Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.09.1999 й. 18-сон "Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ва уларни кўриш муддатлари тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.09.1999 й.

N 18


ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ СУДДА

КЎРИШГА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИ

КЎРИШ МУДДАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Давлатимизнинг демократик ўзгаришлар натижасида янги шароитларни вужудга келиши судлар фаолияти процессуал шаклининг янгиланишини, суд мажлисларида иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий мавқеини келгусида мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўришни тақозо этади.

Фуқаролик ишларини кўриш муддатларига республика судлари томонидан риоя қилиниш амалиётини умумлаштириш натижалари судда ишларни маълум қисми белгиланган муддатларни бузиб кўрилишини кўрсатди.

Ишни яхши ташкил қилмаслик ёки суд процессларини режалаштиришда бепарволик қилиш, процессуал ҳужжатларни расмийлаштиришни кечиктириб бажариш, суд мажлиси давомида процессуал ҳуқуқ мезонларини бузишлар натижасида сансоларликка йўл қўйишлик келиб чиқмоқда.

Судьялар аризаларни қабул қилишда ҳуқуқий муносабатларнинг характерини, улар тартибга солинадиган ҳуқуқ мезонларини ҳамма вақт ҳам тўғри аниқламайдилар ва натижада даъво асоси, исботлаш воситалари, ишда иштирок этувчи шахслар доирасини аниқлашда хатоликларга йўл қўймоқдалар. Буларнинг ҳаммаси далилларни тўплаш, тегишли шахсларни ишда иштирок этишга жалб қилиш учун ишни кўришликни бошқа кунга қолдиришга ва фуқаролик ишларини судда кўриш муддатларини бузишга олиб келади.

Суд амалиётини умумлаштириш яна шуни кўрсатдики, фуқаролик ишларини кўриш муддатларини бузишга маълум даражада ишни кўришга тайинлашда иш ҳужжатларининг чуқур ўрганилмагани, ишни кўришга тайёрлаш вақтида айрим хатоларга йўл қўйишлар, судда иш юритиш иштирокчиларини ўз вақтида хабардор қилмаслик, суд процессини ўйламасдан ташкил қилиш ва бошқа субъектив характерга эга бўлган асослар сабаб бўлмоқда.

Баъзи судларда қонунда кўрсатилмаган асослар бўйича иш кўришни бир неча марта тўхтатиб туриш каби амалиёт мавжуд, бу билан ишларни кўришдаги сансоларлик яширилмоқда.

Ишни кўришга тайёрлашда йўл қўйилган камчиликларни ҳамма вақт ҳам судда кўришда тўлдириб бўлмайди ва бу тўлиқ текширилмаган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарори чиқаришга олиб келади. Натижада бундай ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида бекор қилинади, бу ҳам сансоларликни келтириб чиқаради. Бундай ҳал қилув қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган ҳолатларда ҳам ишни судда кўришга тайёрлаш жараёни юзаки олиб борилиши ёки умуман бу жараённи ўтказмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.

Кўпчилик ишлар бўйича суд мажлиси баённомасини тузиш ва у билан тарафларни таништириш чўзилмоқда, бу эса келиб тушган шикоят ва протестлар билан ишларни апелляция, кассация инстанциясига юбориш муддатларини бузиш ҳолларини келтириб чиқармоқда.

Юқори судлар ишларни апелляция, кассация ёки назорат тартибида кўришда фуқаролик ишларини қонунда белгиланган тартибда кўриш муддатларининг биринчи инстанция суди томонидан бузилганлигига камдан-кам ҳолатларда эътибор қиладилар ва чора кўриш учун ҳавола қиладилар.

Шу билан бирга Пленум қайд этадики, йилдан-йилга судьяларнинг иш ҳажми кўпайиши, адвокатларнинг бошқа ишларда банд эканликларини важ қилиб суд процессларида иштирок этишдан бош тортишлари каби ҳолатлар ҳам ишларни кўриш муддатларига таъсир қилиши давом этмоқда.

Судлар фаолиятидаги қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқаролик ишларини кўриш муддатларига оғишмай риоя этишлик одил судловни амалга оширишда қонунчиликни мустаҳкамлашга, суд иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим омиллардан бири бўлиб ҳисобланишига Ўзбекистон Республикаси судларининг эътибори қаратилсин.

Судлар процесс ишитрокчиларининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, ўзининг процессуал ҳуқуқларидан виждонан фойдаланмай, суиистеъмол қилиш йўли билан суд муҳокамасини асоссиз чўзишга қаратилган тарафлардан бирининг ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатларига нисбатан кескин чора кўришлари лозим.


2. Кўрсатиб ўтилган камчиликларни баратараф этиш, процессуал муддатларга оғишмай риоя қилиш ва фуқаролик ишларини кўриш сифатларини ошириш, ўз иш фаолиятида сансоларлик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш лозим.

Ҳар бир ишни ўз вақтида ва сифатли кўришга шахсий жавобгарликларини оширишлари лозимлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


3. Ишни судда кўришга тайёрлаш босқичида, шунингдек ишни кўриш жараёнида аниқланган далиллар тўлиқ ва холисона текширилишини, ишнинг тез ва сифатли кўрилишини таъминлаш лозим.


4. Одил судловни амалга ошириш, ишларни суд мажлисига тайёрлаш ва уни ўтказиш даражасини кўтариш чораларини кўриш зарур.

Ҳар бир суд фуқаролик ишларини ҳал қилишда қонунчиликка риоя этилишини тўла кафолатловчи иш тартиби билан таъминланмоғи керак.


5. Аризани ҳаракатсиз қолдиришда, ариза бўйича камчиликларни тузатиш учун муҳлат бериш тақдим қилинган талабларнинг характери, камчиликни тузатиш осон ёки мураккаблиги, тўланмаган давлат божи миқдори ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олиниши керак.

Агар даъво аризаси қабул қилинган бўлса, суд томонидан тайинланган барча процессуал муддатлар (ишни тайёрлаш, ёзма ва ашёвий далилларни тақдим этиш, суд мажлисини қолдириш ва ҳ.к.) ариза шу турдаги ишларни кўриш бўйича қонунда белгиланган муддатлар доирасида ҳал қилиниши лозим. Ушбу қоида, агар ариза ҳаракатсиз қолдирилиб, лекин даъвогар суд талабларини муддатида бажарган тақдирда ҳам қўлланилиб, даъво аризаси бошланғич тақдим этилган кундан берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилиши ва бу ҳақда ажрим чиқарилиши лозим.

Бунда қисқартирилган муддатларда (алимент ундириш, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган, шунингдек боқувчиси вафот этган тақдирда кўрилган зарарни ундириш ва меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича) кўриш белгиланган ишларга алоҳида эътибор қаратилиши керак.


6. Ишларни судда кўришга тайёрлаш жараёни барча фуқаролик ишлари бўйича шартлигини назарда тутиб, бундай жараённи кўзда тутувчи ФПКнинг 159, 160-моддалари талабларини бажариш зурурлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


7. Ишларни судда кўришга тайёрлаш вазифалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланиши тушунтирилсин:

- тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни кўришда қўлланиши лозим бўлган қонунни аниқлаш;

- тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаш;

- ишни ҳал этиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаш ва уларни ўз вақтида суд мажлисига тақдим этишни таъминлаш;

- ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиш.


8. ФПКнинг 160-моддасига мувофиқ, судья қилиниши лозим бўлган аниқ ҳаракатларни тўлиқ кўрсатиб, ишни судда кўришга тайёрлаш ҳақида ажрим чиқаришга мажбур.


9. Ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида судья:

- ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг ФПКнинг 34-моддасида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

- даъвогардан даъволарни ажратиш (ФПК 157-моддаси) ёхуд уларни бирлаштириш ва биргаликда кўриш (ФПК 155, 156-моддалари) мақсадида шу ёки бошқа жавобгарга нисбатан бир-бири билан боғлиқ бошқа талаблари бор-йўқлигини аниқлаши;

- жавобгардан даъвогарнинг талабларига қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан исботланиши мумкинлигини аниқлаши, ФПК 246, 247-моддалари қоидалари бўйича унга қарши даъво талаблари тақдим этиш ҳуқуқини тушунтириши;

- ФПКнинг 180-моддаси талабларига биноан суд мажлисида амалга ошган ҳолда ҳал қилиш учун тарафлардан келишув битими тузиш эҳтимолини аниқлаши лозим.


10. Ишга тиклаш ҳақидаги ишларни судда кўришга тайёрлашда қонунни очиқ-ойдин бузиб, ғайриқонуний тарзда меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни ноқонуний бошқа ишга ўтказишни фармойиши билан амалга оширган мансабдор шахсни аниқлаш ва уни жавобгар тарафдан учинчи шахс сифатида ғайриқонуний ишдан озод этилганда ёки асоссиз бошқа ишга ўтказилганда тўланган иш ҳақини қоплаш мақсадидагина эмас, балки қонунлар бузилишининг олдини олиш учун ишга жалб қилиш масаласини ҳал қилиш керак.


11. Агар даъвони таъминлаш бўйича чораларни кўрмаслик ҳал қилув қарорининг ижросини қийинлаштирадиган ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўядиган бўлса, судья ФПКнинг 248-моддасига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш давомида даъвони таъминлаш бўйича чоралар қўллашга ҳақли эканлиги судларга тушунтирилсин.

Шу жараёнда судья далилларни таъминлаш бўйича чоралар кўриши мумкин, чунки ФПКнинг 61-моддаси судга ариза берилган вақтдан бошлаб судья уларнинг таъминланишини назарда тутади.


12. Ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича барча ҳаракатлар қилиниб, ишда иштирок этувчи шахсларнинг даъво талаблари ва эътирозлари аниқланиб, барча ҳужжатлар тўпланиб бўлингач ва ишни кўриш жойи ҳақидаги масала ҳал қилингач, ФПКнинг 161-моддасига биноан судья ажримга асосан судда ишни кўришга тайинлайди.

ФПКнинг 131-моддасида кўрсатилган фуқаролик ишларини кўриш муддатлари (тегишли равишда ўн кундан, йигирма кундан ва бир ойдан кечиктирмай) ишни судда кўришга тайёрлаш тугатилган кундан бошлаб ҳисобланади.


13. Судлар ФПКнинг 92, 93-моддалари талабларига қаттиқ риоя қилишлари ва қонунда кўрсатилган асосларга биноан ишларни асоссиз равишда тўхтатиб туришга йўл қўймасликлари лозим.

Муддатлар иш юритиш тўхтатиб турилган вақтдан эмас, балки уни тўхтатиб туриш учун асослар вужудга келган вақтдан бошлаб тўхтатилишига судларнинг эътибори қаратилсин.


14. Суд мажлиси баённомасининг тўла ва ўз вақтида тузилишига, шунингдек унинг тўғрилигига раислик этувчи ва суд мажлиси котиби масъуллигини назарда тутиб, судлар котиблар малакаси ва ишни ташкил қилиш даражасини оширишлари зарур.

ФПКнинг 22-моддасига биноан баённома раислик этувчи ва суд мажлиси котиби томонидан суд мажлиси тугагач, уч кундан кечиктирмай имзоланиши лозим. Суд мажлиси баённомасини тузиш ва имзолашга муддат белгиланиши суд процесси иштирокчилари ўз вақтида баённома юзасидан эътироз келтиришлари ҳамда суд қарори устидан шикоят қилишларида муҳим аҳамиятга эгадир.


15. Суд процессларини аниқ ташкиллаштиришни суд раислари доимий назорат қилишлари, сансоларлик фактларига йўл қўймасликлари ва ишларни кўриш муддатлари мунтазам ёки қўпол бузилган ҳолатларда қонунда белгиланган тегишли чоралар белгилашлари лозим.


16. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят судлари ва Тошкент шаҳар судларига туман (шаҳар) судлари томонидан фуқаролик ишларини кўриш муддатларига риоя қилинишини назорат қилишни сусайтирмасликлари, бу муддатлар бузилган ҳолларда тегишли тартибда чора кўришлари тавсия қилинсин.


17. Олий суд Пленумининг 1983 йил 12 декабрда ва 1984 йил 21 августда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган 1972 йил 21 мартдаги "Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ҳақида"ги 42-сонли Пленум қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг Раиси                                         У.Қ.Мингбоев


Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                      А.А.Муҳаммадиев