,4

89,0

11,0

ЖАМИ:


100

100

100

ЎРТАЧА ШАҲАРЛАР: 100-200 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


97,8

2,2

89,0

11,0

85,0

15,0

ЖАМИ:


100

100

100

КИЧИК ШАҲАРЛАР: 100 МИНГ КИШИДАН КАМ

Автобуслар


100


100


100


ЖАМИ:


100

100

100

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЙИЧА ЖАМИ

Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро


74,0

8,2

7,6

10,2

70,0

8,5

10,3

11,2

67,9

7,7

12,9

11,5

ЖАМИ:


100

100

100

Концепцияга

4-ИЛОВА



Йўналишлар тармоғи умумий узунлигининг

КЎПАЙИШИ

(км)

Транспорт турлари

1999 й.

2000 й.

2005 й.

2005 йилда 1999

йилга нисбатан, %


ТОШКЕНТ ШАҲРИ

Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро


2052

267

302

29,5

2070

270

315

37,2

2100

285

330

41,4

102,3

106,7

109,3

140,3

ЖАМИ:


2650,5

2692,2

2756,4

104,0

ЙИРИК ШАҲАРЛАР: 200-500 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


2022,5

344,4

2095,0

391,0

2255,3

446,0

111,5

129,5

ЖАМИ:


2366,9

2486,0

2701,3

114,1

ЎРТАЧА ШАҲАРЛАР: 100-200 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


1873,5

149,7

1910,0

211,0

2090,0

285,0

111,6

190,4

ЖАМИ:


2023,2

2121,0

2375,0

117,4

КИЧИК ШАҲАРЛАР: 100 МИНГ КИШИДАН КАМ

Автобуслар


1197,6


1230,1


1356,0


113,2


ЖАМИ:


1197,6

1230,1

1356,0

113,2

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЙИЧА ЖАМИ

Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро


7145,6

267,0

796,1

29,5

7305,1

270,0

917,0

37,2

7801,3

285,0

1061,0

41,4

109,2

106,7

133,3

140,3

ЖАМИ:


8238,2

8529,3

9188,7

111,5

Концепцияга

5-ИЛОВА



Йўловчи ташиш транспортининг

мавжуд ҳаракатдаги

ТАРКИБИ

(дона)

Транспорт турлари


1999 й.


2000 й.


2005 й.


2005 йилда 1999

йилга нисбатан, %


ТОШКЕНТ ШАҲРИ

Автобуслар

Микроавтобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро вагонлари

Таксилар


1574

98

351

311

192

809

1777

244

420

368

232

1404

2077

330

430

520

262

2448

132,0

336,7

122,5

167,2

136,5

302,6

ЖАМИ:


3335

4445

6097

182,8

ЙИРИК ШАҲАРЛАР: 200-500 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Таксилар

Троллейбуслар


1511

1218

181

1556

1239

256

1703

1248

287

112,7

102,5

158,6

ЖАМИ:


2910

3051

3238

111,3

ЎРТАЧА ШАҲАРЛАР: 100-200 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Таксилар

Троллейбуслар


1027

1030

41

1075

1031

121

1220

1077

210

118,8

104,6

512,2

ЖАМИ:


2098

2237

2507

119,5

КИЧИК ШАҲАРЛАР: 100 МИНГ КИШИДАН КАМ

Автобуслар

Таксилар


509

607


520

604


570

624


112,0

102,8

ЖАМИ:


1116

1124

1194

107,0

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЙИЧА ЖАМИ

Автобуслар

Микроавтобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро вагонлари

Таксилар


4621

98

351

533

192

3664

4928

244

420

755

232

4278

5570

330

430

1017

262

5397

120,5

336,7

122,5

190,8

136,5

147,3

ЖАМИ:


9459

10857

13006

137,5

Концепцияга

6-ИЛОВА



Шаҳар йўловчи ташиш транспорти паркини

тўлдириш ва янгилаш учун транспортлар

харид қилиш

(та)

Транспорт турлари


1999 й.


2000 й.


2001-2005 йиллар


ТОШКЕНТ ШАҲРИ


Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро вагонлари


198

10

-

20

300

40

50

20

1500

200

250

30

ЖАМИ:


228

410

1980

ЙИРИК ШАҲАРЛАР: 200-500 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


280

15

240

90

540

85

ЖАМИ:


295

330

625

ЎРТАЧА ШАҲАРЛАР: 100-200 МИНГ КИШИ

Автобуслар

Троллейбуслар


180

15

180

95

450

90

ЖАМИ:


195

275

540

КИЧИК ШАҲАРЛАР: 100 МИНГ КИШИДАН КАМ

Автобуслар


90


120


130


ЖАМИ:


90

120

130

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЙИЧА ЖАМИ

Автобуслар

Трамвайлар

Троллейбуслар

Метро вагонлари


748

10

30

20


840

40

235

20


2620

200

425

30


ЖАМИ:

808

1135

3275

Концепцияга

7-ИЛОВА



1999-2005 йилларда шаҳар йўловчи ташиш

транспортини ривожлантиришга хорижий

инвестициялар ва кредитларни

жалб қилиш

Т/р

Объектнинг номи

ва қуввати


Асос


Фойдаланишга

топширишнинг

кутилаётган

йили


Хорижий

инвесторнинг

номи ва

инвестиция

қўйиш шакли

Объект қиймати,

млн АҚШ доллари


Кредитлар

ни тўлаш

манбалари


ҳаммаси


шу

жумладан

хорижий

инвести-

циялар


1

2

3

4

5

6

7

8

1.

Республика

шаҳарлари учун

250 та "Кароса" -В

831 автобуси сотиб олиш


Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 19.12 даги 557-сон қарори


1999 й.

Чехия,

Обходни банк


23,4

23,4

Корхона-

ларнинг

маблағлари

2.

Республика шаҳарлари учун 400 та ДЭУ автобуси сотиб олиш


Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 01.02 даги 45-сон қарори


1999 й.

ДЭУ корпорацияси. Тўлаш 2 йилга кечиктирилган ҳолда 7 йилга кредит


38,2

32,5

Корхона-

ларнинг

маблағлари

3.

Республика кичик ва ўртача шаҳарлари учун йўловчи ташиш транспорти тизимининг техник жиҳозланган-лигини таъминлаш


Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 02.10 даги 462-сон қарори

1999-2010 йй.

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки

60,0

60,0

Корхона-

ларнинг

маблағлари

4.

Тошкент шаҳри учун автобуслар, трамвайлар ва троллейбуслар сотиб олиш


Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 19.08 даги 291-сон қарори

2000-2005 йй.

Банкларнинг кредитлари

бюджет ресурс-ларини ҳисобга олган ҳолда



Ҳукумат

кафолати

(бюджет)


5.

Тошкент шаҳрининг троллейбус-трамвай паркини реконструкция қилиш


Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31.12 даги 548-сон ва 1999 йил 4.05 даги 214-сон қарорлари


2000-2010 йй.

"Марубени корпорейшн" (Япония). 40 йилга кредит, тўлов дастлабки 10 йилдан кейин бошланади


159,1

159,1

Ҳукумат

кафолати

(бюджет)