Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 18.07.2003 й. "2003 йилнинг I ярим йиллигида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш якунлари ҳамда ушбу соҳаларда ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналишлари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.07.2003 й.



2003 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА

ИҚТИСОДИЁТ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ЯКУНЛАРИ ҲАМДА УШБУ

СОҲАЛАРДА ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МУҲИМ

УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ БЎЙИЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА



1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 2003 йилнинг биринчи ярим йиллигида барқарор иқтисодий ривожланиш тенденцияси давом этди, макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик мустаҳкамланди, тўлов интизоми ошди, умуман иқтисодиётнинг ва унинг айрим соҳаларининг мутаносиблиги кучайди.

Ялпи ички маҳсулот (103,8%), саноат (105,5%) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (103,8%), истеъмол товарлари ишлаб чиқариш (104,0%) ва пулли хизматлар ҳажми (104,4%) ўсиши таъминланди. Аҳолининг иш билан таъминланганлиги ўсишининг барқарор тенденцияси сақлаб қолинди - 102,8 фоиз. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,5 фоиз профицит билан бажарилди.

Пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар инфляция суръатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда, у биринчи ярим йилликда 2002 йилдаги 14,4 фоиз ўрнига 4,2 фоизни ташкил қилди.

Жорий ярим йилликда тижорат банкларининг жами капитали 32 фоизга кўпайди, кредитларнинг қайтарилиши яхшиланди. Банк тизимига ишонч ошди - аҳолининг депозит ҳисоб рақамларидаги омонатлари 44 фоизга кўпайди.

Валюта сиёсатини янада эркинлаштириш соҳасида жиддий силжишга эришилди, валюталарнинг алмашув курслари унификациясига амалда эришилди, биржадан ташқари ва параллел валюта бозорлари курслари ўртасидаги тафовут бартараф этилди.

2003 йилнинг биринчи ярим йиллигида 698 корхона ва объект давлат тасарруфидан чиқарилди ва хусусийлаштирилди. Хусусийлаштиришдан тушган жами маблағ 22,5 млрд. сўмни ташкил қилди. Қимматли қоғозлар иккиламчи бозори айланмаси ярим йиллик мобайнида 1,5 баравардан кўпроқ ошди.

Жорий йилда янгидан 27,7 минг микрофирма, кичик ва ўрта корхона ташкил этилди, бунинг натижасида 211,4 минг янги иш ўрни барпо этилди. Тижорат банклари ва бюджетдан ташқари жамғармалар томонидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга 104,6 млрд. сўм, шу жумладан ўз ишини янгидан бошлаётган тадбиркорлар учун бошланғич сармояга 1,7 млрд. сўм йўналтирилди.

Ҳозирги вақтда кичик ва ўрта тадбиркорлик улушига ялпи ички маҳсулотнинг 34 фоизи тўғри келади ва иқтисодиётда жами банд бўлганларнинг 56 фоизи ушбу секторда меҳнат қилмоқда.

Ташқи савдо фаолиятида ижобий силжишлар рўй бермоқда - ташқи савдо айланмаси ярим йиллик мобайнида қарийб 23 фоизга, шу жумладан экспорт 41 фоизга ўсди, тайёр маҳсулотлар экспорти 1,6 баравар кўпайди. Ташқи савдода 530 млн. АҚШ доллари миқдорида ижобий сальдога эришилди.

Фермер хўжаликларини устувор ривожлантириш таъминланмоқда. Ҳисобот даврида зарар кўриб ишлаган 178 та қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида 11 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ташкил қилинди. Давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш бўйича ҳисоб-китоб қилиш тизими ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини бошқариш тузилмаси такомиллаштирилмоқда.

Иқтисодиётдаги таркибий қайта ўзгартиришлар инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига чуқурлашди. Иқтисодиётга капитал қўйилмалар ҳажми 2,6 фоизга ўсди. Барча инвестицияларнинг 60 фоизидан кўпроғи ишлаб чиқариш соҳасига йўналтирилди. Ярим йиллик мобайнида 200 млн. АҚШ долларидан кўпроқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори ўтган йилдагига нисбатан 1,9 баравар кўпайди.

Шу билан бирга, якунлар таҳлили ҳали ҳам кўпгина захиралар ҳамда имкониятлардан ва, энг аввало, яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланилмаётганлигидан далолат бермоқда, хусусийлаштириш, қишлоқ хўжалигида ва капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнлари суст бормоқда.

Корхоналарни хусусийлаштиришнинг қабул қилинган дастурини бажариш ишлари етарли суръатлар билан олиб борилмаяпти. Ярим йиллик мобайнида "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компаниясида атиги 2 та объект, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясида 3 та, Матбуот ва ахборот агентлигида 4 та ва Халқ таълими вазирлигида 8 та объект хусусийлаштирилган. Ушбу иш Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида суст олиб борилмоқда.

Хусусийлаштириш жараёнларига, энг аввало, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси, "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик компанияси, "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси тизимидаги йирик корхоналарни ва бошқа кўплаб корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларига хорижий инвестицияларни жалб этиш ишларининг аҳволи қониқтирмайди.

"Ўзгўштсутсаноат" уюшмаси (21,6%), "Ўзфармсаноат" давлат концерни (22,4%), "Ўзпахтасаноат" уюшмаси (23,9%), "Файз" холдинг компанияси акциядорлик жамияти (40%), "Ўзбекенгилсаноат" компанияси (40,3%), "Ўзкоммунхизмат" агентлиги (40,5%) ва "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (40,9%) маҳаллийлаштириш дастури доирасида маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг белгиланган прогнозларидан орқада қолишга йўл қўйишди. 33 лойиҳани амалга ошириш бошланмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллий бюджетларга даромадлар тушумининг прогноз параметрлари бажарилишини таъминламадилар.

Қишлоқда ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини кенгайтириш ишлари етарли олиб борилмаяпти. Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ниҳоятда суст бормоқда - танлов савдолари ўтказишда қонун бузилиши, қурилиш қийматининг ошириб юборилиши ҳоллари мавжуд, лизинг ва лойиҳа-инжиниринг хизматлари кўрсатиш тизими ривожланмаяпти.

Бошқарув тизимида маъмурий-буйруқбозлик усуллари, бюрократизм, корхоналарнинг хўжалик фаолиятига аралашиш ҳамон сақланиб қолмоқда. Кўплаб амалда фойдаланилмайдиган ҳисобот маълумотлари йиғилмоқда. Барча даражалардаги давлат, тармоқ ва ҳудудий бошқарувнинг мавжуд тизими ўтказилаётган иқтисодий ва демократик ислоҳотлар йўлида кучли тўсиқ бўлмоқда.


2. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари биринчи ярим йилликда минтақаларда, ихтисодиёт тармоқлари ва секторларида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши якунларини ўн кун муддатда танқидий кўриб чиқсинлар, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов маърузасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг:

"Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 24 январдаги ПФ-3202-сон;

"қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида" 2003 йил 24 мартдаги ПФ-3226-сон;

"Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида" 2003 йил 6 майдаги ПФ-3240-сон фармонларида қўйилган вазифалар рўёбга чиқарилишини таъминловчи зарур чора-тадбирлар комплексини амалга оширсинлар.


3. Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг амалга оширилиши мониторинги бўйича махсус Ҳукумат комиссияси (Р.С.Азимов ва К.Н.Тўлаганов) қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва Ҳукумат қарорларининг ижроси бўйича ишларнинг аҳволини яна бир марта танқидий таҳлил қилсин, 2003 йил учун белгиланган топшириқлар ва параметрларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсин. Ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси мажлисига хусусийлаштириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини янада ошириш, қишлоқ хўжалигида ва капитал қурилишда ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонларининг ва Ҳукумат қарорларининг бажарилиши ва натижалари тўғрисида таҳлилий материаллар киритсин.


4. Маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни бошқариш тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш Республика комиссияси (Р.С.Азимов) Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш якунлари бўйича мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов маърузасида баён қилинган принципиал қоидалардан келиб чиққан ҳолда бир ой муддатда аниқ Дастур тайёрласин ва уни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Давлат мулки қўмитасининг ва ушбу Протоколнинг 1-бандида қайд этилган ишлаб чиқариш бирлашмаларининг давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш ва давлат активларини сотиш, корхоналарни корпоратив бошқариш принципларини жорий этиш ва тармоқларда хусусий сектор улушини ошириш бўйича ишларининг қониқарсизлиги қайд этилсин.

Давлат мулки қўмитаси (Асқаров) зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналар давлат активларини сотишнинг, бошланғич нархни босқичма-босқич қайта кўриб чиқишнинг ўзгарувчан тизими жорий йилнинг III чораги мобайнида жорий этилишини таъминловчи механизмларни ўн кун муддатда ишлаб чиқсин, шунингдек потенциал инвесторларга эмитентлар, акциялар котировкаси, сотув ҳажмлари ва шу кабилар тўғрисидаги маълумотларни етказиш бўйича ахборот тизими яратилишини таъминласин.

Амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида 2003 йилнинг октябрида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


6. Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси, Молия вазирлиги паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор давлат корхоналарини хорижий инвесторларга ва мамлакатимиз инвесторларига аниқ инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул бериш учун уларнинг рўйхатини икки ҳафта муддатда белгиласинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг (Жўраев), Қашқадарё (Зайниев), Сурхондарё (Қодиров) вилоятлари ҳокимликларининг минтақалар қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, қишлоқда ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштиришни жадаллаштириш ва фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича ишлари қониқарсиз деб эътироф этилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси қисқа муддатларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида ва унинг ҳудудий тузилмаларида ташкилий қайта ўзгартиришларни тугалласинлар, уларни муносиб кадрлар билан тўлдиришни таъминласинлар. Амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


8. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги:

амалдаги қонун ҳужжатларининг мулкчиликнинг ижара шаклларини ва хўжалик юритиш тизимини такомиллаштиришга, шартномавий муносабатлар асосида фаолият кўрсатаётган оилавий пудратчилар ҳамда фермерлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қисмига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўн кун муддатда таклифлар тайёрласинлар;

Олий хўжалик суди билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига нисбатан жарима санкцияларини қўллаш амалиётини икки ой муддатда танқидий таҳлил қилсинлар.


9. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Жалолов) республиканинг тегишли вазирликлари ва идоралари мутахассисларидан иборат комиссия тузсин ҳамда бир ой муддатда Сирдарё ва Жиззах вилоятларига бориб коллектор-дренаж тармоқларининг техник аҳволини яхшилаш ва ерларни қишлоқ хўжалиги экинлари экишга сифатли тайёрлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги суғурта компаниялари билан биргаликда, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қишлоқ жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун кенг кўламли суғурта хизматлари кўрсатиш тизимини жорий этишга кўмаклашувчи чора-тадбирларни икки ой муддатда ишлаб чиқсин.


11. Вазирлар Маҳкамасининг Қурилиш, қурилиш материаллари саноати, уй-жой-коммунал хўжалиги ва транспорт комплексига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига капитал Қурилиш соҳасида бозор ислоҳотларининг қониқарсиз даражада эканлиги, танлов савдоларини ташкил этиш ва ўтказишга ноқонуний аралашиш ва уларнинг тартиб-қоидаларини бузиш ҳоллари мавжудлиги кўрсатиб ўтилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг Қурилиш, қурилиш материаллари саноати, уй-жой-коммунал хўжалиги ва транспорт комплекси (Тўлаганов):

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига капитал қурилишда хўжалик муносабатларини такомиллаштириш ҳамда "Давархитектқурилиш" қўмитаси тўғрисидаги янги низомни ва унинг тузилмасини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини киритсин;

Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда 2003-2004 йилларда қурилиш ташкилотларини, улар негизида асосан хусусий ва қўшма корхоналар ташкил этган ҳолда, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини тугаллаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсин;

Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда қурилиш соҳасида бозор талабларига жавоб берадиган менежерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг яхлит тизимини яратиш юзасидан бир ой муддатда таклифлар киритсин.


12. Молия вазири (Нурмуродов)га, Давлат солиқ қўмитаси раиси (Сайфиддинов)га, уларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ҳокимликларига жорий йилнинг I ярим йиллигида республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноз кўрсаткичлари айрим вилоятлар ва манбалар бўйича бажарилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин. Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари бўйича бюджетнинг даромад қисми бажарилмаганлиги йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблансин.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қўшма ҳайъати, вилоятлар ҳокимликлари қарори билан айбдор шахслар - вилоятлар ва туманлар солиқ органлари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача даражада қатъий жавобгарликка тортилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

лимитланадиган ва квоталанадиган маҳсулотларни тақсимлашнинг амалдаги тизимини тугатиш ҳамда уларни биржалар, ким ошди савдолари ва бошқа бозор механизмлари орқали сотишни кенгайтиришни;

тасдиқланадиган моддий балансларнинг кўпчилигини асосий прогноз кўрсаткичларини асослаш учун зарур бўлган ҳисоб-китоб баланслари сифатида сақлаб қолиб, улар рўйхатини қисқартиришни батафсил ўрганиб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Давлат статистика ва идоравий ҳисоботи тизимини қайта кўриб чиқиш, қисқартириш ва бирхиллаштириш вазифаси маъмурий ислоҳотларни амалга оширишнинг энг муҳим қисми ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2003 йил 1 ноябргача бўлган муддатда:

барча ҳисобот маълумотларини танқидий қайта кўриб чиқсин ҳамда ишлаб чиқаришни ва сотишни тезкор бошқариш учун, шунингдек баланслар ҳамда жорий ва истиқболли прогнозларни ишлаб чиқиш учун фойдаланиладиган бошқа муҳим таҳлилий материалларни тайёрлаш учун зарур бўлган ҳисоботнигина сақлаб қолсин;

ҳисобот бериш шаклларининг моҳияти ва мазмунига алоҳида эътибор қаратиб, эҳтиёж бўлмаган кўрсаткичларни чиқариб ташлаб, зарур бўлмаган, фойдаланилмайдиган ҳисоботни қисқартириш чора-тадбирларини кўрсин.


15. Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2003 йилнинг иккинчи ярим йиллигида республиканинг барча минтақаларида маҳаллий хом ашёдан буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги тайёр маҳсулот (тикувчилик, трикотаж, чарм буюмлар ва пойабзал) ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этиш ҳисобига истеъмол товарларини ўзимизда ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича қабул қилинган дастурлар бажарилишини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.

Натижалари тўғрисида 2003 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ахборот берилсин.


16. Республика Иқтисодиёти тармоқларини 2003-2004 йиллар куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш бўйича Республика комиссияси (Тўлаганов) манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда:

1991 йилгача қурилган уй-жойларни мукаммал таъмирлаш бўйича йўл қўйилган қолоқликнинг ўрни тўлдирилишини ва умуман жадвалнинг бажарилишини ҳамда барча уй-жой фондининг 2003-2004 йиллар куз-қиш даврига сифатли тайёрлаб қўйилишини;

коммуникация тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ишлари ўз вақтида амалга оширилишига ҳамда зарур суюқ ва қаттиқ ёқилғи тайёрлаб қўйилишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда республика иқтисодиёти тармоқларини куз-қиш даврига тайёрлаш бўйича тасдиқланган тадбирларнинг бажарилиши юзасидан ҳар ойда мониторинг ва назорат олиб борилишини таъминласин.

Амалга оширилаётган ишлар тўғрисида 2003 йил 9 ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ахборот берилсин.


17. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзагромашсервис", "Ўзпахтасаноат" уюшмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, қишлоқ туманлари ҳокимликлари билан биргаликда жорий йилнинг июль-август ойларида ғўзани парвариш қилишни кучайтириш ва жорий йилнинг 10 августига қадар барча моддий-техник базани таъмирлаш ва 2003 йил ҳосили пахта хом ашёсини қабул қилишга тайёрлаб қўйишни тугаллаш учун пахта йиғимига тайёргарлик кўриш юзасидан зарур ташкилий-иқтисодий чора-тадбирларни амалга оширсинлар.


18. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.

Ушбу протоколнинг бажарилиши 2003 йил январь-сентябрь ойлари якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                          И. Каримов



"Халқ сўзи", 2003 йил 22 июль