Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 17.08.2010 й. 19-0902/17530-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

17.08.2010 й.

N 19-0902/17530


(КЎЧИРМА)




Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак


"DO`STLIK" кичик хусусий корхонаси Денов туман ҳокимлиги, "Лола" ва "Мустақиллик" фермер хўжаликларига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Денов туман ҳокимининг 2007 йил 16 ноябрдаги 1678-сон қарорини тўлиқ, 2008 йил 7 ноябрдаги 1956-сон қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топишни, Денов туман ҳокимлигига "DO`STLIK" кичик хусусий корхонасига тегишли бўлган ерларни қайтариш ва тегишли тартибда расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклашни сўраган.

2009 йил 24 декабрдаги суд ажрими билан Денов туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ишга жалб этилган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 7 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 14 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган. Шунингдек, хусусий ажримлар чиқарилиб, Сурхондарё вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ва Денов туман ҳокимлигига юборилган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Денов туман ҳокимининг 2007 йил 16 ноябрдаги 1678-сон қарори билан туман ҳокимлиги захирасидаги 198-контурдан 0,30 га ер майдони "Лола" фермер хўжалигига қўшиб берилган.

Туман ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссиясининг хулосасига асосан 11,16 га, шу жумладан, низоли 0,30 га ер майдони туман ҳокимининг 2008 йил 7 ноябрдаги 1956-сон қарори билан "Мустақиллик" фермер хўжалигига қўшиб берилган.

Бундан норози бўлган "DO`STLIK" кичик хусусий корхонаси туман ҳокимининг 2007 йил 16 ноябрдаги 1678-сон қарорини тўлиқ, 2008 йил 7 ноябрдаги 1956-сон қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топишни, Денов туман ҳокимлигига "DO`STLIK" кичик хусусий корхонасига тегишли бўлган 0,30 га ерни қайтариш ва тегишли тартибда расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклашни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 23-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шахри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ушбу Кодекснинг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Аммо даъвогар низоли ер мавдони "DO`STLIK" кичик хусусий корхонасига тегашли бўлганлигини тасдиқловчи далилларни (туман ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги қарори, ер участкасининг давлат рўйхатига олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни) судга тақдим қилмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Шу сабабли, биринчи инстанция суди асосли равишда даъвони рад этган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2011 й., 8-сон