Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.08.1999 й. Ф-1045-сон "Янги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини қабул қилиш тўғрисида"ги Фармойиши

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

06.08.1999 й.

N Ф-1045


Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ 1999 йилда республикамизда ўрта махсус, касб-ҳунар талълими тизими учун илк бор янги қурилиш ва тубдан реконструкция қилиш ҳисобига топширилаётган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини сифатли қабул қилиш ҳамда 1999/2000 ўқув йилигача тантанали очиш мақсадида:


1. Ишга киритилаётган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини қабул қилиш Давлат комиссияси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Давлат комиссияси жойлардаги ишчи комиссиялар билан бирга:

ўз ишида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қурилиши ва давлат таълим стандартлари даражасида жиҳозланишига тааллуқли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 1 июлдаги топшириқлари баённомасига қатъий амал қилсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда янги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини мамлакатимиз ҳудудлари бўйича қабул қилиш аниқ иш режасини бир ҳафта муддат ичида ишлаб чиқсинлар ва ўқув йили бошланишига қадар амалга оширсинлар.


3. Белгилаб қўйилсинки, янги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг ишга киритилиши республикамизда босқичма-босқич амалга оширилаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг юксак амалий натижаси бўлиб, уларнинг очилиши мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа сифатида тантанали ўтказилади.

Уларнинг тантанали очилишини ташкил этиш, моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида махсус Гуруҳ тузилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Мазкур Гуруҳ, ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда, жойларда академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тантанали очсинлар ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими турининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, айниқса педагоглар ва ўқувчи ёшлар ўртасида атрофлича тушунтириш ва тарғиб қилишни таъминласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Маданият ишлари вазирликлари манфаатдор идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда 1999/2000 ўқув йилигача янги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини меъёрий ва ўқув-услубий ҳужжатлар, дасрликлар ҳамда малакали педагог кадрлар билан таъминласинлар.


5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 1999 йилда очилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг махсус жиҳозланган ўқув хона ва лабораторияларида ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш, мавжуд техник воситалардан самарали фойдаланиш, педагоглар ва ёрдамчи-техник ходимларни олдиндан мақсадли тайёрлаш учун 10 кун муддат ичида юқори малакали, тажрибали педагог ва мутахассислардан иборат махсус ишчи гуруҳларни тузсин ҳамда уларнинг фаолиятини жойларда ташкил этсин.


6. Янги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини қабул қилиш жараёни ҳамда уларни тантанали очиш маросимлари оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси",

1999 й., 8-сон, 184-модда