Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 19.12.2005 й. 15-0507/3354-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

19.12.2005 й.

N 15-0507/3354


(КЎЧИРМА)


Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.


Фарғона вилоят "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш корхонаси вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, Тошлоқ туман халқ таълими бўлимидан 9663758 сўм асосий қарз, 4831879 сўм пеня ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанциясининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган. Тошлоқ туман халқ таълими бўлимидан "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш корхонаси фойдасига 9663758 сўм асосий қарз ундирилиб, даъвонинг пеня ундириш қисми рад этилган.

Жавобгар ўзининг кассация шикоятида апелляция инстанциясининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра апелляция инстанциясининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, тарафлар 2005 йил 1 январда тузилган 15-сонли иссиқлик энергиясини бериш шартномаси асосида ҳуқуқий муносабатда бўлишган. Шартнома шартларига кўра, "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш корхонаси 2005 йилнинг 1-чорагида 4683 Гкал/соат иссиқлик энергияси етказиб бериш, Тошлоқ туман халқ таълими бўлими эса ўз вақтида ҳақини тўлаб бориш мажбуриятини олган. Даъвогар 2005 йилнинг январь, февраль, март ойларида 866 Гкал/соат 10743022 сўмлик, 2004-2005 йилларда эса жами 28154248 сўмлик иссиқлик энергиясини етказиб берган, жавобгар шу давр оралиғида истеъмол қилган иссиқлик энергияси учун 18330000 сўм тўлаган. 2005 йилнинг 1 март ҳолатига жавобгарнинг қарзи 9663758 сўмни ташкил қилган. Ушбу ҳолат тарафлар ўртасида 2005 йил 1 мартда тузилган та??ослаш далолатномаси билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 468-моддаси талабларига биноан энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Кодекснинг 474-моддасида агар қонун ҳужжатларида ёки энергия билан таъминлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, энергия ҳақи абонент амалда қабул қилган энергия миқдори учун тўланиши белгиланган.

Қонун ҳужжатларида ҳам, тарафлар ўртасида тузилган шартномада ҳам бошқача тартиб назарда тутилмаганлиги сабабли апелляция инстанцияси асосли равишда Тошлоқ туман халқ таълими бўлимидан "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш корхонаси фойдасига истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун 9663758 сўм асосий қарзни ундирган.

Жавобгар 2005 йилнинг 1-чорагида етказиб берилган иссиқликнинг етарли даражада бўлмаганлиги тўғрисидаги важини ҳужжатлар билан асослаб бера олмади.

Тарафлар ўртасида 2005 йил 1 январда тузилган 15-сонли шартноманинг 2.2-бандида "Истеъмолчига берилаётган иссиқлик энергияси миқдори ўлчов асбоблари бўлмаган тақдирда иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ ҳисоб-китоб қилиниши" қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 27 январдаги 32-сонли қарори билан тасдиқланган "Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари"нинг 52-бандига кўра, берилган иссиқлик энергияси учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар амалдаги тасдиқланган тарифларга мувофиқ иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари асосида амалга оширилади. Ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган абонентларга бериладиган иссиқлик энергияси миқдори иссиқлик таъминоти ташкилотининг ҳисобга олиш приборлари бўйича шартномавий юкламаларга мувофиқ иссиқликнинг умумий миқдорини абонентлар ўртасида тақсимлаш асосида аниқланади.

Тошлоқ туман халқ таълими бўлими ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаганлиги туфайли берилган иссиқлик энергияси миқдори шартномавий юкламаларга мувофиқ аниқланиши мумкин эди.

Бироқ, "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш корхонаси газ таъминотидаги узилишларни инобатга олиб, Тошлоқ туман халқ таълими бўлимига берилган иссиқлик энергияси миқдорини шартномавий юкламалардан ҳам паст миқдорда, яъни 4683 Гкал/соат ўрнига 866 Гкал/соат ҳисоблаган.

Жавобгар юқорида қайд этилган "Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари"нинг 42-бандига биноан "иссиқлик берувчи қувурда сув ҳарорат бўйича - (+) 3 фоизга пасайиб кетишига йўл қўймаслик" ҳуқуқига эга бўлган ҳолда, сув ҳарорати пасайиб кетган бўлса, белгиланган тартибда ариза билан иссиқлик таъминоти ташкилотига мурожаат қилмаган ва ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогар иштирокида тузмаган.

Судлов ҳайъати қайд этилганларни инобатга олиб, апелляция инстанциясининг қарори асослантирилган ва тўғри қабул қилинган деб ҳисоблаб, уни ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 йил, 2-сон