Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 18.04.2008 й. 2-сон Баёни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

18.04.2008 й.

N 2



Раислик қилувчи:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Мирзиёев Ш.М.

Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг

ўринбосарлари


Р.С.Азимов, А.Н.Арипов, С.Т.Иномова,

Р.С.Қосимов, Қ.С.Санақулов, Н.М.Ханов,

Э.Р.Шаисматов

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат

маслаҳатчиси

В.А.Голишев

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари,  Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, матбуот вакиллари (рўйхат бўйича).



2008 йилнинг I чорагида  республикани ижтимоий-иқтисодий

ривожлантириш якунлари ҳамда 2008 йилда  мамлакатни ижтимоий-

иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари

амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш  чора-тадбирлари тўғрисида

(Мирзиёев, Саидова, Аҳмедов, Дабижа, Ибрагимов, Юнусов, Азимов,

Рофиев, Муллажонов, Жўраев, Файзиев, Салимов, Носиров, Тўхтаев,

Усмонов, Хаитов, Рўзиқулов, Саидумаров, Отахонов, Юсупов,

Нажмиддинов, Ниязов, Исмоилов, Юсупов, Максумов, Мирзиёев)


1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан шу йил 8 февралда республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар 2008 йилнинг I чорагида қуйидагиларга эришишни таъминлади:

иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари билан тавсифланадиган макроиқтисодий барқарорлик таъминланди - ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 10,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 4,8 фоизга, истеъмол товарлари 17,2 фоизга, чакана товар айланмаси 12,7 фоизга ва хизматлар ҳажми 19,8 фоизга ўсди. Маҳсулот эспорти 56,1 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,7 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Пухта пул-кредит сиёсати ўтказилиши натижасида инфляциянинг ўсиш суръати прогноз параметрлари доирасида сақланди;

инвестициялар таркибидаги ижобий ўзгаришлар ва улар ҳажмининг 41 фоиз ўсиши, шу жумладан корхоналарнинг маблағлари ҳисобига инвестицияларнинг  78,2%, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг  56,8% ўсиши ҳисобига  таркибий қайта ўзгартиришлар, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини  модернизация қилиш ва янгилашни давом эттиришга эришилди. Умуман республика бўйича 105 та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. Ялпи ички маҳсулотда хизматлар соҳаси улуши 44,4 фоизгача кўпайди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш улар ўсишининг юқори суръатларини ва ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес салмоғининг ўтган йилнинг тегишли давридаги 33,2 фоиз ўрнига  35,1 фоизгача ошишини таъминлади.

Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш мақсадли комплекс дастурларини амалга ошириш  давом эттирилди. Улар  жорий йилнинг биринчи чорагида 169,5 минг янги иш ўрни (2007 йилнинг шу давридагига нисбатан 113%), шу жумладан хизматлар ва сервис соҳасида 67 мингдан ортиқ, касаначиликни ташкил этиш ҳисобига 55 минг иш ўрни  яратилишини таъминлади.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2007 йилнинг I чорагига нисбатан 1,3 баравар кўп маҳсулот ишлаб чиқарилди,  импортнинг ўрнини босишнинг ҳисобланган самараси 464 млн долларни ташкил этди.

"Ёшлар йили" Давлат дастури тадбирларини амалга ошириш юзасидан фаол чора-тадбирлар кўрилди, уларни молиялаштириш учун жорий йилда 1,5 трлн сўм ажратиш назарда тутилган. Қуролли Кучлардаги хизматдан қайтган 3,2 минг нафар ёш  ишга жойлаштирилди. Қишлоқ жойларда ёш оилаларга қорамол сотиб олиш учун 1,4 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Аҳолини озиқ-овқат товарлари билан  кафолатли таъминлаш ва  озиқ-овқат товарлари нархларининг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида дон ва ўсимлик ёғининг қўшимча давлат захираларини яратиш, сифатли уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун кредит ресурслари ажратиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан  ҳосилга кирмаган ёш боғлар ва узумзорларнинг қатор ораларига қўшимча равишда сабзавот экинлари экиш ҳисобига  мева, сабзавот, картошка ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш учун барча тоифадаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг манфаатдорлигини рағбатлантириш  чора-тадбирлари кўрилди.

Шу билан бирга, ноқулай табиий-иқлим шароитлари туфайли қиш даврида "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзқурилиш-материаллари" акциядорлик компанияси, "Ўзгўштсутсаноат" уюшмасининг бир қанча корхоналарида, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқариш дастурлари бажарилмади.

Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган хорижий кредитлар ҳисобига молиялаштирилаётган  10 та инвестиция лойиҳасини, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига молиялаштирилаётган 6 лойиҳани, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш тармоқ дастурлари доирасида  31 лойиҳани  амалга оширишда тасдиқланган жадваллардан орқада қолинмоқда.

Қашқадарё, Наманган, Тошкент вилоятларида ва "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси корхоналарида Маҳаллийлаштириш дастурининг айрим лойиҳалари бўйича ишлаб чиқаришнинг прогноз кўрсаткичларидан орқада қолишга йўл қўйилган.

2008 йилда  таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилиши керак бўлган  мелиорация объектлари бўйича 12 та (7%) лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва экспертиза қилиниши тугалланмаган.

"Ўзбекенгилсаноат", "Ўздонмаҳсулот" компанияларининг, "Ўзбекчарм-пойабзали", "Ўзагромашсервис", "Ўзэлтехсаноат" уюшмаларининг  айрим корхоналарида, шунингдек Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ва Навоий вилоятининг Кармана туманида  назарда тутилган касаначилик иш ўринларини барпо этиш таъминланмаган. Бухоро, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг 104 та йирик саноат корхонасида  касаначиларни буюртмалар, хом ашё ва асбоб-ускуналар билан  таъминламаслик, иш ҳақини ўз вақтида тўламаслик ҳолатларига йўл қўйилган.

Янги корхоналар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида янги корхоналар ташкил этиш учун фойдаланилмаётган ер участкаларини ажратишда, уларни кадастр бўйича расмийлаштиришда,  қурилиш ва инфратузилма тармоқларига уланишга рухсатномалар олишда  асоссиз бюрократик тўсқинлик қилиш ҳоллари  давом этмоқда.


2. Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари  10 кун муддатда  кенгайтирилган мажлисларда:

2008 йилнинг I чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ва иқтисодий ислоҳотларнинг  боришини танқидий таҳлил қилсинлар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг  шу йил  8 февралда Вазирлар Маҳкамаси  мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган 2008 йилда иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан келиб чиқадиган вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши, шунингдек биринчи ярим йиллик ва умуман 2008 йилнинг мўлжалланган мақсадлари ва прогноз кўрсаткичларига эришишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар.

Мажлис қарорининг ушбу банди бажарилиши тўғрисида икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


3. "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Ибрагимов), "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Аҳмедов), "Ўзқурилишматериаллари"  акциядорлик компанияси (Акрамов), "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси (Нурмуҳамедов) раҳбарлари ҳисобот даврида ишлаб чиқариш дастурлари ва экспортнинг прогноз кўрсаткичларига эришмаган корхоналар бўйича жорий йилнинг  I чорагида йўл қўйилган қолоқликнинг ўрнини тўлдиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминласинлар.

Қуйидагилар:

"Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси, "Ўзқурилишматериаллари"  акциядорлик компанияси, "Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси раҳбарлари - ҳам тармоқ, ҳам идоравий мансуб корхоналар бўйича жорий йилнинг  I ярим йиллиги ва 2008 йил якунлари бўйича ишлаб чиқариш дастурлари ва экспортнинг прогноз кўрсаткичлари сўзсиз бажарилиши учун;

"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси раҳбарлари - тузилган шартномаларга мувофиқ барча ишлаб чиқариш корхоналарининг ихтисосли хизматлар билан барқарор ва узлуксиз таъминланиши учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсинлар.

Ушбу банднинг бажарилиши натижалари жорий йилнинг I ярим йиллиги натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси  Президиуми мажлисида кўриб чиқилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги  (Ахлиддинов) Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Сатторов) икки ҳафта муддатда  умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қуриш ва уларни мукаммал реконструкция қилишнинг ҳолатини танқидий ўрганиб чиқсинлар. Пудрат ташкилотлари  томонидан шартнома мажбуриятларини бажаришда орқада қолиш ва бажармаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда пудрат ташкилотларига нисбатан белгиланган тартибда  жавобгарлик чоралари қўлланилишини, зарурият бўлганда шартномаларни бекор қилиш ва  кейинчалик қурилиш ишларини тугаллаш учун  бошқа пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда жалб этилишини таъминласинлар.

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қуриш ва уларни мукаммал реконструкция қилишнинг жорий ҳолати Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида ҳар чоракда кўриб чиқилсин.


5. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (Аҳмедов), "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси  (Ибрагимов),  Олмалиқ кон-металлургия комбинати (Рўзиев), Навоий кон-металлургия комбинати (Кучерский), "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси (Акрамов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Тўхтаев) раҳбарларига  айрим йирик инвестиция лойиҳаларини  амалга ошириш жадвалларида назарда тутилган ишларни бажариш таъминланмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган вазирликлар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар икки ҳафта муддатда Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги  билан биргаликда 2008 йил учун қурилишларнинг аниқ манзилли рўйхатида назарда тутилган ҳажмда маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлайдиган аниқлаштирувчи жадвалларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплексларига киритсинлар.

Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова) ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига мўлжалланган жадваллар амалга оширилишида орқада қолишга йўл қўйилаётган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳолати тўғрисида  реал сабаблар  кўрсатилган ва уларни бартараф этишга доир таклифлар билдирилган ҳолда  ахборот берсин.


6. Молия вазирлиги (Азимов) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Марказий банк (Муллажонов), Давлат солиқ қўмитаси  (Парпиев) ва Давлат божхона қўмитаси  (Носиров) билан биргаликда  шу йил 1 июлгача бўлган муддатда 2009 йил учун солиқ, бюджет ва пул-кредит сиёсати лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Гуськова) Марказий банк (Муллажонов) билан биргаликда 10 кун муддатда 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогнозини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар дастурининг режа-жадвалини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар, прогноз лойиҳаси кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига шу йил 15 июлгача бўлган муддатда тақдим этилиши назарда тутилсин.


8. Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо  вазирлиги (Ғаниев), Молия вазирлиги (Гуськова) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қабул қилинган дастурлари,  ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш тармоқ дастурлари,  иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, республика ҳудудларини ривожлантиришнинг бошқа мақсадли дастурлари, шунингдек ишлаб чиқилаётган ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва реконструкция қилиш дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган 2009 йилга Инвестиция дастури лойиҳасини шу йил 1 августгача Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар;

шу йил 1 сентябргача 2009 йил учун экспорт прогнози тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига  киритсинлар, унда  юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот турлари ва экспорти ҳажмини янада кенгайтириш назарда тутилсин.


9. Қашқадарё (Зайниев), Наманган (Нажмиддинов), Тошкент (Ниязов) вилоятлари, "Ўзэлтехсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Саидумаров) раҳбарларига  Маҳаллийлаштириш дастурининг айрим лойиҳалари бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари  Маҳаллийлаштириш дастурининг айрим лойиҳалари прогноз кўрсаткичлари бажарилиши барбод қилиниши сабабларини икки ҳафта муддатда танқидий ўрганиб чиқсинлар ва жорий йилнинг I ярим йиллиги ва умуман 2008 йил якунлари бўйича  дастурнинг барча лойиҳалари прогноз кўрсаткичлари бажарилиши бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсинлар. 


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар  ҳокимлари зиммасига аҳолини озиқ-овқат товарлари билан барқарор, узлуксиз таъминлаш ва инфляция даражасининг прогноз параметрларига риоя этилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

Қорақалпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Монополиядан  чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов) ва Давлат солиқ қўмитаси  (Парпиев) билан биргаликда аҳолининг озиқ-овқат товарлари билан барқарор таъминланишини ва улар нархларининг прогноз қилинаётган даражасига риоя этилишини назорат қилиш бўйича махсус ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этсинлар.

Тошкент шаҳри ҳокими А.Тўхтаевнинг жорий йил мобайнида ва 2008-2009 йилларнинг бўлажак куз-қиш даврида шаҳар аҳолисининг озиқ-овқат товарлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлиқ ва мақбул нархларда таъминланиши тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.   


11. Давлат божхона қўмитаси (Носиров), Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси (Ибрагимов) Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), Ички ишлар вазирлиги  (Матлюбов), Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш  департаменти (Дусанов), маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда товар ва материаллар контрабанда йўли билан ўтказиладиган айланма йўлларни аниқлаш ҳамда ҳар қандай контрабанда уринишларининг, айниқса, асосий озиқ-овқат  маҳсулотларининг республикадан ташқарига ноқонуний олиб чиқиб кетилиши ҳолларининг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрсинлар.

Кўрилган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


12. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) билан биргаликда озиқ-овқат  товарларининг жаҳон бозори конъюнктураси ва бошқа давлатлар томонидан ўзларининг ички озиқ-овқат  бозорларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан доимий мониторинг олиб борилишини таъминласин. Мониторинг натижалари бўйича ҳар ҳафтада Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий материаллар ва тегишли таклифлар киритилсин.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Янгибоев), Бухоро (Хусенов), Жиззах (Анорбоев), Навоий (Рўзиев), Наманган (Нажмиддинов), Сурхондарё (Жўраев), Сирдарё (Жалолов) ва Тошкент (Ниязов) вилоятлари ҳокимликларининг мева-сабзавот маҳсулотлари харид қилиш юзасидан фермер хўжаликлари билан тузилган шартномалар бўйича қайта ишловчи ва тайёрлов корхоналари томонидан аванс тўловларининг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш ишларининг қониқарсиз эканлиги қайд қилиб ўтилсин.

Қайд этиб ўтилган ҳудудлар раҳбарлари кўрсатиб ўтилган аванс тўловларининг белгиланган муддатларда ва тўлиқ ҳажмда тўланишини таъминлаш бўйича қўшимча равишда аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар. Бажарилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


14. Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2008 йилда сабзавот, полиз маҳсулотлари ва картошка етиштириш ҳажмларини камида 20 фоизга, чорвачилик маҳсулотларини 10 фоизга, ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни 15 фоизга кўпайтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) ҳамда Ёғ-мой ва озиқ-овқат  саноати корхоналари уюшмаси (Жўраев) билан келишган ҳолда бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ҳокимликларига республика ҳудудлари бўйича кунгабоқар экин майдонларини, четдан наслдор қорамоллар келтиришни, сабзавот, полиз маҳсулотлари, картошка, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажмларини қўшимча равишда кўпайтиришнинг прогноз параметрларини етказсин.


15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) билан биргаликда:

фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан юқори сифатли уруғлик картошка, полиз ва сабзавот экинлари уруғлари ва кўчатлари, ниҳоллари сотиб олинишини, шу жумладан тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳамда келгуси ҳосил учун аванс тўловлари ҳисобига сотиб олинишини ташкил этсинлар;

такрорий ва оралиқ экинларни, шу жумладан ҳосилга кирмаган ёш боғ ва узумзорларнинг қатор ораларига экиш ҳисобига сабзавот экинлари майдонларини кўпайтириш, ем-хашак экинлари, шоли, шунингдек сабзавотлар ўстиришнинг сувни тежайдиган илғор инновация технологияларини жорий этиш, шу жумладан янгиланиб бориладиган энергия манбаларига эга бўлган теплица хўжаликларида татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар;

фермер хўжаликлари томонидан кунгабоқар экишни суғориладиган 21 минг гектар ер ҳисобига кўпайтирилишига кўмаклашсинлар;

республикага қўшимча равишда 14,8 минг бош юқори маҳсулдор, наслдор қорамол келтирилишини таъминласинлар, молларни сунъий уруғлантириш ҳажмларини 2,5 баравар кўпайтириш чора-тадбирларини кўрсинлар.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) билан биргаликда қўшимча равишда белгиланган прогнозларга эришишга йўналтирилган чора-тадбирларнинг бажарилиши юзасидан қатъий мониторинг ўрнатсин, мониторинг натижаларини ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 


16. Тижорат банкларига:

республика ташқарисидан келтириладиган наслдор, юқори маҳсулдор молларни харид қилиш учун кредитлар ажратиш; 

мева-сабзавот маҳсулотлари харид қилиш шартномалари бўйича фермер хўжаликларини  ўз вақтида аванс маблағлари билан таъминлаш учун агрофирмаларга ва тайёрлов ташкилотларига, шунингдек деҳқон ва фермер хўжаликларидан мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ҳамда картошка харид қилиш учун тайёрлов ташкилотларига қисқа муддатли кредитлар ажратиш;

юқори сифатли уруғлик картошка, полиз ва сабзавот экинлари уруғи ва кўчатлари, ниҳоллар, минерал ўғитлар сотиб олиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига кредитлар бериш;

2008 йил 1 августдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотларини куз-қиш даври учун  ғамлашга қўйиш учун "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси корхоналарига, "Матлуботсавдо" ҳудудий акциядорлик компанияларига, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотларини қишда сақлаш учун зарур шароитларга эга бўлган бошқа тайёрлов ташкилотларига 9 ойгача муддат билан кредитлар ажратилишини ташкил этиш;

лизинг компаниялари билан биргаликда агрофирмаларга мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш учун лизинг асосида асбоб-ускуналар ва мини-технологиялар сотиб олишда кўмаклашиш тавсия этилсин.


17. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси (Файзиев), "Матлуботсавдо" ҳудудий акциядорлик компаниялари:

тайёрлов ташкилотлари, деҳқон бозорлари дирекциялари билан биргаликда деҳқон бозорларида, ихтисослаштирилган мева-сабзавот дўконларида, шунингдек шаҳарлар аҳолиси учун махсус ташкил этиладиган мева-сабзавот ярмаркаларида мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, узум ва картошка доимий равишда етарли миқдорда ва кўплаб турда мавжуд бўлишини таъминласинлар;

2008 йил 1 августгача республика аҳолисининг келгуси йил ҳосилигача бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда 2008-2009 йиллар қиш даври учун мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ғамланишини таъминлаш учун омборлар ва совутиш камераларининг ҳолатини пухта хатловдан ўтказсинлар, уларнинг тайёрлаб қўйилишини тугалласинлар;

тайёрлов ташкилотлари билан биргаликда   2008 йил 1 ноябргача бўлган муддатда мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка захираларининг куз-қиш учун ғамланишини тугалласинлар.

Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев):

бир ой муддатда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ғамланадиган маҳсулотлар турлари ва ҳудудлар бўйича янги ҳосил олинадиган давргача бўлган мавсум оралиғида аҳолига барқарор равишда сотишни таъминлайдиган ҳажмда мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка захираларини ғамлашнинг прогноз кўрсаткичларини етказсин;

ушбу банднинг бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсин. Маҳсулотлар ғамлаш ишларининг бориши тўғрисида жорий йилнинг 15 августидан бошлаб ҳар ҳафтада Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


18. Омихта чорва озуқалари ишлаб чиқариш ва уларни ихтисослаштирилган савдо шохобчалари орқали, айниқса чекка қишлоқ жойларда, сотишнинг белгиланган топшириғи бажарилишини таъминланмаганлиги учун "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси  раиси Э.Қудратовга қатъий кўрсатиб ўтилсин.

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси (Қудратов), Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси (Жўраев) Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ягона ихтисослаштирилган шохобчаларга, айниқса узоқ қишлоқ аҳоли пунктларидаги шохобчаларга омихта чорва озуқалари, шрот ва шелуханинг ўз вақтида келтирилиши ва уларда аниқ манзилли сотилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар.

Кўрилган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


19. Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси (Жўраев) ҳамда "Ўзстандарт" агентлиги (Бўриев) билан биргаликда  янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, тармоқда ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритган ҳолда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳамда унинг чиқиши нормативларини ва регламент стандартларини бир ой муддатда қайта кўриб чиқсин. 


20. Марказий банкка (Муллажонов) тижорат банклари билан биргаликда икки ҳафта муддатда:

аҳоли пул маблағларининг банклар депозитларига жалб этилишини янада рағбатлантиришга, омонатларнинг жалб этувчан турларини жорий этишга  ва банк хизматлари кўрсатиш сифатини оширишга;

банкдан ташқари айланмани, шу жумладан аҳолига, чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳаси корхоналарига банк хизматлари кўрсатувчи мини-банклар ва ихтисослаштирилган кўчма кассалар жойлашувини янада кенгайтириш ҳисобига қисқартиришга;

нақд пул тушумига эга бўлган мижозларни янада кенг қамраб олган ҳолда инкассация йўналишларини мақбуллаштириш ва кўпайтиришга йўналтирилган қўшимча тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия қилинсин.

Кўрилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилсин.


21. Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев) Республика инкассация бирлашмаси (Рофиев) билан биргаликда нақд пул тушумларининг, шу жумладан юқори ликвидли озиқ-овқат  товарларини сотишдан олинган маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда банклар кассаларига тушишини ва кирим қилинишини таъминлаш, юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан озиқ-овқат  товарларини сотишнинг белгиланган қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш юзасидан назоратни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсин.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


22. Тасарруфидаги корхоналарда касаначилик меҳнатини ташкил этиш масалаларига зарур даражада эътиборнинг йўқлиги учун "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси М.Саидумаровга ҳайфсан эълон қилинсин. Жорий йилнинг I ярим йиллиги якунларига кўра М.Саидумаровнинг йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлари натижалари кўриб чиқилсин ва ижобий ўзгаришлар бўлмаган тақдирда унинг эгаллаб турган лавозимга муносиблиги масаласи кўриб чиқилсин.

Наманган (Нажмиддинов) ва Тошкент (Ниязов) вилоятлари ҳокимликлари раҳбариятининг саноат корхоналари ва касаначилар ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш бўйича ишлари қониқарсиз деб эътироф этилсин. Наманган вилояти ҳокими И.Нажмиддинов ва Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи З.Ниязов касаначиликни ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсин, уларнинг  ҳисоботлари жорий йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида эшитилсин.

"Ўзбекенгилсаноат" (Рўзиқулов), "Ўздонмаҳсулот" (Қудратов) компаниялари, "Ўзбекчармпойабзали" (Отахонов), "Ўзагромашсервис" (Ишмуродов), "Ўзэлтехсаноат" (Саидумаров) уюшмалари раҳбарларига, Бухоро (Хусенов) вилояти ва Тошкент шаҳар (Тўхтаев) ҳокимларига тасарруфидаги айрим корхоналарда касаначиликни ташкил этиш ишларининг етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилсин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар ўзларига қарашли корхоналарда касаначиликдан фойдаланишнинг аҳволини танқидий ўрганиб чиқсинлар ва касаначилик асосида иш ўринлари сонини кўпайтириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрсинлар.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


23. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов) билан биргаликда:

бир ой муддатда 2008 йилнинг II-IV чоракларида касаначилик иш ўринларини ташкил этиш параметрларини қайта кўриб чиқсинлар, бунда корхоналарнинг касаначилар билан кооперациясини ривожлантириш ва касаначилик турларини кенгайтириш борасидаги имкониятлари тўлиқ ишга солинишини назарда тутсинлар;

йирик корхоналар томонидан касаначилар билан тузиладиган меҳнат шартномалари талабларига сўзсиз риоя қилинишини, шу жумладан уларни буюртмалар, хом ашё, асбоб-ускуналар билан ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда таъминлаш, иш ҳақини тўлаш, шунингдек касаначилик мавжуд бўлган корхоналар ва ҳудудларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда касаначилик турларини кенгайтиришни таъминласинлар.


24. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов):

бир ой муддатда барча хўжалик бирлашмаларига, йирик корхоналарга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига касаначилик масалалари бўйича норматив-методик материалларни уларга турли корхоналардаги мавжуд ижобий тажрибани, касаначиликни ташкил этишнинг самарали турлари, моделлари ва схемаларини киритган ҳолда етказсин;

Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев) ҳамда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов) билан биргаликда икки ой муддатда хўжалик юритувчи субъектларни касаначиликни кенгайтирганлик учун янада рағбатлантириш ва уларнинг жавобгарлигини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


25. Навоий (Рўзиев), Жиззах (Анорбоев), Қашқадарё (Зайниев), Тошкент (Ниязов), Хоразм (Оллаберганов), Андижон (Усмонов) ва Фарғона (Ғофуров) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тадбиркорлик тузилмаларига янги иш ўринлари ташкил этган ҳолда янги корхоналар ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётганларини кенгайтириш учун фойдаланилмаётган ер участкаларини беришда, уларни кадастр бўйича расмийлаштиришда, қурилишга ва муҳандислик коммуникацияларига уланишга ўз вақтида рухсатномалар беришга етарли даражада кўмаклашилмаётганлиги кўрсатиб ўтилсин.

Адлия вазирлиги (Муҳитдинов) Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов) ва Савдо-саноат палатаси (Шайхов) билан биргаликда икки ой муддатда жойларга борган ҳолда республиканинг барча ҳудудларида тадбиркорларга ер участкалари ва бўш турган биноларни бериш, уларни кадастр бўйича расмийлаштириш, қуришга ва уларни муҳандислик коммуникацияларига улашга рухсатномалар бериш юзасидан тадбиркорларнинг аризалари ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқилиши аҳволини танқидий ўрганиб чиқсин ва натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин.


26. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), "Ўзнефтмаҳсулот" (Азизов), "Ўздонмаҳсулот" (Қудратов) акциядорлик компаниялари, "Ўзагромашсервис" уюшмаси (Ишмурадов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

дон қабул қилиш пунктлари ва элеватор хўжалигини бошоқли  экинлар дон ҳосилини ўриб-йиғиб олишга ва тайёрлашга ўз вақтида ҳозирлаб қўйишни, дон ўриш-йиғиш комбайнлари ва транспорт воситаларини таъмирлашни жорий йилнинг  1 майигача тугаллашни таъминласинлар;

жорий йилнинг 1 майигача Вазирлар Маҳкамасига бошоқли  экинларнинг 2008 йилги дон ҳосилини ўриб-йиғиб олишни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсинлар.


27. Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти (Юсупов) Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Ҳамроев) билан биргаликда бир ой муддатда Фарғона вилоятидаги реконструкция қилинадиган ва қуриладиган  7 та объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни ҳамда экспертизага топширишни тугалласин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Ҳамроев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2008 йил 1 сентябргача бўлган муддатда 2008 йил учун назарда тутилган мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини ва экспертизага топширилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.

Ушбу банднинг бажарилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


28. "Ўзмелиомашлизинг" давлат лизинг компанияси (Химматов) Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Нажимов), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Ҳамроев) ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти (Юсупов) билан биргаликда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурида назарда тутилган импорт мелиорация техникаси, машиналари ва бошқа механизация воситаларини ўз вақтида харид қилиш ва улардан 2008 йилда самарали фойдаланилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсинлар.


29. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси  зиммасига юклансин.

Ушбу протоколнинг бажарилиши ҳар ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида кўриб борилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  Ш. Мирзиёев