Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.01.2002 й. 11-сон "Тожикистон Республикаси юк автотранспорт воситалари ва автобусларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди орқали ўтганлиги учун йиғимларни бирхиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.01.2002 й.

N 11



ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЮК АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ

ВА АВТОБУСЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ БОЖХОНА ҲУДУДИ

ОРҚАЛИ ЎТГАНЛИГИ УЧУН ЙИҒИМЛАРНИ

БИРХИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Давлатлар бошлиқларининг 2001 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувга мувофиқ, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, Тожикистон Республикаси юк автотранспорт воситалари ва автобусларининг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириб келиши ва транзити учун йиғимлар ставкаларини бирхиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2002 йил 10 январдан бошлаб Тожикистон Республикаси ҳар бир юк автотранспорт воситаси ва автобуснинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириб келганлиги ва транзити учун:

битта юк автотранспорт воситаси ва автобусдан - 130 АҚШ долларига;

Тожикистон Республикасининг юк автотранспорт воситаси ва автобуслари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 3 суткадан ортиқ бўлганда ҳар бир кун учун - 70 АҚШ доллари;

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юк автотранспорт воситаси ва автобуснинг учинчи мамлакатларга (МДҲ мамлакатларидан ташқари) транзити учун 90 АҚШ долларига тенг миқдордаги суммада миллий валюта "сўм"да йиғимлар белгилансин.

Бунда йиғимларни ундириш миллий валюта "сўм"да нақд пулсиз шаклда ёки тижорат банклари томонидан бевосита божхона постларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича нақд пул шаклида амалга оширилади.

2. Белгилаб қўйилсинки, Тожикистоннинг автотранспорт воситаларидан йиғим ундириш божхона постларида жойлашган тижорат банклари томонидан тўлов кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича миллий валюта "сўм"да амалга оширилиб, олинган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг ҳисоб рақамига ўтказилади.

3. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 сентябрдаги 429-сон қарорининг 2-банди;

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 20 сентябрдаги 431-ф-сон фармойиши 2-бандининг Тожикистон Республикаси юк автотранспорт воситаларидан ундириладиган йиғимлар ставкаларига оид қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Р. Юнусов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                               Ў. Султонов



"Ўзбекистон Республикаси қонунлар тўплами" 2002 йил, 1-сон


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2002 й., N 1, 3-модда.