Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 13.07.2006 й. 20-0603/732-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

13.07.2006 й.

N 20-0603/732


(КЎЧИРМА)




Даъво аризасида даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар кўрсатилмаганлиги суд томонидан даъвони рад қилишга асос бўлади.


Бухоро вилоят Давлат мулки бошқармаси хўжалик судига жавобгарлар - "33-автокорхона" тўлиқ ширкати, "Давинком" брокерлик корхонаси, хусусий тадбиркор Ш.Исоев ва "Ғиждувонтранс" автошоҳбекатига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар ўртасида "33-автокорхона"нинг 25 фоизлик давлат улушини сотиш бўйича 2005 йил 7 февралда тузилган 191/1625 d/15-сонли контрактни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, даъвогар кассация шикояти билан Олий хўжалик судига мурожаат қилган.

Судлов ҳайъати қуйидагиларга кўра кассация шикоятини қаноатлантирмасликни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Бухоро вилоят Давлат мулки бошқармасининг 2004 йил 24 майдаги 46-А сонли буйруғига асосан "33-автокорхона" масъулияти чекланган жамиятининг устав фондидаги 25 фоиз давлат улуши кимошди савдосида сотишга қўйилган. Улуш кимошди савдосида сотилмагандан кейин уни биржа савдоларида сотиш тўғрисида даъвогар 2004 йил 16 сентябрда 77-сонли буйруқ чиқарган.

Буйруқнинг ижросини таъминлаш мақсадида даъвогар брокер-хусусий тадбиркор Ш.Исоев билан 2005 йил 7 февралда 191/1625 d/15-сонли контракт тузган.

Даъвогар ушбу контрактни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган бўлса-да, даъво талабини асословчи қонун ҳужжатларига ҳавола қилмаган.

Битимни ҳақиқий эмас деб топиш асослари ва оқибатлари Фуқаролик кодексининг 113-128-моддаларида белгиланган.

Низоли битим қонун талаб қиладиган шаклда ва қонун талабларига мувофиқ тузилган бўлиб, ваколатли шахслар томонидан имзоланган. Мазкур битим нотариал тасдиқланишни талаб қилмайди, аммо Республика кўчмас мулк биржасидан рўйхатдан ўтказилган.

Биринчи инстанция суди Қонуннинг ушбу нормаларини тўғри қўллаган ҳолда даъвони рад қилиш ҳақида асосли қарор қабул қилган.

Судлов ҳайъати даъвогарнинг масъулияти чекланган жамият шаклланмаган ва қонун талабларига зид равишда тузилган деган важларини асоссиз деб ҳисоблайди, чунки, "33-автокорхона" рўйхатдан ўтказувчи органдан давлат рўйхатидан ўтиб, юридик шахс мақомини олган. Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан "33-автокорхона" МЧЖнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилганлиги ҳақиқий эмас деб топилган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати даъвогарнинг кассация шикоятини қаноатлантириш учун қонуний асослар мавжуд эмас деб, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, ишни кассация инстанциясида кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 1-сон