Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Пахта толасини Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси орқали кимошди савдоларида миллий валюта (сўм)га сотиш ва унинг учун "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 29.08.2006 й. ПК-456-сон Қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 29 августдаги

ПҚ-456-сон қарорига

3-ИЛОВА



Пахта толасини Ўзбекистон республика

товар-хом ашё биржаси орқали кимошди

савдоларида миллий валюта (сўм)га сотиш

ва унинг учун "Пахтасаноат" ҳудудий

акциядорлик бирлашмалари билан

ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом пахта толасини Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси орқали кимошди савдоларида миллий валюта (сўм)га сотиш ва унинг учун "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари билан ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низомга мувофиқ сотиб олинган пахта толасидан фақат республика ичида қайта ишлаш учун фойдаланилиши мумкин ва у қайта сотилмайди.

Кимошди савдолари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.



II. ПАХТА ТОЛАСИНИ КИМОШДИ

САВДОЛАРИГА ҚЎЙИШ


2. Пахта толасини кимошди савдоларига қўйиш Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (кейинги ўринларда ЎзРТХБ деб аталади) билан тузиладиган биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномаларга мувофиқ "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари томонидан амалга оширилади.


3. "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси навбатдаги кимошди савдосидан камида 10 кун олдин ЎзРТХБни лотларни савдога қўйиши тўғрисида хабардор қилади. Лотларни шакллантириш "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси томонидан шакллантирилади, ЎзРТХБ лотларга талабга мувофиқ ва "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари билан келишган ҳолда ўзгартириш киритиши мумкин.


4. Лотлар тўғрисидаги ахборотда лотни ташкил этувчи пахта толаси ҳажми, савдо ўтказиладиган кунда "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси томонидан тақдим этилган пахта толасининг Ўзбекистон "Сифат" марказининг Мувофиқлик сертификати (Инспекция далолатномаси) билан тасдиқланган типи, нави ва класси, шунингдек товарнинг турган жойи ва қайта ишлаган завод ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.


5. Пахта толасининг бошланғич нархи жаҳон бозоридаги нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда 15 фоиз чегирма билан "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари томонидан белгиланади ҳамда кимошди савдоси санасида камайтириш ёки ошириш томонига аниқлаштириш имконияти билан кимошди савдосини ўтказишдан 10 кун олдин ЎзРТХБга тақдим этилади.

Нархни аниқлаштириш тўғрисидаги қарор "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси томонидан қабул қилинади ва бу ҳақда ЎзРТХБни ёзма равишда хабардор қилади ҳамда аукциончи томонидан савдоларда эълон қилинади.


6. Пахта толасининг кимошди савдоларига қўйилиши тўғрисидаги ахборот олинган вақтдан бошлаб бир ҳафта мобайнида ЎзРТХБ унинг потенциал харидорларини оммавий ахборот воситалари, шунингдек ЎзРТХБнинг web-сайти орқали ва билдиришнома юбориш йўли билан хабардор қилади.


7. Пахта толасининг потенциал харидорлари учун тарқатиладиган ахборотда савдолар ўтказиладиган вақт ва жой, савдоларда қатнашиш учун буюртманомалар қабул қилинадиган жой, буюртманомаларни қабул қилишнинг сўнгги муддати, савдоларда қатнашиш учун буюртманомаларни қабул қилиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати, шунингдек лотларни ташкил этувчи пахта толаси ҳажми, пахта толасининг типи, нави ва класси, етказиб бериш муддатлари ва шартлари, шу жумладан товарнинг турган жойи ва қайта ишлаган завод ҳамда бошланғич нарх ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда савдоларга қўйиладиган маҳсулотлар рўйхати бўлиши керак.



III. КИМОШДИ САВДОЛАРИ

ҚАТНАШЧИЛАРИ


8. Мазкур Низомга мувофиқ белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлган ва пахта толасидан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқарадиган мулкчиликнинг барча шаклларидаги юридик шахслар (кейинги ўринларда корхоналар деб аталади) пахта толаси харидорлари бўлишлари мумкин.


9. Харидор сифатида рўйхатдан ўтказиш учун корхоналар ЎзРТХБга:

пахта толасини сотиш бўйича кимошди савдолари қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза;

корхонанинг банк реквизитларини тақдим этадилар.


10. Кимошди савдоларида корхоналар номидан ўзларида уларнинг савдога оид ваколатларини ёзма равишда тасдиқловчи ҳужжатга ва кимошди савдоси қатнашчиси карточкасига эга бўлган ваколатли вакиллар қатнашадилар.



IV. КИМОШДИ САВДОЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ МЕХАНИЗМИ


11. Эълон қилинган кимошди савдосида харидор сифатида қатнашиш учун корхона савдолар ташкилотчиси - ЎзРТХБга:

мўлжалланаётган харид ҳажми ва маҳсулотдан фақат ўз ишлаб чиқариши учун фойдаланилиши тўғрисидаги мажбурият кўрсатилган, ташкилот раҳбари, бош бухгалтери томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган эълон қилинган кимошди савдоларида қатнашиш юзасидан ариза;

кимошди савдосида қатнашиш учун ЎзРТХБ томонидан белгиланадиган миқдорда, лекин буюртманома берилаётган лот қиймати бошланғич нархининг 0,1 фоизидан ортиқ бўлмаган бир марталик йиғим ва ушбу қийматнинг 2 фоизи миқдорида гаров суммаси ЎзРТХБга ҳисоб рақамига ўтказилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхасини тақдим этади.

Кимошди савдоси ғолиби томонидан ЎзРТХБга ҳисоб рақамига ўтказилган гаров суммаси кейинчалик ЎзРТХБ томонидан "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси ҳисоб рақамига ўтказилади ҳамда шартномага мувофиқ етказиб берилган пахта толаси учун ҳақ тўлашда ҳисобга олинади. Кимошди савдосида ғолиб бўлолмаган бошқа қатнашчиларга гаров суммаси икки банк кунида қайтарилади (мазкур Низомнинг 19 ва 21-бандларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно).


12. Олдинги кимошди савдолари якунларига кўра тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларини бажармаган корхоналар кимошди савдоларига қўйилмайди.


13. Кимошди савдосида қатнашиш учун буюртманома берган корхоналар ҳамда буюртманома мазмуни тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинмайди.


14. Кимошди савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолиятни "Ўзпахтасаноат" уюшмаси ва ЎзРТХБ вакилларидан ташкил этиладиган Комиссия мувофиқлаштиради ва назорат қилади.


15. Кимошди савдоларини ўтказиш мақсадида ЎзРТХБ аукциончини тайинлайди, у ЎзРТХБ томонидан ташкил этилган кимошди савдосида қатнашчиларнинг манфаатларини ифодалаш ҳуқуқига эга эмас.


16. Талабгор унинг томонидан буюртманома берилган ва гаров суммаси тўланган пахта толаси ҳажмлари бўйича кимошди савдосига қўйилади.


17. Кимошди савдоларини ўтказиш тартиб-қоидалари қуйидагиларни назарда тутади:

кимошди савдоси бошлангунгача аукциончи сотиладиган лот тартиб рақамини эълон қилади, кимошди савдосига қўйилган товарни ва савдо шартларини тавсифлаб беради;

аукциончи тегишли лот бўйича савдода қатнашиш учун рўйхатдан ўтказилган қатнашчиларнинг рўйхатдан ўтказиш тартиб рақамини эълон қилади. Аукциончи томонидан тартиб рақами эълон қилинган қатнашчи қатнашчи карточкасини кўтариши лозим, бу билан у ўзининг кимошди савдосида қатнашишини тасдиқлайди;

аукциончи лотнинг бошланғич нархини ва савдо қадамини эълон қилган пайт кимошди савдоси бошланган пайт ҳисобланади. Савдо қадами тўғрисидаги қарор аукциончи томонидан ҳар бир лот учун алоҳида қабул қилинади, у бошланғич нархнинг 0,1 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак. Зарур ҳолларда аукциончи кимошди савдоси давомида қадамни ўзгартириши мумкин;

бошланғич нарх эълон қилингандан кейин аукциончи белгиланган қадамга мувофиқ нархни ошириш тўғрисидаги таклифларни кутади;

юқори нархни таклиф этмоқчи бўлган қатнашчи қатнашчи карточкасини кўтаради, бу нархни белгиланган қадамга ошириш юзасидан таклифни билдиради;

аукциончи биринчи бўлиб юқори нархни таклиф этган қатнашчини атаб, таклиф этилган нархни ва ушбу қатнашчи тартиб рақамини эълон қилади. Агар аукциончи томонидан таклиф этилган нарх уч марта эълон қилингандан кейин қатнашчилардан ҳеч бири юқори нархни таклиф этмаса, аукциончи болғачанинг учинчи зарбаси билан бир пайтда лот ушбу нархни таклиф этган қатнашчига сотилганлигини эълон қилади. Шундан кейин ушбу лот бўйича савдо ёпилган ҳисобланади.


18. Агар савдога қўйилаётган лотга фақат битта буюртма тушган бўлса кўрсатиб ўтилган лот ариза берувчига бошланғич нарх бўйича сотилган ҳисобланади.


19. Лотга биттадан ортиқ буюртма мавжуд бўлган тақдирда, лотнинг бошланғич нархи эълон қилингандан кейин уни сотиб олишни хоҳловчилар бўлмаса, лот кимошди савдосидан чиқарилади (мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ бошланғич нарх кимошди савдоси санасида оширилган ҳоллар бундан мустасно).


20. Кимошди савдоси якунлари бўйича икки нусхада протокол тузилади, уни ЎзРТХБ вакили ва кимошди савдоси ғолиби имзолайди.

Протоколда сотувчи ва харидор тўғрисидаги маълумотлар, сотув объектининг номи, сотилган пахта толаси миқдори ва сотиш нархи кўрсатилади.


21. Ғолиб ва кимошди савдосининг бошқа томони кимошди савдоси ўтказилган кунда кимошди савдоси якунлари тўғрисидаги протоколни имзолашлари лозим. Кўрсатиб ўтилган протокол кейинчалик олди-сотди шартномаси тузиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Савдода ютиб чиққан шахс протоколни имзолашдан бўйин товлаган тақдирда тўланган гаров суммасидан маҳрум бўлади.

Протоколни имзолашдан бўйин товлаган савдолар ташкилотчиси тўланган гаров суммасини икки баравар миқдорда қайтариши, шунингдек савдода ютиб чиққан шахснинг савдода қатнашиши муносабати билан етказилган зарарнинг гаров суммасидан ортиқ қисмини қоплаши шарт.


22. Пахта толаси сотиб олиш юзасидан буюртманома берган қатнашчилардан ҳеч бири уни сотиб олиш хоҳишини билдирмаса ёки пахта толасининг савдога қўйилган ҳажмлари савдодан чиқарилса савдо ташкилотчиси тегишли протокол тузади.

Пахта толасининг савдога қўйилган ҳажмлари савдодан чиқарилган ҳолларда айбдор томондан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ зарар ундириб олинади.

Кимошди савдолари ташкилотчиси кўрсатиб ўтилган муддатларни бузган ҳолда уни ўтказишни рад этган тақдирда, у қатнашчилар кўрган зарарни қоплаши шарт.


23. Битишув мазмуни (товарнинг номи, миқдори, нархи, битишув тузилган сана ва вақт бундан мустасно) ошкор этилмайди.


24. Ўтказилган кимошди савдоси натижалари тўғрисидаги йиғма кўрсаткичлар маълумотнома тарзида расмийлаштирилади, унда лотлар ва кимошди савдоси қатнашчиларининг тартиб рақамлари, кимошди савдоси ғолиблари бўлган корхоналар номи, сотилган пахта толаси миқдори, ҳар бир лот бўйича сотиш нархи ва сотиш суммаси кўрсатилади. Кимошди савдолари натижалари тўғрисидаги маълумотнома Кимошди савдоларини ўтказиш комиссияси аъзолари томонидан имзоланади.



V. ХАРИДОРЛАР ВА СОТУВЧИЛАР ЎРТАСИДАГИ

ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАР ҲАМДА ПАХТА

ТОЛАСИНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ МЕХАНИЗМИ


25. Кимошди савдолари натижалари тўғрисидаги протокол асосида "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси ва харидор протокол олингандан кейин йигирма кун муддатда пахта толасинининг олди-сотди шартномасини тузадилар. Тузиладиган шартномада етказиб бериладиган пахта толасининг ҳажмлари, навлари, типлари ва бошқа сифат кўрсаткичлари бўйича параметрлари, ташиш шартлари, юклаб жўнатиш муддатлари (жадвали), ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби, тузилган шартнома шартларини бажаришнинг мулкий ва бошқа жавобгарлиги, низоларни кўриб чиқиш тартиби ва томонлар ихтиёрига кўра бошқа шартлар белгиланади.


26. Кимошди савдоси ғолиби бўлган харидор тузилган шартнома бўйича камида 15 фоизини олдиндан тўлаш ва қолган суммани 60 кун мобайнида тўлаш шарти билан пахта толаси учун маблағларни "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси ҳисоб рақамига тўлайди. Қарзларни харидорлар томонидан моддий-техника ресурслари етказиб бериш йўли билан қоплашга йўл қўйилмайди.


27. "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси тўлов ҳужжатини олгандан кейин уч банк куни мобайнида юклаб жўнатилган пахта толаси ҳажмларига мувофиқ бўлган маблағларни пахта тозалаш заводларининг депозит ҳисоб рақамларига ўтказади.


28. Кимошди савдоси ғолибларига пахта толаси "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмаси нарядлари бўйича, ихтисослаштирилган минтақавий пахта терминаллари (омборлари)дан шартномаларда назарда тутилган ҳажмларга ва муддатларга мувофиқ юклаб жўнатилади. Пахта толасини юклаб жўнатишга наряд шартномада кўрсатилган қийматнинг камида 15 фоизи миқдоридаги маблағлар тушгандан кейин берилади.


29. Харидорлар ва "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари ўртасида тузилган шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилиши учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 36-сон, 359-модда.