Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 05.09.2007 й. 18-0702/2020-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

05.09.2007 й.

N 18-0702/2020


(КЎЧИРМА)




Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарори ёки қарорини бекор қилиш учун асос бўлади


"Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалиги Касби тумани ҳокимлиги ва "Эгамбердиев Ниёз Равшанович" фермер хўжалигига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Касби тумани ҳокимининг 2007 йил 29 январдаги Х-325/1-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиб, "Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалигини 38-лойиҳадаги 39,6 гектар ер майдони бўйича танлов ғолиби деб эътироф этишни сўраган.

Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвогар судга қўшимча даъво аризаси бериб, "Эгамбердиев Ниёз Равшанович" фермер хўжалигини 10 гектар ер майдонидан мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Касби тумани ҳокимининг 2007 йил 29 январдаги Х-325/1-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Даъвонинг "Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалигини танлов ғолиби деб эътироф этиш ҳақидаги талаби бўйича иш юритиш тугатилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, иш юритиш тугатилган.

Кассация шикоятида апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Касби тумани ҳокими томонидан тумандаги "Алишер Навоий" номли тажриба элита уруғчилик хўжалигини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда - комиссия)нинг 2007 йил 3 январдаги 12-сонли баённомасига асосан 2007 йил 20 январда "Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалигига 38-к-сонли контурдан жами 20,8 гектар ер ажратиш ҳақида Х-344/1-сонли қарор қабул қилинган.

Касби тумани ҳокими 2007 йил 29 январда комиссиянинг худди шу баённомасига асосан "Эгамбердиев Ниёз Равшанович" фермер хўжалигига 38-к-сонли контурдан 10,0 гектар ер ажратиш ҳақида Х-325/1-сонли қарор қабул қилган.

Даъвогар 38-сонли лойиҳа бўйича ўтказилган танловда "Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалиги ғолиб чи??анлиги, лекин ушбу лойиҳадаги 10,0 гектар ер майдони танловда умуман иштирок этмаган "Эгамбердиев Ниёз Равшанович" фермер хўжалигига ажратилганлигини билдириб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъвогарнинг Касби тумани ҳокимининг 2007 йил 29 январдаги Х-325/1-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, "Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалигини 38-лойиҳадаги 39,6 гектар ер майдони бўйича танлов ғолиби деб эътироф этиш ҳақидаги даъво талабларини муҳокама қилиб, ушбу талаблар бўйича ҳал қилув қарори қабул қилган. Лекин даъвогарнинг "Эгамбердиев Ниёз Равшанович" фермер хўжалигини 10 гектар ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги қўшимча даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастрининг 2007 йил 6 апрелдаги хатида 38-лойиҳа бўйича 41,4 гектар ер майдони танловга қўйилганлиги кўрсатилган бўлиб, комиссия хулосасига кўра "Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалигига 20,8 гектар, "Эгамбердиев Ниёз Равшанович" фермер хўжалигига 10,0 гектар ер майдони ажратилган. Лойиҳа бўйича танловга қўйилган ер майдонининг қолган қисми кимга ажратилганлиги аниқланмаган.

Шунингдек, даъвогарнинг "Эгамбердиев Ниёз Равшанович" фермер хўжалиги 38-лойиҳа бўйича ўтказилган танловда умуман иштирок этмаганлиги ҳақидаги важи ҳам муҳокама қилинмаган. Ушбу ҳолат юзасидан комиссия аъзолари сўроқ қилинмаган.

Даъвогар комиссия баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш талабини қўймаган бўлса-да, апелляция инстанцияси судининг қарорида даъвогарнинг 38-лойиҳа бўйича ўтказилган танловда ғолиб чи??анлигини эътироф этиш тўғрисидаги талаби мазмун-моҳияти жиҳатидан тендер комиссиясининг 2007 йил 3 январдаги 12-сонли баённомасидан норози эканлигини билдириши қайд этилган.

Биринчи инстанция суди даъво талабининг "Тошқулов Шариф қовунчи" фермер хўжалигини танлов ғолиби деб эътироф этиш ҳақидаги қисми бўйича мазкур талаб хўжалик судида кўриш учун тааллуқли эмаслиги сабабли иш юритишни тугатган. Ҳал қилув қарорида мазкур талаб умумий юрисдикция судига тааллуқли эканлиги кўрсатилмаган бўлса-да, апелляция инстанцияси суди ушбу талаб умумий юрисдикция судига тааллуқли эканлигини асосламасдан, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий юрисдикция судига тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар умумий юрисдикция судида кўрилиши кераклиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 23-моддасининг тўртинчи қисмига асосан иш юритишни тугатиш ҳақида барвақт хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи қисмига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарори ёки қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.

Қайд этилганларга кўра, суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилиши лозим.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиб, даъвогарнинг барча талабларини аниқлаб, комиссиядан 38-сонли лойиҳа бўйича ўтказилган танлов ҳужжатларини талаб қилиб олган ҳолда, уларни чуқур ўрганиб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 й., 2-сон