Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 18.05.2011 й. 10-1017/20245-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

18.05.2011 й.

N 10-1017/20245


(КЎЧИРМА)




Иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг аниқланмаганлиги ҳал қилув қарорининг бекор қилиниши учун асос бўлади


Тошкент шаҳар адлия бошқармаси "Terum-Dus" МЧЖ манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билаи мурожаат қилиб, "Юксалиш омад қурилиш" МЧЖдан 26337480 сўм асосий қарз, 13118740 сўм пеня ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 26337480 сўм асосий қарз, 6280300 сўм пеня ундирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2008 йил 3 мартда тарафлар ўртасида "Юксалишомад қурилиш" МЧЖ буюртмачи ва "Terum-Dus" МЧЖ пудратчи ўртасида 3-сонли пудрат шартномаси имзоланган.

Мазкур шартномага кўра, пудратчи Тошкент вилояти онкология шифохонасида иссиқ ва совуқ сув қувурларини ҳамда иситиш анжомларини капитал таъмирлаб бериш, буюртмачи эса пудратчи томонидан бажарилган ишлар учун ўз вақтида ҳақ тўлаш мажбуриятини олган.

Низони ҳал қилишда биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмаган, суд аниқланган деб ҳисоблаган ҳолатлар исботланмаган.

Шартноманинг 2.4 ва 2.5-бандларига асосан буюртмачи пудратчига аванс сифатида бажариладиган ишлар суммасининг 20 фоизини ўтказиб бериши, бажарилган ишлар учун тўловлар эса пудратчи томонидан бажарилган ишларни тасдиқловчи далолатномалар ёки ҳисобварақ фактуралар тақдим этилганидан сўнг амалга оширилиши белгиланган. Буюртмачи томонидан пудратчининг ҳисоб рақамига 11204050 сўм аванс тариқасида ўтказиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 680-моддасига кўра, ишлар натижасининг пудратчи томонидан топширилиши ва буюртмачи томонидан қабул қилиб олиниши иккала тараф имзолаган далолатнома билан расмийлаштирилади.

Иш ҳужжатларида даъвогар шартнома асосида ҳақиқатда 37415530 сўм миқдорида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарганлиги ва уни далолатнома асосида буюртмачига топширганлиги ёки буюртмачи бажарилган ишларни қабул қилишдан бош тортганлиги ҳақида расмийлаштирилган ҳужжатлар, шунингдек даъво талабидаги пеня қисмининг асослантирилган ҳисоб-китоби мавжуд эмас ва улар биринчи инстанция суди томонидан талаб қилиб олинмаган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати кассация шикоятини тўлиқ қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда юқорида қайд этилган ҳолатларни муҳокама қилиб, Тошкент вилояти онкология шифохонасини ишга мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилиш масаласини ҳал этиб, даъвогардан даъво талабини асословчи ҳужжатларни, даъво суммасининг аниқ ҳисоб-китобини талаб қилиб олиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, зарур ҳолда шартнома асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар бўйича тарафларнинг илтимосномасига асосан хатшунослик экспертизаси тайинлаш, бажарилган ишларнинг ҳажми ва қийматини аниқлаш мақсадида назорат ўлчови ўтказиш масаласини муҳокама қилиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиш ҳамда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ундириш лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2012 й., 4-сон