Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.03.2003 й. 158-сон "Ўрта тиббиёт таълими тизимини ривожлантириш учун Япония Ҳукуматининг беғараз ёрдамини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.03.2003 й.

N 158



ЎРТА ТИББИЁТ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ    УЧУН    ЯПОНИЯ

ҲУКУМАТИНИНГ БЕҒАРАЗ ЁРДАМИНИ

ЖАЛБ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ҳамширалик таълими тизимини яхшилаш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш учун Япония Ҳукуматининг беғараз ёрдами жалб этилишини ва ундан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Япония Ҳукумати ҳамширалик таълими тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига 292 млн йен миқдорида грант бериш тўғрисида қарор қабул қилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С.Кароматов қайд этилган грантни олиш учун Айирбошлаш нотасини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолашга вакил қилинсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига беғараз ёрдамни (грантни) олиш ва ажратилаётган маблағларга хизмат кўрсатиш учун барча зарур тартиб-қоидаларни Япония томони билан келишилган муддатларда расмийлаштириш юклансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қайд этилган беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатилганлиги учун Япония томонининг воситачилигига ҳақ тўлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўмларда зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.


5. Ҳамширалик таълими тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун Япония Ҳукумати томонидан берилаётган беғараз ёрдам ҳисобига Ўзбекистон Республикасига олиб келинаётган асбоб-ускуналар ва материаллар божхона тўловлари, шу жумладан бошхона расмийлаштируви учун йиғимлар тўлашдан озод қилинсин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий комплекси (Ҳ.Кароматов) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда берилаётган беғараз ёрдам маблағларидан ва унинг доирасида олиб келинаётган асбоб-ускуналар ва материаллардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳанинг хорижий қатнашчиларига кириш визалари консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртманомалари бўйича лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган хорижий мутахассисларга давлат божи тўланмасдан кўп марталик визалар берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек улар вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                               И. Каримов