Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.11.2000 й. 441-сон "Ўзбекистон Республикаси вакилларини ўқитишни ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг иккинчи грантидан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.11.2000 й.

N 441


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАКИЛЛАРИНИ

ЎҚИТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН ЯПОНИЯ

ҲУКУМАТИНИНГ ИККИНЧИ ГРАНТИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси вакилларини Японияда ўқитишни ташкил этиш учун Япония Ҳукуматининг 242 млн Япония йени миқдоридаги иккинчи грантидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Япония Ҳукуматининг 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси вакилларини Япониянинг етакчи университетлари магистратурасида ўқитишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С.Кароматов Айирбошлаш нотаси сифатидаги битимни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил килинсин.


3. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш учун беғараз ёрдам маблағларини олиш ва уларга хизмат кўрсатишга доир барча тартиботларни расмийлаштириш, шу жумладан стипендиатларни танлаш ва Японияга юбориш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки юқорида кўрсатилган беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб юзасидан хизмат кўрсатиш юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси Айирбошлаш ноталарида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи Япониялик мутахассисларни давлат божи ундирмасдан яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказсин ва вақтинча рўйхатдан ўтказишни узайтирсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С.Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                     И. Каримов