Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллиги туфайли тайинланган пенсияларни бошқа давлатларга ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.06.1994 й. 317-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 23 июндаги

317-сон қарорига

2-ИЛОВА



Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллиги

туфайли тайинланган пенсияларни бошқа

давлатларга ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом доимий яшаш учун чет элга жўнаб кетган ва "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида" 1993 йил 3 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллиги туфайли тайинлаган пенсияларни ўтказиш тартибини белгилаб беради.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомнинг амал қилиши меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллиги туфайли пенсия тайинланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет элликларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, улар доимий яшаш учун чет элга жўнаб кетган тақдирда, татбиқ этилади.


2. Ушбу Низомнинг 1-бандида санаб ўтилган чет элга вақтинча кетаётган шахсларга пенсия "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган умумий асосларда тўланади.



II. ПЕНСИЯЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ТАШҚАРИСИГА ЎТКАЗИШ ВА УЛАРНИ МАБЛАҒ

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


3. Ушбу Низомнинг 1-бандида санаб ўтилган шахсларга пенсия ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

4. Пенсия қуйидаги ҳужжатлар асосида ўтказилади:

пенсияни ўтказиш тўғрисидаги ариза;

пенсия олувчи турган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасининг пенсия олувчининг доимий яшаш жойи кўрсатилган маълумотномаси.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими пенсия олувчи доимий яшаш учун чет элга жўнаб кетгандан кейин унинг пенсия йиғмажилдини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Ижро этувчи аппаратига беради.

7. Пенсияларни чет элга ўтказиш томонларнинг савдога боғлиқ бўлмаган операциялар тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимига мувофиқ томонларнинг банклари томонидан белгиланадиган корреспондентлик счётлари орқали вазирликлар ва идораларнинг икки томонлама битимларида қайд этилган муддатларда амалга оширилади.

Пенсияларни миллий валютада қайта ҳисоблаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, операциялар бажарилган кунда амалда бўлган курс бўйича амалга оширилади.


8. Пенсияларни ўтказиш чет элга жўнаб кетишгача пенсия тўланган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.


9. Чет элга ўтказиладиган пенсиялар суммаси Ўзбекистон Республикаси пенсия қонунчилигида назарда тутилган тартибда, агар давлатлараро битимлар (шартномалар) билан ўзгача қоида белгиланмаган бўлса, қайта ҳисоблаб чиқилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Ижро этувчи аппарати меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллиги туфайли тайинланган ҳамда чет элга ўтказилиши керак бўлган пенсия пулларининг ўз вақтида эркин муомаладаги валютага алмаштирилишини ва жўнатилишини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки орқали таъминлайди. Эркин муомаладаги валютага алмаштириш учун ресурслар Республика валюта жамғармаси томонидан тақдим этилади.