Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 07.02.2004 й. "2003 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари, иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш ҳамда 2004 йилда иқтисодиётни янада эркинлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.02.2004 й.



2003 ЙИЛДА ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ

РИВОЖЛАНТИРИШ ЯКУНЛАРИ, ИҚТИСОДИЙ

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БОРИШИНИ БАҲОЛАШ

ҲАМДА 2004 ЙИЛДА ИҚТИСОДИЁТНИ ЯНАДА

ЭРКИНЛАШТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ ТЎҒРИСИДА



1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2003 йилда иқтисодиётни эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш йўли изчил давом эттирилди, бунинг натижасида:

макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатлари таъминланди. Ялпи ички маҳсулот 4,4 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми - 6,2 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоизга, пулли хизматлар кўрсатиш - 7,9 фоизга ўсди. Асосий сармояга инвестициялар 4,5 фоизга ўсди. Республика ва маҳаллий бюджетлар харажатларининг барча моддалари амалда бажарилди. 2003 йилдаги Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз тақчиллик билан ижро этилди;

Бюджет ва солиқ сиёсатини эркинлаштириш йўли изчил олиб борилди. Фойдадан олинадиган солиқ ставкаси 24 фоиздан 20 фоизгача, ижтимоий суғурта ажратмалар 37,3 фоиздан 35 фоизгача пасайтирилди, солиқларнинг айрим турлари бекор қилинди. Фискал ундиришлар даражаси 2002 йилдагига таққослаганда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 33,2 фоиздан 32,5 фоизгача камайди;

пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш, банкдан ташқари айланмани қисқартириш ва пул массаси ҳажмини мақбуллаштириш чора-тадбирлари аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилди. Натижада ўртача йиллик пул массаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 10,9 фоизгача қисқарди;

инфляция даражаси кескин пасайди ва 2002 йилдаги 21,6 фоиз ўрнига 2003 йилда 3,8 фоизни ташкил этди. Аҳолининг реал даромадлари 12,3 фоизга, тижорат банкларидаги омонатларга депозитлар - 44 фоизга кўпайди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига берилаётган кредитлар - 2,3 баравар ўсди;

қатъий пул-кредит сиёсати ҳамда айирбошлаш курсларини бирхиллаштириш ва валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича чора-тадбирлар таъминланди. Бу 2003 йилда жорий операциялар бўйича миллий валюта конвертациясини таъминлаш ҳамда Халқаро Валюта Жамғармаси Битимининг VIII моддасига қўшилиш имконини берди;

ташқи иқтисодий фаолият фаоллашди. Ташқи савдо айланмаси ҳажми 17,3 фоизга, экспорт ҳажми - 24,6 фоизга ўсди. Ташқи савдо айланмасида 760 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда ижобий сальдога эришилди;

фаол, пухта ўйланган инвестиция сиёсати амалга оширилди. 2003 йилда мамлакат иқтисодиётига қарийб 2 триллион сўм инвестиция қилинди, бу 2002 йилдагига қараганда 4,5 фоиз кўпдир. Капитал қўйилмалар таркибида марказлаштирилмаган инвестициялар улуши 2002 йилдагига таққослаганда 57 фоиздан 63 фоизгача ўсди.

Расман хусусийлаштиришдан реал хусусийлаштиришга ўтиш, унинг механизмини такомиллаштириш юзасидан аниқ қадамлар қўйиш таъминланди. 2003 йилда 2015 объект ва акциялар пакетлари сотилди, бу 2002 йилдагига нисбатан 1,6 баравар кўпдир. Собиқ давлат мулки негизида 980 тадан ортиқ хусусий корхона ва 400 га яқин мулкчиликнинг бошқа нодавлат шаклларидаги корхоналар ташкил этилди. Хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ҳажми бир йилда 1,3 баравар ўсди, шу жумладан мол-мулкни хорижий инвесторларга сотишдан тушум 3,4 баравар кўпайди;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил ривожланди. Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35,5 фоизга етди. Кичик бизнес корхоналарида ишлаётганлар салмоғи иқтисодиётда банд бўлганлар жами сонининг 57,0 фоиздан кўпроғини ташкил қилди;

98,6 минг ўқувчи ўрнига эга бўлган 143 академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, 22,1 минг ўқувчи ўрнига эга бўлган умумтаълим мактаблари, кунига 14,5 минг беморга хизмат кўрсатадиган қишлоқ врачлик пунктлари фойдаланишга топширилди. Қишлоқ аҳолисининг ичимлик сув ва табиий газ билан таъминланганлик даражаси ошди.

Шу билан бирга, иқтисодиётни ислоҳ қилишга доир қўйилган вазифаларнинг барчаси ҳам ўзининг тўлиқ мантиқий якунини топмади;

корхоналарни хусусийлаштириш дастурлари топшириқлари, айниқса, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Ўзавтосаноат” уюшмаси, “Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг” холдинг компанияси, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси тизимида, шунингдек Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари корхоналари бўйича бажарилмади. Акцияларнинг давлат пакетларини профессионал бошқарувчи компанияларга ишончли бошқарувга бериш ишлари суст ташкил этилган. Акциялар пакетларини инвестиция мажбуриятлари остида бепул беришда ортиқча эҳтиёткорлик намоён бўлмоқда;

капитал қурилишда ислоҳотлар жараёни суст амалга оширилмоқда, пудрат ва лойиҳалаш ишларининг самарали бозори ташкил этилмаган, лойиҳа-қидирув ташкилотларини хусусийлаштириш қониқарсиз бормоқда;

қишлоқда шартнома интизоми пастлигича қолмоқда, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлашнинг амалий тизими яратилмаган;

хўжалик бошқарувида маъмуриятчилик усуллари бартараф этилмаган, биринчи навбатда, хом ашё ва материаллар асосий турларини тақсимлашда маъмуриятчилик сақланиб қолмоқда, товар-хом ашё биржалари фаолияти қониқарсиз ташкил этилган, уларнинг айланмалари даражаси пастлигича қолмоқда;

хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси зарур даражада ривожлантирилмади, қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш даражаси пастлигича қолмоқда;

умумтаълим мактабларининг ҳолатини ва, биринчи навбатда, уларнинг моддий базасини қониқарли деб бўлмайди.


2. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари ўн кун муддатда минтақаларда, тармоқларда ва иқтисодиёт секторларида иқтисодий ислоҳотлар якунларини танқидий кўриб чиқсинлар, нуқсонлар ва камчиликлар бартараф этилишини таъминловчи зарур чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсинлар.


3. Қуйидагилар 2004 йилдаги асосий устувор йўналишлар деб ҳисоблансин:

капитал қурилишда, қишлоқ хўжалигида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида бошланган иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш, уларни изчил ва мантиқий давом эттириш;

ислоҳотларни янада эркинлаштириш ва чуқурлаштириш, миллий валютани мустаҳкамлаш йўлини давом эттириш, хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ “юки”ни камайтириш;

хусусийлаштириш жараёнларига янгича ривож бахш этиш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги кўлами ва улушини кенгайтириш;

қишлоқ хўжалигида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга, шартнома интизомини мустаҳкамлашга, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш тизимини ташкил этишни яхшилашга йўналтирилган бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш;

давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин қисқартириш ва чеклашга қаратилган маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, бошқарув тузилмаси ва тизимини тубдан ўзгартириш, бошқарувнинг зарур бўлмаган бўғинларини тугатиш;

тақсимлаш тизимининг эски маъмурий-буйруқбозлик, марказлаштирилган тизимини тугатиш, моддий ресурсларни биржалар, ким ошди савдолари, ярмарка савдолари орқали сотишнинг бозор механизмларига ўтиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни устувор ривожлантиришни рағбатлантириш, иқтисодиётни ривожлантиришда, иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш ва аҳоли даромадларини оширишда уларнинг ролини кучайтириш;

хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, айниқса қишлоқ жойларда жадал ривожлантириш;

умумтаълим мактаблари, умумий ўрта таълим ти зими тармоқларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

“Меҳр ва мурувват йили” комплекс дастурини амалга ошириш бўйича ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш.


4. Қуйидагиларнинг:

“Ўзэлтехсаноат” (Умаров), “Ўзавтосаноат” (Парпиев) уюшмалари, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси (Азизов), “Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг” холдинг компанияси (Матчонов), Жиззах (Яманқулов), Сирдарё (Ҳайдаров) ва Фарғона (Отабоев) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори - улар томонидан 2003 йил учун хусусийлаштириш дастурларида назарда тутилган корхоналар давлат активларини сотиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрилмаганлигига;

“Агромашсервис” (Нишонов), “Ўзбек ипаги” (Умаров), “Ўзпахтасаноат” (Зикриёев) уюшмалари, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси (Раматов), “Ўздонмаҳсулот” давлат корпорацияси (Нажмиддинов), Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Жўраев) раҳбарларининг эътибори - акциядорлик жамиятлари устав фондларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларгача етказиш ёхуд уларни бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга айлантириш бўйича ишларининг етарли эмаслигига қаратилсин.

Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда 2003 йилда хусусийлаштириш ва давлат активларини сотиш бўйича топшириқларнинг бажарилиши якунларини таҳлил қилсинлар, йўл қўйилган қолоқликни ҳисобга олган ҳолда 2003-2004 йиллар учун белгиланган дастурлар топшириқларининг тўлиқ бажарилишини таъминловчи чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси (Асқаров) Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова) билан биргаликда бир ой муддатда танқидий таҳлиллар асосида 2004 йилда инвестиция мажбуриятлари остида бепул бериш мақсадга мувофиқ бўлган корхоналар ва объектларнинг қўшимча рўйхатини Давлат мулкини хорижий инвесторларга сотиш бўйича тендер савдолари ўтказувчи Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этсин ҳамда унинг бажарилиши устидан қатъий мониторинг ўрнатсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг (Асқаров) эътибори қимматли қоғозлар иккиламчи бозорини ривожлантириш ва акциялар давлат пакетларини бошқарувчи компанияларга ишончли бошқарувга бериш ишларининг етарли эмаслигига қаратилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплекси (Азимов) Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда қимматли қоғозларнинг реал, фаол фаолият кўрсатадиган иккиламчи бозорини ташкил этиш, фонд бозорида операцияларни ўтказишда харажатларни қисқартириш, қимматли қоғозлар бозорида ахборот тўплаш ва тарқатишнинг ягона тизимини барпо этиш, профессионал бошқарувчи компанияларни жадал ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Бош вазир (Мирзиёев), Умумиқтисодиёт комплекси (Азимов) барча манфаатдор тузилмалар билан биргаликда бир ой муддатда биржа савдосидаги ишларнинг аҳволини чуқур ўрганиб чиқсинлар ва товар-хом ашё биржалари фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича аниқ таклифлар киритсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Давлат мулки қўмитаси (Яковлев) манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда моддий-техника ресурсларининг асосий турларини биржа ва ярмарка механизмлари орқали, шунингдек ўртача биржа нархлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича лимитсиз сотиш тартиби механизмлари ишлаб чиқилиши ва амалда жорий этилишини таъминласинлар.


9. Капитал қурилишдаги ислоҳотларни жадаллаштириш учун Вазирлар Маҳкамасининг Қурилиш, қурилиш материаллари саноати, уй-жой-коммунал хўжалиги ва транспорт комплекси, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Тохтаев):

Давлат мулки қўмитаси (Асқаров) билан биргаликда зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор пудрат қурилиш ташкилотларини хусусийлаштириш ва тугатиш, лойиҳалаш ташкилотларини давлат тасарруфидан чиқариш, пудрат ва лойиҳалаш ишларининг тўла қимматли бозорини яратиш жараёнини 2004 йилда тўлиқ тугалласинлар;

қурилиш ва лойиҳалаш ишларини бажариш юзасидан буюртмаларни жойлаштириш бўйича танловлар, тендер савдолари ўтказиш даражасини оширсинлар ва бунда маъмуриятчиликка барҳам берсинлар;

қурилишда лойиҳалаш, смета ва технология интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўрсинлар, капитал қурилишда смета-норматив базани ва ҳисоб-китобларни бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ тўлиқ янгиласинлар, бунда қурилиш сифатини оширишни ва қурилиш смета қийматининг сунъий равишда ошириб юборилишига йўл қўймасликни назарда тутсинлар, жойларда ягона бюджет буюртмачи хизматлари ташкил этилишини тугалласинлар;

Иқтисодиёт вазирлиги (Азимов), “Ўзқурилишматериаллари” компанияси (Акрамов) билан биргаликда икки ой муддатда мамлакатимиз корхоналарида юқори технологияли пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг янги дастурини ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар, унинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Азимов), Марказий банк (Муллажонов), Молия вазирлиги (Нурмуродов) 2004 йил I чораги охиригача объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришни амалга оширишда пудрат ташкилотларига кредит беришнинг бозор механизмларини ишлаб чиқсинлар ва жорий қилсинлар.


10. Вазирлар Маҳкамаси (Мирзиёев) барча манфаатдор идораларни жалб этган ҳолда бир ой муддатда фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш тизимини ташкил этиш бўйича ишларнинг аҳволини муфассал кўриб чиқсин ва уни тубдан яхшилаш юзасидан аниқ таклифлар киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Полвон-Зода) фермер хўжаликлари билан қишлоққа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузилган шартномаларнинг, айниқса фермерларга минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш юзасидан тузилган шартномаларнинг бажарилишини алоҳида назоратга олсин ва айбдор шахсларга нисбатан энг қатъий чораларни кўрсин.


12. Маъмурий ислоҳотлар бўйича Республика комиссияси (Азимов) барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар билан биргаликда маъмурий ислоҳотларни амалга оширишга доир ишларни пухта ташкил қилсин, бунда:

давлат бошқаруви органларининг янги ташкилий тузилмалари ва марказий аппаратлари тузилмалари ҳамда уларнинг низомлари маъмурий ислоҳотларнинг асосий принципларига мувофиқ қайта кўриб чиқилиши ва қайта тасдиқланиши;

хўжалик бошқаруви органларини тугатиш, қайта ташкил этиш ва улар томонидан фақат муассислари берган хўжалик функциялари бажарилишини назарда тутувчи уставлари қайта тасдиқланиши;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бош-қарув аппаратлари ходимлари сони қисқартирилиши устидан назоратни таъминласин.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2004 йил I чораги якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


13. Кичик ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш ва ривожлантириш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши (Азимов) Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси (Собиров), Адлия вазирлиги (Полвон-зода), “Ўзстандарт” агентлиги (Бўриев) ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:

мулкчиликнинг барча шаклларидаги хўжалик юритувчи субъектлар тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида;

маҳсулотларни ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни сертификатлаш тартибини соддалаштириш ва бирхиллаштириш, тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини ва уларни кўриб чиқиш муддатларини кескин қисқартириш бўйича;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, улар учун инвестиция кредитлари ва лизингнинг янада жалб қилувчи механизмини жорий этиш бўйича;

тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ тушунтириб берадиган норматив ва маълумотнома материалларни, амалдаги норма ва қоидаларни кенг кўламда нашр қилиш тўғрисида таклифлар киритсин.


14. Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплекси (Азимов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш дастурини тайёрласин ва киритсин.


15. 2004 йил I чораги якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида умумтаълим мактаблари тизимини ривожлантириш тўғрисидаги масала махсус кўриб чиқилсин. 2004-2008 йилларда мумумтаълим мактабларини ривожлантириш имкониятлари қидириб топилсин ва ривожлантиришнинг махсус дастури тайёрлансин. Ушбу дастурни бажариш учун фақат бюджет маблағлари эмас, балки ҳомийлар маблағларини ҳам жалб этиш назарда тутилсин.


16. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари 2004 йил учун қабул қилинган “Меҳр ва мурувват йили” комплекс дастуридан келиб чиққан ҳолда дастурни бажаришга йўналтирилган аниқ ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий тадбирларни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда уларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назоратни таъминласинлар.


17. Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Жўраев), “Ўзагромашсервис” уюшмаси (Нишонов), “Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг” компанияси (Матчонов) баҳорги дала ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги техникаси 2004 йил 15 мартгача, дон ўриш-йиғиш комбайнлари ва чорва озуқаси йиғиштириш техникаси эса шу йил 1 майгача тайёрлаб қўйилишини таъминласинлар.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Жалолов) коллектор-дренаж ва суғориш тармоқларини тозалаш ва таъмирлашни, насос станциялари ва гидротехника иншоотларини таъмирлашни экиш мавсуми бошлангунга қадар тугалласин.


18. Ушбу мажлис қарорининг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                               И. Каримов