Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 31.03.2005 й. 125-сон "Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати фаолияти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

31.03.2005 й.

N 125




ХЎЖАЛИК СУДЛАРИ СУДЬЯЛАРИНИНГ

МАЛАКА ҲАЙЪАТИ ФАОЛИЯТИ

ТЎҒРИСИДА


Пленум таъкидлайдики, Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати ўз иш фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августдаги Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси "Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури" ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги Қарори билан тасдиқланган "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий Дастури" асосида таълимнинг амалиёт билан узвийлигини кучайтириш, судьяликка номзодларни танлаш, уларнинг шу лавозимга тайёргарлигини баҳолаш, тавсия этиш, уч йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган судьяларни малака аттестациясидан ўтказиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш, номзодлар захирасини шакллантириш, судьяларга малака даражалари бериш масалалари бўйича 2004 йил давомида муайян ишларни бажарган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2005 йил 28 январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида "Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш тўғрисида"ги маърузасида суд ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада либераллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилиб, жиноий, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослашув амалга оширилганлиги, ишларни апелляция ва кассация тарзида кўриб чиқиш институтлари жорий этилганини, суд соҳасида кадрларни танлаш ва тасдиқлашнинг самарали ва демократик ҳуқуқий механизми яратилганлиги таъкидланган.

Шу билан бирга бу соҳада ҳам жиддий муаммолар борлигини, бу биринчи галда судларнинг ҳуқиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш билан боғлиқлигини ҳамда яна бир ўта муҳим масала - суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу соҳада хизмат қиладиган одамлар ўзининг профессионал ва фуқаролик бурчини қанчалик сидқидилдан ижро этиши бутун ҳокимиятнинг обрўси ва кишиларимизнинг адолатга ишончи қай даражада бўлишини белгилаши кўрсатилган.

Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати бу борадаги ишларни Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 7 декабрдаги Қарори билан тасдиқланган "Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида"ги Низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси томонидан тасдиқланган "Судьяларнинг малака ҳайъатларида иш юритиш тартиби тўғрисида"га Қўлланмага риоя қилган ҳолда амалга ошириб келган.

Ҳисобот даврида Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати ўз фаолиятини иш режасига кўра, Кадрлар бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борган. Ваколати тугаган 12 нафар судьяларни янги муддатга тайинлаш учун, шунингдек 36 нафар номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, улар иштирокида ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, Олий малака комиссиясига кўриб чиқиш учун юборилган, шулардан 23 нафар судьяликка номзодлар лавозимларга сайланган ва тайинланган. Олий малака комиссиясидан 1 нафар номзоднинг ҳужжатлари қўшимча равишда ўрганиш учун қайтарилган.

Олий хўжалик судининг судьяси лавозимига 3 нафар номзод ва Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди раисининг ўринбосари лавозимига 1 та номзод сайланган. Хўжалик судларининг раиси лавозимига 3 нафар ва раис ўринбосари лавозимига 3 нафар номзод, шу тизимда фаолият кўрсатиб келган судьяларнинг 6 нафари янги муддатга ҳамда 9 нафар номзод биринчи муддатга тайинланган.

Республика хўжалик судларида штат бўйича 143 та судьялик лавозими мавжуд бўлиб, айни вақтда 128 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Мавжуд 15 та бўш судьялик лавозимини тўлдириш ишлари олиб борилиб ҳозирги кунда 11 нафар номзодларнинг ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, Олий малака комиссиясига юборилган.

Олий хўжалик судининг судьялик ва хўжалик судларининг раҳбар судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судьялик лавозимига 115 нафар номзодлар захирага олинган бўлиб, булардан 9 таси судьялик лавозимига тайинланган. 19 нафар судьялар даврий малака аттестациясидан ўтказилиб, уларнинг 9 нафарига навбатдаги малака даражаси берилган, 10 нафар судьянинг малака даражаси муддати келмаганлиги учун илгари берилган малака даражасида қолдирилган.

Малака ҳайъати томонидан "Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида"ги Низомнинг 36-45-бандларига асосан одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлиги, суд ишини ташкил этишдаги бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун 4 нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилган.

Хусусан, Сурхондарё вилоят хўжалик суди раисининг ўринбосари М.Алланазаров ва судьяси М.Худойназаровга нисбатан малака ҳайъатининг 2004 йил 10 июндаги 15-сон қарори билан "ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг судьялари А.Ж.Кайпназаров ва Х.К.Косбаулиевларга нисбатан қўзғатилган интизомий иш малака ҳайъатида кўриб чиқилиб, ҳайъатнинг 2004 йил 2 августдаги 19-сон қарори билан Х.Косбаулиевга "ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилган, А.Кайпназаровни муҳокама қилиш билан чегараланилган.

Малака аттестацияси ва малака даражасини бериш билан боғлиқ тақдимномаларни кўриш натижаси бўйича 43 нафар судьяга малака даражаси берилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилган, 39 нафар судья ва 82 нафар мутахассислар билан ўқув машғулотлари ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 26 июлдаги 105-сон "Хўжалик судларида суд раислари бошчилигида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи малака комиссияларини ташкил этиш чора-тадбирларини белгилаш ҳақида"ги қарорига биноан ҳамда Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъатининг 2002 йил 31 октябрдаги қарори билан тасдиқланган "Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг жамоатчилик малака комиссияси тўғрисида"ги Низом талаблари асосида жойларда ташкил этилган жамоатчилик малака комиссиялари ўз фаолиятларини юритиб келганлар.

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда малака ҳайъати фаолиятида камчиликлар ҳам мавжуд.

Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати томонидан судьялик лавозимидаги бўш ўринларни тўлдиришга эътибор берилаётган бўлса-да, аммо бугунги кун ҳолатига кўра айрим хўжалик судларида судьялик лавозимидаги бўш ўринларни тўлдиришга эришилмаган. Хўжалик судлари тизимида жами 15 та, шу жумладан, Олий хўжалик судида 2 та, Самарқанд вилоятида ва Тошкент шаҳрида 3 тадан, Қашқадарёда 2 та, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Хоразм ва Жиззах вилоятларида 1 тадан судьялик бўш ўринларга захирадаги номзодларнинг ҳужжатларини белгиланган тартибда расмийлаштириб юбориш бўйича хўжалик судлари раислари ва жамоатчилик малака комиссияларига хатлар юборилган, аммо бу масала уларнинг эътиборсизлиги натижасида ҳанузгача ҳал қилинмасдан қолмоқда.

Судьялик лавозимига тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда ҳам айрим камчиликларга йўл қўйилган.

Самарқанд, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари хўжалик судларида судьяликка муносиб номзодларни захирага олиш, кадрларни танлаш ҳамда улар билан тайёргарлик ва ўқитиш ишларини олиб бориш талаб даражасида ташкил этилмаган.

Судьяликка номзодларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ ишларни ҳал этишга етарли даражада эътибор берилмаганлиги оқибатида уларнинг айримлари такроран имтиҳондан ўтказилмоқда.

Пленумда хўжалик судлари судьялари ўз қасамёдига содиқ бўлиши, одоб-ахлоқ қоидаларига қатьий риоя этиши, судья ва суд ходимларининг профессионал ва фуқаролик бурчини ҳалол ва сидқидилдан ижро этиши, улар томонидан одил судловни амалга ошириш вақтида қонунийликнинг бузилишига, суд ишини ташкил этишда бепарволикка ёки интизомсизликка йўл қўйилмаслиги, шунингдек, хизмат борасидаги ёки обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракатларни содир этмасликлари уқтирилди.

Шунингдек, Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати ва жойлардаги хўжалик судлари жамоатчилик малака комиссиялари фаолияти йўналишлари бўйича вазифалари белгиланди.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 47, 74-моддаларига асосланиб, Пленум ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судлари судьялари малака ҳайъатининг иш фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.


2. Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати (Ш.Рўзиназаров), кадрлар бошқармаси (Б.Махаматов):


2.1. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2005 йил 28 январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси мазмунидан келиб чиқиб хўжалик судлари тизимини муносиб кадрлар, судьяликка номзодлар билан таъминлаш ишларини кучайтирсин;


2.2. Кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, судьялик лавозимига номзодларни захирага олиш ва уларнинг касбий билим даражасини ошириб бориш ишларини Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури асосида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари талаби даражасида ташкил этишни таъминласин;


2.3. Судьяликка ва судьялик лавозими захирасига тавсия қилинаётган номзодларнинг, ваколат муддати тугаётган судьяларнинг, даврий малака аттестациясидан ўтказиладиган ҳамда малака даражаси бериш муддати келган судьяларнинг ҳужжатларини сифатли ва ўз вақтида расмийлаштиришни таъминласин;


2.4. Судьяликка номзодлар, захирага олинганларнинг шахсини, судьялик лавозимига ҳар томонлама лаёқатлилигини, ҳуқуқий-сиёсий етуклигини мукаммал ўрганиш юзасидан жойлардаги хўжалик судлари жамоатчилик малака комиссиялари билан мунтазам равишда иш олиб боришни йўлга қўйсин;


2.5. Малака ҳайъати ва жойлардаги жамоатчилик малака комиссиялари иш сифатини талаб даражасига етказиш учун тадбирлар режаси ишлаб чиқилганлигини инобатга олиб, мавжуд камчиликларни 2005 йил 1 июлга қадар бартараф этиш чораларини кўрсин.


3. Самарқанд (У.Эрназаров), Қашқадарё (Ю.Назаров), Сурхондарё (Ш.Ашуров), Андижон (Ф.Шамситдинов), Наманган (Х.Собиров), Хоразм (К.Каримов), Жиззах (К.Синдаров) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (М.Шоумаров) хўжалик судлари жамоатчилик малака комиссиялари раисларига судьялик лавозимларига бўш ўринларни тўлдириш ишлари етарли даражада эмаслиги кўрсатилиб, Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъатида режа асосида уларнинг ахбороти тинглансин.



Раислик этувчи,

Олий хўжалик суди раисининг

биринчи ўринбосари                                               Н.Ахмонов


Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья                                   С.Шадиева