Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 08.02.2008 й. 1-сон Баёни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

08.02.2008 й.

N 1



Раислик қилувчи:

Раислик қилувчи: И.А. Каримов - Ўзбекистон Республикаси Президенти


Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Раиси


И.М.Собиров

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси Спикери


Д.Ғ.Ташмухамедова

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири ва Бош вазир ўринбосарлари


Ш.М.Мирзиёев, Р.С.Азимов, А.Н. Арипов,

С.Т.Иномова, Р.С.Қосимов, Н.М.Ханов,

Қ.С.Санақулов, Э.Р.Шаисматов, Р.В.Абдуқодиров


Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Давлат

маслаҳатчилари ва уларнинг

ўринбосарлари


Р.С.Шамшиев, М.И.Атаев, И.Б.Абдуллаев,

Б.А.Абдуҳалимов, В.А.Голишев, Х.М.Султонов,

М.Х.Раҳмонқулов, А.К.Ворисов, Ш.Р.Ғофуров


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, матбуот вакиллари (рўйхат бўйича).



2007 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

якунлари ва 2008 йилда ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг

энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида

(Каримов, Саидова, Анарбоев, Хусенов, Ниязов,

Хўжаев, Ғофуров)


1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2007 йилда иқтисодиётнинг юқори барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлиги таъминланди, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ишлари давом эттирилди. Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 9,5 фоизга ўсди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатлари 12,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги бўйича - 6,1 фоизни, қурилиш ишлари бўйича - 15,7 фоизни, чакана товар айланмаси бўйича - 21,0 фоизни, пулли хизматлар кўрсатиш бўйича - 20,6 фоизни ташкил қилди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди, инфляция даражаси тасдиқланган прогноз кўрсаткичдан ошмади.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар натижасида фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий шаклига айланди. Қишлоқда бозор инфратузилмаси амалда янгидан барпо этилди, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш ва рағбатлантириш сифат жиҳатидан янги тамойиллар асосида олиб борилди, тармоқни бошқариш тамойиллари ва тизими ўзгармоқда.

Мамлакат иқтисодиётида юз бераётган жиддий таркибий ўзгаришлар ташқи иқтисодий алоқалар кўрсаткичларида аниқ акс этди. Экспорт ҳажми ўсишининг юқори суръатлари (40,7 фоиз) ҳисобига тўлов балансининг барқарорлиги ва мамлакатимиз олтин-валюта захираларининг сезиларли даражада ўсиши таъминланди. Экспорт ҳажмида тайёр маҳсулотлар улуши 38 фоиздан ортиқ бўлди. Мамлакатнинг ташқи қарзлари ҳажми ва унга йиллик жорий хизмат кўрсатиш даражаси энг паст кўрсаткичларга эга.

Иқтисодиётга инвестиция қўйиш умумий ҳажми 2007 йилда 23 фоизга ўсди. Инвестицияларнинг 70 фоизидан ортиғи ишлаб чиқариш объектлари қурилишига, шу жумладан 50 фоизга яқини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилишга йўналтирилди. Бунда ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг ҳажми 58 фоиздан ортиқ ўсгани ҳолда 1 млрд доллардан ортиқ бўлди. Уларнинг қарийб 76 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил қилди.

Хусусий тадбиркорликни янада эркинлаштириш ва рағбатлантириш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликни мустаҳкамлаш, солиқ юкини ва давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини изчил камайтириш, бозор инфратузилмасини шакллантириш ишлари давом эттирилди. Давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга ёндашувлар тубдан қайта кўриб чиқилди.

Банк-молия тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ва уларнинг кўламларини кенгайтириш тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини, капиталлашув даражасини янада ошириш ва мустақиллигини мустаҳкамлаш имконини берди. Ўтган йилда тижорат банкларининг устав сармояси қарийб 2 баравар ўсди.

Аҳоли бандлигини ва даромадларини ошириш муаммолари аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда ва изчил ҳал этилмоқда. Ўтган йилда қўшимча равишда 630 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, уларнинг қарийб учдан икки қисми қишлоқ жойлардадир, ўртача ойлик реал иш ҳақи 47,2 фоизга кўпайди ва 2007 йил декабрь ойида 210 АҚШ доллари эквивалентига тенг миқдорни ташкил этди. Таълим, соғлиқни сақлаш, болалар спорти тизимлари ва ижтимоий инфратузилмани бошқаришни такомиллаштириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилди.

Шу билан бирга, кичик бизнес соҳасини, савдо тармоғини ва умуман инфратузилмани ривожлантиришга, минтақаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга эътиборнинг етарли эмаслиги оқибатида бир қатор маҳаллий бюджетларнинг, энг аввало, Сурхондарё, Жиззах, Наманган вилоятларида ва кўпгина қишлоқ туманларида дотация олиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Рақобат муҳитини шакллантириш муаммолари кескинлигича қолмоқда, бозор инфратузилмаси, аудиторлик, суғурта, лизинг фаолияти, айниқса қишлоқ жойларда ҳали ҳам етарлича ривожланмаяпти.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Ҳозирги вақтда суғориладиган ерларнинг қарийб 8 фоизи шўрланиш даражаси ва сизот сувлар сатҳи юқори бўлган мелиоратив ҳолати ёмон ерлардир. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятларида ва бошқа бир қатор вилоятларда вазият ўта мураккаблигича қолмоқда.


2. Қуйидагилар 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари этиб белгилансин:

макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётни ўстиришнинг барқарор ва мувозанатлашган суръатларини таъминлаш, жалб қилинадиган хорижий инвестицияларни, энг аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш ҳисобига таркибий ўзгартиришларни, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ва янгилашни давом эттириш;

ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни, солиқ-бюджет сиёсатини янада эркинлаштириш, бозор инфратузилмасини жадал ривожлантириш;

аҳолининг иш билан бандлигини яхшилаш ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим йўналиши сифатида кичик бизнесни ва хусусий тадбиркорликни, хизматлар кўрсатиш соҳасини ва касаначиликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини оширишни таъминлаш;

"Ёшлар йили" Давлат дастурини бажариш чора-тадбирларини амалга ошириш.

Бутун Дастурнинг ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларининг марказига энг муҳим устувор вазифа - инсон манфаатлари устуворлиги қўйилган.

Белгиланган устувор вазифаларнинг сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси мажлисида қарор қабул қилинди:


3. Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўн кун муддатда кенгайтирилган мажлисларда иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида ва соҳаларида, республика ҳудудларида ислоҳотларнинг чуқурлаштирилиши якунларини танқидий таҳлил қилсинлар ҳамда 2008 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари ва йўналишлари амалга оширилишини таъминловчи аниқ чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсинлар, уларни бажаришнинг аниқ муддатларини ва масъул ижрочиларни, шунингдек ушбу вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини назорат қилиш механизмини белгиласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Гуськова), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев) ва Давлат божхона қўмитаси (Носиров):

ишлаб чиқаришни модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича қабул қилинган тармоқ дастурларининг амалга оширилиши юзасидан қатъий мониторинг ўрнатсинлар, бунда ажратилаётган маблағлар, ресурслар ҳамда берилаётган имтиёзлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишига, манфаатдор хорижий инвесторларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратсинлар;

лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда белгиланган муддатларда лойиҳаларнинг ТИА/ТИҲлари ишлаб чиқилиши ва экспертизадан ўтказилишини, тендер тартиб-таомиллари амалга оширилишини, контрактлар тузилишини ҳамда лойиҳаларнинг ТИА/ТИҲларининг узил-кесил параметрларини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласинлар.

Вазирлар Маҳкамаси ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича тармоқ дастурларининг бажарилишини ҳар чоракда ўз мажлисларида кўриб чиқсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Гуськова), Марказий банк (Муллажонов), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Ғуломов) бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг функциялари ва ваколатларини кенгайтириш, унинг ресурсларини кескин кўпайтиришнинг қўшимча манбалари, Жамғарма маблағлари ҳисобига, шунингдек хорижий инвесторлар билан биргаликда молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати бўйича таклифлар киритсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Азимов), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев) манфаатдор вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ва хўжалик бирлашмалари  билан биргаликда:

2008 йил 1 мартгача бўлган  муддатда - 2008 йилда саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ўтказиш, ишчи аппаратига эга бўлган, доимий фаолият кўрсатадиган саноат кооперация биржасини ташкил этиш, ишчи аппаратига республика корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйишда кўмаклашиш функциясини юклаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини;

бир ой муддатда - 2008-2010 йилларда маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури лойиҳасини;

бир ой муддатда - 2008-2012 йилларда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини;

2008 йил  1 июнгача бўлган муддатда - ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ва инновация технологиялари ишлаб чиқилиши ва уларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этилишини рағбатлантирадиган механизмлар яратилишини назарда тутадиган инновация технологияларини ривожлантириш бўйича тадбирлар комплексини;

2008  йил 1 июлгача бўлган муддатда - энергетика тармоқларини, сув билан таъминлаш, канализация тизимларини, автомобиль ва темир йўллар шохобчаларини, биринчи навбатда қишлоқ туманларида янгилаш ва кенгайтиришга, шу жумладан кейинчалик ушбу зоналарда янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштиришга йўналтирилган ўрта муддатли Ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва реконструкция қилиш дастури лойиҳасини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


7. Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М.Мирзиёев) Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси (Мусаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Гуськова), Адлия вазирлиги (Муҳитдинов), Олий хўжалик суди (Ишметов) иштирокида 2007-2010 йилларда Хусусийлаштириш дастури ва инвесторлар томонидан олинган инвестиция мажбуриятлари бажарилишининг ҳолатини танқидий таҳлил қилсин ҳамда икки ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар киритсин, бунда:

ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник жиҳатдан янгилаш, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ўз зиммасига мажбуриятлар олаётган ишончли ва масъулиятли хусусий инвесторларни хусусийлаштириш жараёнларига жалб этиш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш;

ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш, экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни, хусусийлаштирилган корхоналарнинг самарали ва молиявий барқарор фаолиятини ташкил этиш бўйича қабул қилинган инвестиция мажбуриятлари сўзсиз бажарилиши учун янги мулкдорларнинг иқтисодий ва юридик жавобгарлигини кучайтириш назарда тутилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Азимов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Давлат солиқ қўмитаси (Парпиев), Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов), Марказий банк (Муллажонов) бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда - Вазирлар Маҳкамасига янги таҳрирдаги Солиқ кодексини амалда рўёбга чиқариш мониторинги бўйича махсус Идоралараро гуруҳ ташкил этиш юзасидан таклифлар киритсинлар ва зарурият бўлса Вазирлар Маҳкамасига Солиқ кодексининг айрим нормалари ва қоидаларини янада такомиллаштиришга йўналтирилган таклифларни тақдим этиб борсинлар;

бир ой муддатда - халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳасида бюджет ташкилотларини молиялаштириш механизмини янада такомиллаштириш, янги ташкил этилган ғазначилик органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

бир ой муддатда - молия-банк, аудиторлик ва суғурта фаолиятини ривожлантиришнинг қабул қилинган дастурлари бажарилишини таҳлил қилсинлар ва тўпланган тажрибани ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамасига суғурта, аудиторлик, лизинг компаниялари, тижорат банклари фаолиятини қўшимча рағбатлантириш, уларнинг капиталлашувини, инвестиция фаоллигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, улар томонидан аҳолига ва хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини, айниқса қишлоқ жойларда кенгайтириш бўйича таклифлар киритсинлар.


9. Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М.Мирзиёев) маҳаллий бюджетларнинг дотация олишини қисқартириш тўғрисидаги масалани 2008 йилнинг I чораги якунлари бўйича ўз мажлисида алоҳида кўриб чиқсин ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, касаначилик, савдо тармоғи ва умуман инфратузилмани ривожлантириш, минтақаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича вилоятлар ва туманлар бюджетлари даромади ўсишини таъминлайдиган аниқ қарорлар қабул қилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси (Улашов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Гуськова), Адлия вазирлиги (Муҳитдинов) Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (Тўхтабоев) ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда - Вазирлар Маҳкамасига Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган ҳар ойлик жадваллар асосида монопол маҳсулотларни мавсумий талабни ҳисобга олган ҳолда биржа савдоларига қўйиш тартибини киритсинлар. Жадвалларнинг бажарилиши натижалари тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин;

бир ой муддатда - республикада рақобат муҳитини шакллантириш масалалари бўйича ишларнинг аҳволини танқидий таҳлил қилсинлар, айрим хўжалик юритувчи субъектларга берилган имтиёзларни пухта инвентаризация қилсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига айрим тармоқларда иқтисодиётнинг монополлашуви даражасини қисқартиришга, бозорнинг барча қатнашчилари учун тенг рақобат шароитларини таъминлашга йўналтирилган аниқ таклифлар киритсинлар.


11. Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М.Мирзиёев) "Транспорт воситалари эгаларининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги ва "Иш берувчининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги қонунлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ва кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Азимов) суғурталовчилар уюшмаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва иш берувчининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишнинг такомиллаштирилган тизимини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар пакети ишлаб чиқилишини, тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин бир ой муддатда уларнинг Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Гуськова), Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (Ғаниев), Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов) бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда:

бир ой муддатда - Вазирлар Маҳкамасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни янада рағбатлантириш бўйича таклифлар киритсинлар, бунда 2008 йилда ялпи ички маҳсулотда уларнинг улушини 48 фоизгача, 2010 йилда 50-52 фоизгача етказиш назарда тутилсин;

2008 йилнинг 1 майигача бўлган муддатда - шаҳарлар ва қишлоқ туманлари аҳолисининг сифатли ичимлик суви билан таъминланишини яхшилашга ва газни тежамли ишлатишга йўналтирилган янги лойиҳаларни халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб этган ҳолда амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар;

икки ой муддатда - 2008-2010 йилларда республика минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар, уларда кичик бизнес, касаначилик, бозор инфратузилмасини ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш асосида аҳоли турмуши сифатини янада яхшилаш, бандлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутсинлар. Бунда шаҳарлар ва туманларда экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар чиқариш бўйича  замонавий, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этишга, хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга устувор аҳамият берилсин.

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқланган ҳудудий дастурларнинг амалга оширилишини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов) Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси (Ғафуров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллари бош сонини кўпайтиришни ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кенгайтиришни янада рағбатлантириш юзасидан таклифлар киритсинлар.


14. Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М.Мирзиёев) тегишли тузилмалар билан биргаликда вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар бошқарув органлари раҳбарлик лавозимларини вазирликлар ва идоралар марказий аппаратларининг жойларда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолининг иш билан бандлиги, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш, ушбу мақсадлар учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича қўйилган вазифаларни амалга оширишни таъминлашга қодир бўлган ёш, юқори малакали, профессионал тайёрланган ва тажрибали мутахассислар билан тўлдириш механизмини ишлаб чиқсин ва тизимли асосда амалиётда кенг қўлласин.


15. Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М.Мирзиёев) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Азимов), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Исмоилов) иштирокида 2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурида белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шу жумладан:

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестициялар ва имтиёзли кредитларни қўшимча равишда жалб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш;

2008 йилда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш, шунингдек реконструкция қилиш ва қуриш бўйича назарда тутилган лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва экспертизадан ўтказилиши, сифатли амалга оширилиши;

замонавий мелиорация техникаси, машиналар ва бошқа механизация воситалари билан, шу жумладан лизинг асосида жиҳозланган, ишончли сервис хизмати билан таъминланган ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларининг ташкил этилиши;

мелиорация ишларини молиялаштириш механизмларини тубдан такомиллаштириш, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ресурсларини ўз вақтида ва барқарор шакллантириш, Дастурда назарда тутилган мелиорация ишларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари натижалари ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида муҳокама қилинсин.


16. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари "Ёшлар йили" Давлат дастури бўлимлари ва бандларининг белгиланган муддатларда тўлиқ ва сўзсиз бажарилиши юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар.

Бунда амалдаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга  қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритишга, педагог кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш даражасини оширишга ва шу асосда таълим жараёни сифатини тубдан яхшилашга, болаларнинг истеъдоди ва қобилиятини барвақт аниқлаш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тизимини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Парпиев), Халқ таълими вазирлиги (Жўраев), Иқтисодиёт вазирлиги (Хўжаев), Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Хаитов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда - бугунги кунда мутахассислар тайёрлаш ишларининг аҳволини инвентаризация қилсинлар ва пухта ўрганиб чиқсинлар, ҳар бир мутахассислик бугунги куннинг реал талабларига қанчалик жавоб беришини ва уларга бўлган талабни аниқласинлар ҳамда шу асосда Вазирлар Маҳкамасига ихтисосликларга тузатиш киритиш ва уларни ўзгартириш бўйича, зарур бўлган жойларда эса айрим ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини қайта ихтисослаштириш юзасидан таклифлар киритсинлар;

янги умумтаълим мактаблари, лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини фойдаланишга топшириш, фаолият кўрсатаётганларини мукаммал реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича 2008 йил учун белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласинлар, бунда 2009 йил якунларига кўра ўқувчиларнинг бепул мажбурий умумий ва уч йиллик махсус, касб-ҳунар таълими билан тўлиқ қамраб олинишига эришишни назарда тутсинлар.


18. Мазкур мажлис қарорининг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасига (Ш.М.Мирзиёев) ҳар чоракда кенгайтирилган мажлисларда вазирликлар, идоралар ва ҳудудий бошқарув органлари раҳбарларининг 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари Дастурида назарда тутилган топшириқлар ва вазифаларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов