Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 21.05.2004 й. 5-сон "Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

21.05.2004 й.

N 5


ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ

ТАРТИБИДА КЎРИШ АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА


Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш шуни кўрсатдики, мазкур инстанция судлари биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари ҳамда ажримлари қонунийлиги ва асослилигини текшириб, улар томонидан йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф эта бориб, одил судловнинг тўғри амалга оширилишини ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида қонунийлик мустаҳкамланишини таъминламоқда.

Шу билан бирга апелляция инстанцияси судлари фаолиятида муайян камчиликлар ҳам учраб турибди. Баъзи ҳолларда биринчи инстанция суди хулосаларининг аниқланган иш ҳолатларига қай даражада мувофиқлиги, процессуал қонун нормаларига нечоғлик амал қилинганлиги текширилмаётир. Ҳал қилув қарорлари ўзгаришсиз қолдирилганда, апелляция инстанцияси ажримларида фақатгина биринчи инстанция судларида аниқланган иш ҳолатлари баён этилиб, шикоят ва протестда кўрсатилган важлар нотўғри ва ҳал қилув қарорларини бекор қилишга асос бўла олмайди деб топилганлиги сабаблари кўрсатилмаётир.

Апелляция инстанцияси судининг ваколатларини белгиловчи нормаларни қўллашда хатоларга йўл қўйилмоқда, асоссиз равишда ишларни янгидан кўришга юбориш ҳоллари учрамоқда, ишни кўришнинг ФПКнинг 331-моддасида назарда тутилган муддатлар бузилмоқда.

Қайд этиб ўтилган хатолар апелляция инстанцияси судининг биринчи инстанция судларида фуқаролик ишлари кўрилиши сифатига таъсирини сусайтириб, сансалорлик келтириб чиқармоқда, булар эса одил судлов самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўришда камчиликларни бартараф қилишга, фуқаролик ишларини апелляция шикоятлари ва протестлари асосида кўриш тартибини белгиловчи процессуал нормаларга қатъий риоя этишга, иш ҳолатларини аниқлашда биринчи инстанция суди томонидан тўпланган далиллар билан чекланиб қолмай, қонунда белгиланган ваколатлар доирасида ҳар томонлама чоралар кўришга, берилган апелляция шикояти ёки келтирилган протестда баён қилинган важларни атрофлича текширишга қаратилсин.


2. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ёки ажрими устидан ФПКнинг 320, 322, 323 ва 346-моддаларида белгиланган муддатлар ва тартибда тарафлар ҳамда ишда иштирок этишга жалб қилинган шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса протест келтириши мумкинлигини ҳисобга олиб, апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш масаласини ҳал этишда судлар апелляция тартибида иш юритишни қўзғатишнинг қонунда белгиланган шартлари ҳамда тартибига риоя қилинганлигини текшириб кўрмоғи керак. Хусусан, апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция тартибида шикоят бериш (протест келтириш) ҳуқуқига эгалиги ёки эга эмаслигини; устидан апелляция шикояти (протести) берилган ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган-кирмаганлигини ва мазкур ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят бериш мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини; апелляция шикояти (протести) мазмунига тааллуқли қонун талабларига риоя қилинган-қилинмаганлигини; апелляция шикояти бўйича давлат божи тўланган-тўланмаганлигини текшириши лозим.

Судлар шуни назарда тутиши керакки, биринчи инстанция судида иштирок этувчи вакил, шу жумладан, адвокат суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят беришга, башарти ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада бундай процессуал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисида кўрсатиб ўтилган бўлса, ҳақлидир.


3. Апелляция шикояти ва протести ФПКнинг 322-моддасига мувофиқ апелляция инстанцияси суди номига ёзилади, лекин ҳал қилув қарори чиқарган судга берилади.

Бевосита апелляция инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ФПКнинг 325-моддасига мувофиқ расмийлаштириш учун ҳал қилув қарори чиқарган судга юборилиши лозим.

Апелляция шикоятининг (протестининг) нусхаларини, шунингдек уларга илова қилинган ёзма далилларнинг нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдорда тақдим қилиш қонун билан юклатилган мажбурият эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


4. Судлар апелляция шикояти (протести) берган шахс апелляция шикояти беришнинг (протести келтиришнинг) ФПКнинг 320-моддасида белгиланган йигирма кунлик муддатига риоя қилган-қилмаганлигини текшираётганда, бу муддат ФПКнинг 127-моддасига мувофиқ ҳал қилув қарори чиқарилган куннинг эртасидан бошланишини инобатга олиши зарур.

Апелляция тартибидаги шикоят (протест) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса, суд ҳал қилув қарори устидан шикоят бераётган шахсга унинг ушбу муддатни тиклаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.


5. Апелляция шикояти бериш (протести келтириш) учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласи суд томонидан ФПКнинг 130-моддасида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест келтириш муддатини тиклашни рад қилиш ҳақида суд томонидан чиқарилган ажрим устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


6. Апелляция шикояти ёки протести, агар бу шикоят ёки протест ФПКнинг 322-моддасида белгиланган тартиб бузилган ҳолда берилган ва мазкур Кодекснинг 323-моддаси талабларига жавоб бермайдиган бўлса, шунингдек давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс томонидан берилган апелляция шикояти, агар у шикоят бериш учун бож тўламаган бўлса, ҳаракатсиз қолдирилиши лозим.

Апелляция шикояти ёки протестини ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида судья ажрим чиқаради ва ажримда шикоят ёки протестнинг ҳаракатсиз қолдирилишига асос бўлган камчиликлар ҳамда уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатади.

Апелляция шикоятининг (протестининг) камчиликларини тузатиш учун судья томонидан белгиланган муддат ариза берувчининг шикоятга қўшиб қўйиш учун зарур маълумотномаларни, ҳужжатларнинг нусхалари ва бошқа ёзма далилларни олишининг реал имкониятини инобатга олган ҳолда тайинланган бўлиши лозим.

Шикоят берган ёки протест келтирган шахс ажримда кўрсатилган камчиликларни белгиланган муддатда тузатса, шикоят ёки протест дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, шикоят ёки протест берилмаган ҳисобланиб, шикоят берган ёки протест келтирган шахсга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Қонун апелляция шикоятига нисбатан маълум талаблар қўйганлиги сабабли ФПКнинг 322 ва 323-моддалари талабларига жавоб бермайдиган "дастлабки" апелляция шикоятлари (протестлари) қабул қилинмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.


7. Судларга шу нарса тушунтириб ўтилсинки, апелляция шикояти (протести) бундай шикоят (протест) бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган ёки ариза берувчи апелляция тартибида шикоят бериш муддатини ўтказиб юборган ва у бу муддатни тиклашни сўрамаган ҳолларда, суд апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад қилади ҳамда бу ҳақда ажрим чиқариб, рад қилишнинг сабабларини баён этади.

Мазкур ажрим ишнинг илгарилашига тўсқинлик қилганлиги сабабли, унинг устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.


8. Апелляция инстанцияси судлари томонидан апелляция шикояти (протести) бўйича ишлар ўз вақтида кўрилишини таъминлаш мақсадида, процессуал қонун ҳужжатларининг апелляция шикояти (протести) олинганидан кейин бажариш лозим бўлган ҳаракатлар тўғрисидаги нормаларига биринчи инстанция судлари қатъий риоя этиши лозим.

Судья ёки суд раиси апелляция шикояти ёки протестини олганидан кейин, ФПКнинг 325-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят ёки протестнинг нусхаларини юбориши, ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанциясида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши, ҳал қилув қарори устидан шикоят беришнинг (протест келтиришнинг) ФПКнинг 320-моддасида белгиланган муддати ўтган вақтдан эътиборан ўн кун ичида ишни тушган шикоят ёки протест билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.


9. Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни ФПКнинг 331-моддасига мувофиқ, у (иш) келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай кўриши лозим. Судья ФПК 325-моддаси 2-бандининг ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанциясида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилишга доир талабини бажарар экан, ФПКнинг 331-моддасида назарда тутилган муддат бузилмаслигини мўлжаллаган, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисида шахсан иштирок этишининг реал имкониятини ҳисобга олган ҳолда ишни апелляция инстанцияси судига юбориши лозим.


10. Апелляция инстанцияси судларига шу нарса кўрсатиб ўтилсинки, ишлар апелляция шикояти (протести) билан бирга тушганда ФПК 325-моддасининг 3-бандида белгиланган муддатларга риоя қилинганлигини аниқлаш ва бу муддат бузилганлиги билан боғлиқ ҳар бир ҳолатга хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдириш зарур.


11. Апелляция шикояти ёки протести юзасидан судга тушунтириш бериш (эътироз билдириш) ҳамда бу тушунтиришни (эътирозни) тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилиб топшириш ФПКнинг 327-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқи эканлиги эътиборга олинадиган бўлса, мазкур ҳужжатларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги ишни апелляция инстанцияси судига юборишга тўсқинлик қилмайди.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, шикоят (протест) юзасидан тушунтириш (эътироз) тақдим қилиш муайян муддат билан чекланган эмас, бироқ бу тушунтириш (эътироз) иш шикоят (протест) бўйича апелляция инстанцияси судида кўрилишидан олдин тақдим этилиши мумкин.


12. Апелляция шикояти берган шахс, ФПКнинг 329-моддасига мувофиқ, ўз шикоятини тўлдириш, ўзгартириш ва ундан воз кечишга ҳақли.

Шикоят берган шахс ўз шикоятидан воз кечиш ҳуқуқидан шикоят берилган вақтдан эътиборан апелляция инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунга қадар бўлган муддатда фойдаланиши мумкин.

Суд апелляция шикоятидан воз кечишни, агар бундай воз кечиш қонунга зид бўлмаса ёки бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлмасагина, қабул қилишга ҳақли.

Агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят бермаган бўлса, шикоятдан воз кечиш қабул қилинганида ва протест қайтариб олинганида, суд ажрим чиқариб, апелляция тартибида иш юритишни тугатади.

Агар апелляция шикояти берган шахсга процессда тарафдорлик қилаётган ишда иштирок этувчи шахслар ёки учинчи шахслар берилган апелляция шикоятига қўшилган бўлсалар, апелляция шикоятидан воз кечишнинг қабул қилиниши апелляция тартибида иш юритишни тугатишга олиб келмайди. Шикоятга қўшилиш ҳақидаги ёзма ариза мустақил шикоят сифатида кўрилади.


13. Судларга шу нарса тушунтириб ўтилсинки, ФПКнинг 330-моддасига асосан, апелляция шикояти берилган ёки протести келтирилгандан кейин даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими тузиши ёзма шаклда баён этилиб, апелляция инстанцияси судига топширилиши лозим.

Даъвогар даъводан воз кечган ёки апелляция инстанцияси судида тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ҳолларда суд харажатлари масаласи ФПКнинг 118-моддасида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг даъводан воз кечишини қабул қилишдан ёки тарафлар ўртасидаги келишув битимини тасдиқлашдан олдин, даъвогарга (тарафларга) ФПКнинг 102-моддасида назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларни тушунтириши лозим.

Судларга шу нарса ҳам уқтириб ўтилсинки, даъвогар арз қилган талабларидан воз кечганда ёки апелляция инстанцияси суди мажлисида тарафлар ўртасидаги келишув битими тасдиқланганда, ҳал қилув қарори бекор қилиниши, иш юритиш эса мазкур асосларга биноан ФПКнинг 330-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда тугатилиши лозим.

Апелляция инстанцияси суди келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримда унинг шартларини баён этиши лозим.


14. Судлар шуни назарда тутиши жоизки, апелляция инстанцияси суди шикоятдан воз кечишни қабул қилганида (протест қайтариб олинганида) ҳам, даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилганида ва тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаганида ҳам ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ҳамда асослилиги масаласини муҳокама қилиб ўтирмайди.


15. Судларга тушунтириб ўтилсинки, ишни апелляция инстанциясида кўришнинг ФПКнинг 331-моддасида назарда тутилган муддатини узайтириш масаласи бўйича тегишли суд раиси қарор чиқаради.


16. Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция тартибидаги шикоят ёки протестни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши мажбурий эканлиги қонунда белгиланганлиги сабабли бу талабларни бажармаслик ФПКнинг 337-моддасига мувофиқ ишни кўришни кейинга қолдиришга сабаб бўлади.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг иш кўрилишидан тегишлича хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган тақдирда ҳам, ишда иштирок этувчи шахслардан бирортасининг келмаганлик сабабини узрли деб топса, ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.

Апелляция инстанцияси суди иш кўришни кейинга қолдирар экан, ажримда бунинг (иш кўришни кейинга қолдиришнинг) сабабларини кўрсатиши шарт.


17. Апелляция инстанцияси судида ФПКнинг 92 ва 93-моддаларида назарда тутилган асосларга мувофиқ иш юритишни тўхтатиб туриш ФПКнинг 7-бобида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Апелляция инстанцияси суди юритуви тўхтатиб турилган иш бўйича иш юритишни тиклаш ҳақида ажрим чиқаради ва ишда иштирок этувчи шахсларни судлов ҳайъатида иш кўриладиган кун тўғрисида хабардор қилади.


18. Тарафларнинг бири, учинчи шахс ёки уларнинг қонуний вакили низоли ёхуд суднинг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тақдирда (фуқаронинг ўлими, юридик шахснинг қайта ташкил қилиниши, бошқа шахс фойдасига талабдан воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши ва ҳ.к.) апелляция инстанцияси суди процессуал ҳуқуқий ворислик ФПКнинг 43-моддасига асосан процесснинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда, бундай шахслар уларнинг ҳуқуқий ворислари билан алмаштирилишига йўл қўяди ҳамда уларга ишга доир барча материаллар билан танишишга имкон беради.

Ҳуқуқий вориснинг процессга киришганлиги ҳақида апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради.


19. Судлар ишни апелляция тартибида кўраётганда қонунга кўра биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга молик ҳолатларнинг тўлиқ текширилган-текширилмаганлигини, суд аниқланган деб ҳисоблаган ва иш учун аҳамиятга молик ҳолатларнинг исботланган-исботланмаганлигини, ҳал қилув қароридаги хулосалар ишнинг ҳақиқий ҳолатларига нечоғлик мувофиқлигини, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган-бузилмаганлиги ҳамда улар тўғри қўлланилган-қўлланилмаганлигини, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги қарорида баён этилган тушунтиришларга риоя қилинган-қилинмаганлигини аниқлаши лозим.


20. Суд чиқарган ҳал қилув қарорининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини апелляция инстанцияси ФПКнинг 332-моддасига мувофиқ тўлиқ ҳажмда, шу жумладан, шикоят келтирмаган шахсларга нисбатан ҳам, текширади.

Суд чиқарган ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириш деганда, биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғри аниқланган-аниқланмаганлигини, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган-қўлланилмаганлигини текширишни тушунмоқ лозим.

Апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди чиқарган ҳал қилув қарорининг қонуний ва асосли эканлигини текширар экан, янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.


21. Апелляция инстанцияси суди янгидан тақдим қилинган ҳужжатлар ва материалларни (далилларни) кўриш учун қабул қилишга ҳақли. Бунда суд янги тақдим қилинган далиллар биринчи инстанция судида ўрганилмаганлиги сабабларини аниқлайди. Уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги сабаби узрли эканлиги (масалан, биринчи инстанция суди ушбу далилларни талаб қилиб олиш ва ўрганиш ҳақидаги илтимосномани асоссиз равишда рад қилган бўлса) аниқлангач, апелляция инстанцияси суди янги далилларга ишдаги материаллар билан биргаликда баҳо беради.

Судлар шуни назарда тутиши лозимки, ФПК 57-моддасининг талабларига кўра далилларни тақдим этиш мажбурияти тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар зиммасига юклатилади, суд эса уларнинг илтимосномасига асосан далилларни тўплашда ёрдам кўрсатади.

Янгидан тақдим қилинган далилларни текширишни рад қилиш суд томонидан ажримда асослантирилиши лозим.

Судлар шуни ҳам назарда тутиши лозимки, қонун апелляция инстанцияси судида иш ҳолатлари текширилиши ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитиш билангина чекланиб қолмай, ҳар қандай далиллар, агар биринчи инстанция судига уларни тарафлар томонидан тақдим қилиш имконияти бўлмаган деб топилгудек бўлса, мазмуни бўйича текширилишига, масалан, зарур ҳолларда, ишдаги мавжуд далилларнинг ўқиб эшиттирилишига, янгидан тақдим этилган далиллар текширилишига имкон беради.

Ишда иштирок этувчи шахслар биринчи инстанция судида текширилган далилларни қайтадан текшириш тўғрисида илтимос қилишга ҳақли.

Далиллар биринчи инстанция суди учун белгиланган тартибда текширилади.


22. Биринчи инстанция судида арз қилинмаган талаблар апелляция инстанциясида кўрилиши мумкин эмас. Шунинг учун апелляция инстанцияси суди мажлисида арз қилинган қўшимча даъвони, шунингдек қарши даъвони апелляция инстанцияси қабул қилишга ҳақли эмас.


23. Апелляция инстанцияси судида даъвогар даъво талаблари асосини ёки предметини ўзгартирган тақдирда, апелляция инстанцияси суди кўриб чиқилган талаблар юзасидан суд чиқарган ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текширади ҳамда айни бир вақтда даъвогарга предмети ва асоси ўзгартирилган талаб бўйича даъво билан судга умумий тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.

Судлар шуни назарда тутишлари жоизки, даъво предметининг ўзгариши даъвогарнинг жавобгарга нисбатан моддий-ҳуқуқий талаби ўзгарганлигини англатади. Даъво асосининг ўзгариши эса, даъвогар жавобгарга нисбатан арз қилинган талабларини асослантираётган ҳолатлар ўзгарганлигини билдиради.


24. Апелляция инстанцияси суди ФПКнинг 343-моддасига мувофиқ:


а) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга, шикоят ёки протестни эса қаноатлантирмасликка;

б) ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёки бутунлай ёхуд қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга;

в) ФПК 314-моддаси иккинчи қисмининг 1-8-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва ишни биринчи инстанция судига янгидан кўриб чиқиш учун юборишга;

г) ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ҳамда ФПКнинг 97 ва 100-моддаларида кўрсатилган асосларга кўра иш юритишни тугатишга ёхуд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

Апелляция инстанцияси суди ишни тўлиқ ҳажмда текширар экан, биринчи инстанция суди томонидан иш бўйича чиқарилган хусусий ажримнинг қонунийлиги ва асослилигини текширишга ҳамда ушбу ажримнинг чиқарилишида хатолик бўлганлигини аниқлаган тақдирда, уни бекор қилишга ҳақли.


25. Апелляция инстанцияси суди, агар биринчи инстанция суди иш ҳолатларини ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаб, қонуний ҳамда асосли ҳал қилув қарори чиқарган, деган хулосага келса, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикояти ёки протестини эса қаноатлантирмасдан қолдиради.

Бунда шикоят ёки протест важлари нотўғри ёхуд ҳал қилув қарорининг бекор бўлишига асос бўлмайди деб топилганлиги сабаблари ажримда кўрсатиб ўтилиши лозим.

Апелляция инстанцияси суди, агар у биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилишига йўл қўйилганлигини аниқласа, нормаларнинг бу тахлит бузилганлиги чиқарилган ҳал қилув қарорининг тўғрилигига таъсир қилмаса ва таъсир қилиши ҳам мумкин бўлмаса, уларни ўз ажрими ёки чиқарган хусусий ажримида кўрсатиб ўтишга ҳақли, процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ФПК 314-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидага кўра ҳал қилув қарорини сўзсиз бекор қилишга асос бўладиган ҳоллар бундан мустасно.


26. Апелляция инстанцияси суди ишдаги мавжуд материаллар (далиллар), шунингдек қўшимча тақдим қилинган ҳужжатлар (далиллар) асосида иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни аниқласа, ФПК 343-моддасининг 2-бандига асосан, ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёхуд мазкур қарорни бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли.


27. Судларга шу нарса тушунтириб ўтилсинки, янги ҳал қилув қарори деганда, биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори мазмунига зид бўлган, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги суднинг асосий хулосаси ўзгартирилган ҳал қилув қарорини тушунмоқ лозим.

Ҳал қилув қарорини ўзгартириш дейилганда, ҳал қилув қарори бўйича ундириладиган суммалар миқдорини ўзгартириш, биринчи инстанция суди томонидан давлат божи миқдори нотўғри ҳисобланган бўлса, қўшимча давлат божи ундириш, ҳал қилув қарорининг қарор қисмига бошқа ўзгартиришлар киритиш, шунингдек ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмидан тегишли бўлмаган қонун нормаларига қилинган ҳаволаларни чиқариб ташлаш ва ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмининг қўлланилиши жоиз бўлган ҳуқуқ нормаларига қилинган ҳавола билан тўлдириш тушунилиши лозим.


28. Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгартирганда, бутунлай ёки қисман бекор қилганда ҳамда иш бўйича янги ҳал қилув қарори чиқарганда ўз ажримида низоли ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилиши жоиз бўлган моддий ҳуқуқ нормасига ҳавола этган ҳолда бундай қарор қабул қилинганлигининг сабаблари ва асосларини баён этади.

Ҳал қилув қарорида арз қилинган ва биринчи инстанция суди томонидан текширилган баъзи талаблар бўйича хулосаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини мазкур талабларга оид хулосалар билан тўлдиришга ҳақли.


29. Апелляция инстанцияси судига ФПКнинг 213 ва 215-моддалари талабига мувофиқ, аниқланган иш ҳолатларидан келиб чиқиб ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки янги ҳал қилув қарори чиқариш ҳақидаги ажримда йўл қўйилган арифметик хатони тузатиш, шунингдек ушбу ажрим тушунарли бўлмаса, уни қўшимча ажримда тушунтириш ҳуқуқи берилган.

Ушбу масалалар ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг ўтказилиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўрилади. Бироқ мазкур шахсларнинг келмаслиги бу масалаларни ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.

Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгартирар ёки уни бутунлай ёхуд қисман бекор қилар ҳамда янги ҳал қилув қарори чиқарар экан, ФПК 214-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, процессуал қонун мазкур нормасининг иккинчи ва учинчи қисмларида белгиланган тартибда ва муддатларда қўшимча ажрим чиқаришга ҳақли.


30. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, процессуал ҳуқуқ нормаларини ФПК 314-моддаси иккинчи қисмининг 1-8-бандларида кўрсатиб ўтилган тарзда бузиш ҳолларининг исталган бирини апелляция инстанцияси суди аниқлаган тақдирдагина биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори албатта бекор қилиниши, иш эса биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юборилиши керак.

Иш биринчи инстанция судида кўрилаётганда ФПКнинг 92-моддасида назарда тутилган иш юритишни тўхтатиб туриш учун асослар бўлгани ҳолда иш биринчи инстанция суди томонидан мазмунан ҳал қилинганлиги (бу асослар апелляция шикояти ёки протестини кўриб чиқиш вақтида ҳам сақланиб турган бўлса) ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш юритишни тўхтатиб туриш зарурлиги кўрсатилган ҳолда ишни янгидан кўриш учун юборишга асос бўлишини судлар эътиборда тутмоғи лозим.


31. Апелляция инстанцияси суди ФПКнинг 97 ва 100-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга, иш юритишни тугатишга ёки аризани кўрмасдан қолдиришга, агар апелляция инстанцияси судида шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлувчи ҳолатлар аниқланган бўлса, ҳақлидир.


32. Апелляция инстанцияси суди, агар у ишни кўраётганда айрим мансабдор шахслар ёки фуқаролар томонидан қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот бузилганлиги фактларини аниқласа, ФПКнинг 19-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ хусусий ажрим чиқариб, тегишли органлар ва мансабдор шахсларга юборади.


33. Суднинг ҳар бир суд мажлиси тўғрисида, шунингдек суд мажлисидан ташқарида амалга оширилган ҳар бир процессуал ҳаракат ҳақида, ФПКнинг 20-моддаси талабларига мувофиқ, баённома тузилади.

Судларнинг эътибори апелляция инстанцияси суди мажлисининг баённомаси ФПКнинг 21 ва 22-моддалари талабларига мувофиқ равишда юритилиши зарурлигига қаратилсин.


34. Белгиланган муддатда ёки ўтказиб юборилган муддат тикланганидан сўнг берилган апелляция шикояти ёки протести апелляция инстанциясига иш бошқа шикоят ёки протест бўйича кўриб чиқилганидан кейин келиб тушса, ФПКнинг 345-моддасига мувофиқ суд уларни қабул қилиши ва кўриб чиқиши шарт.

Апелляция инстанция суди бундай шикоят ёки протестни кўриб чиқиб, шикоят ёки протест бўйича чиқариладиган ажрим муқаддам чиқарилган ажримнинг ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига олиб келиши лозим деган хулосага келса, ажрим чиқариб, ишни тақдимнома билан суд раисига юборади, суд раиси бир ёхуд ҳар иккала ажрим устидан назорат тартибида протест келтириш масаласини ҳал қилади.


35. "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 33-моддасига мувофиқ, иш бўйича апелляция тартибида иш юритиш кассация тартибида иш юритишни истисно қилади. Апелляция тартибида шикоят берилган (протест келтирилган) ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) кўрилмасдан қолдирилиши лозим.

Агар иш апелляция шикояти (протести) бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилмаган бўлса, кассация шикояти (протести) берган шахсга апелляция инстанцияси суди мажлисида тушунтиришлар (эътирозлар) бериш ҳуқуқи тушунтирилади.


36. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қуйидагилар устидан апелляция тартибида шикоят берилмайди (протест келтирилмайди):


1) суд буйруқлари устидан;

2) сайловлар ва референдумларда иштирок этаётган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи бузилганлигини аниқлаган судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан;

3) биринчи инстанция судларининг ФПК нормаларида устидан шикоят бериш назарда тутилмаган ёки ишни давом эттиришга тўсқинлик қилмайдиган ажримлари устидан, шунингдек иш кўришни кейинга қолдириш тўғрисида, шу жумладан, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича эр-хотинга ярашиш учун муддат белгиланганлиги муносабати билан иш кўришни кейинга қолдириш тўғрисида чиқарилган ажримлар устидан.


37. Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 219-моддасига асосан дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарорлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш уларнинг ижросини тўхтатмайди.

Ҳал қилув қарорининг бир қисми ёки қўшимча ҳал қилув қарори устидан шикоят берилганда, бутун ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмайди, чунки апелляция инстанцияси суди ФПКнинг 332-моддасига асосан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ текширишга ҳақли.


38. Биринчи инстанция судининг ажримлари устидан шикоят беришнинг (протест келтиришнинг) ФПК 346-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ўн кунлик муддат суд томонидан ажрим тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга топширилган кундан эътиборан ҳисобланади.


39. Суд мажлисида иштирок этмаган тарафга ҳал қилув қарорини сиртдан чиқарган судга шу ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақида ФПКнинг 229-моддасига мувофиқ ариза бериш ҳуқуқи берилганлиги, унда (суд мажлисида иштирок этмаган тарафда) сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида суд чиқарган ажрим устидан ФПКнинг 232-моддасининг иккинчи қисмига асосан хусусий шикоят бериш ҳуқуқи борлигидан келиб чиқиладиган бўлса, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори устидан айни бир вақтда апелляция тартибида шикоят бериш имкониятини истисно қилади.


40. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида суд чиқарган ажримга хусусий шикоят ФПКнинг 37-бобида белгиланган тартибда берилади ва кўрилади.


41. Агар сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризани ФПК 233-моддасининг 1-бандига мувофиқ қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида суд чиқарган ажримга берилган хусусий шикоятни кўришда, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилишнинг ФПКнинг 234-моддасида назарда тутилган асослари аниқлангудек бўлса, апелляция инстанцияси суди сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида суд чиқарган ажримни ҳамда сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборади.

Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг бекор қилиниши аввалги таркибдаги ёки бошқа таркибдаги суд томонидан ишни мазмунан кўриш тикланишига олиб келади.

Апелляция инстанцияси суди, агар у сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини кўраётганда сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилишнинг ФПКнинг 234-моддасида назарда тутилган асослари мавжудлигини аниқласа, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан кўришни тиклаган ҳолда кўриб чиқиш учун уни ўша суднинг ўзига юборишга ҳақли.


42. Апелляция инстанцияси фаолиятини яхшилаш мақсадида судларга фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиётини изчил ўрганиб ва умумлаштириб бориш ҳамда бу йўналишдаги материаллардан судларнинг ишида йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф этишда кенг фойдаланиш тавсия этилсин.


43. Пленумнинг ушбу қарори қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги "Фуқаролик ишларини апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги 4-сон қарорининг апелляция инстанцияси судида ишларни кўриш амалиётига тааллуқли тушунтирувлари қисми ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                                         Ф.Ф.Муҳитдинова



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                        Х.М.Ҳасанов