Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.03.1994 й. 141-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 17 мартдаги

141-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг

дипломатик паспорти тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти - бу Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси ташқарисига борганда, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшаганда унинг шахсини ва мақомини тасдиқловчи Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган ҳужжатдир.


2. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти Ўзбекистон Республикасидан дунёнинг барча мамлакатларига бориш учун ҳақиқийдир.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан хорижий давлатларнинг барча ваколатли органларидан Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспортини кўрсатувчиларни эркин ва тўсиқсиз ўтказиб юборишларини ва зарурат бўлганда уларга ҳар қанақа кўмак беришларини ва ҳимоя қилишларини илтимос қилади.


4. Дипломатик паспорт беш йил муддатга берилади.


5. Дипломатик паспорт мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган мансабдор шахсларга берилади.


6. Дипломатик паспорт эр-хотинларга, дипломатик паспорти бўлган шахслар билан биргаликда борувчи 18 ёшгача бўлган болаларга ҳам берилади. 16 ёшгача бўлган болалар ота-оналаридан бирининг паспортига ёзиб қўйиладилар. Айрим ҳолларда болаларга улар балоғат ёшига етгунларига қадар ҳам дипломатик паспорт берилиши мумкин.


7. Дипломатик паспортлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси томонидан берилади. Дипломатик паспортлардаги барча ёзувлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси томонидан амалга оширилади. Паспорт эгаси ҳақидаги маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида киритилади.


8. Дипломатик паспорт чет элда йўқотиб қўйилган ҳолларда паспорт эгаси тезлик билан бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига, агар паспорт республика ҳудудида йўқотиб қўйилган бўлса - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар бериши шарт.

Йўқотиб қўйилган паспорт ўрнига янги паспорт белгиланган ички тартибга мувофиқ берилади.


9. Дипломатик паспортлар бепул берилади.


10. Дипломатик паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулки ҳисобланади.


11. Дипломатик паспортларнинг бланклари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатдир. Улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг буюртмаларига кўра тайёрланади.

Дипломатик паспортларни ҳисобга олиш, сақлаш, йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.


12. Фуқаролар чет эл сафаридан қайтиб келганларида дипломатик паспортлар бир ҳафта муддатда уларни сақлаш ва фойдаланиш масъулияти юклатилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига топширилиши керак.


13. Низом қоидаларини бузиш Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспортидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Дипломатик паспортдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги масала консуллик хизматининг тақдимномасига кўра Ташқи ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилади.


14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамжамиятга янги дипломатик паспортларнинг намуналари тақдим этилишини таъминлайди.


15. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспортлари муомалага жорий қилиниши билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тегишлилик ҳақида белгиси бўлган собиқ ССР Иттифоқининг дипломатик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисоблансин.






Низомга

ИЛОВА


Дипломатик паспорт бериладиган мансабдор шахсларнинг

РЎЙХАТЛАРИ


1-рўйхат


Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Котибиятининг мудири

Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати Ишлар бошқарувчиси ва унинг ўринбосарлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчилари

Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлик хизматининг бошлиғи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби



2-рўйхат


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг раиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раисининг ўринбосарлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши парламентлараро алоқалар бўлимининг мудири



3-рўйхат


Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари

Ўзбекистон Республикаси вазирлари, давлат қўмиталарининг раислари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Президенти

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Бошқарувининг раиси

Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссиясининг раиси



4-рўйхат


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Судининг раиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг раиси ва унинг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик Судининг раиси ва унинг биринчи ўринбосари



5-рўйхат


Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг раиси

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши раисининг ўринбосарлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосарлари



6-рўйхат


Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик ходимлари

Халқаро ташкилотлардаги дипломатик лавозимга тенглаштириладиган лавозимларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси ваколатхоналарининг ходимлари

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик курьерлари

Миллий хавфсизлик хизмати Раисининг ўринбосарлари

Мудофаа вазирининг ўринбосарлари

Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари

Ҳарбий атташе, ҳарбий-ҳаво кучлари атташеси ва уларнинг ёрдамчилари

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшин турлари қўмондонлари

Ўзбекистон Республикасининг савдо вакиллари, Ўзбекистон Республикаси савдо ваколатхонасининг маслаҳатчилари ва атташелари

Давлат ва Ҳукумат расмий делегацияларининг аъзолари

Махфий

Изоҳ: Истеъфога чиққан (ишдан бўшаган) тақдирда қуйидаги шахслар дипломатик паспортдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар:

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси мартабасига эга бўлган дипломатик ходимлар