Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 31.07.2007 й. 14-0707/2456-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

31.07.2007 й.

N 14-0707/2456


(КЎЧИРМА)




Бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўради.


Даъвогар - "Ko`baev Haydar bobo" фермер хўжалиги Самарқанд вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - Пайариқ туман ҳокимининг 2005 йил 5 ноябрдаги 610-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

"Ko`baev Haydar bobo" фермер хўжалиги кассация шикояти билан Олий хўжалик судига мурожаат қилиб, ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси қарорини бекор қилишни ва даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Кассация инстанцияси суди кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Ko`baev Haydar bobo" фермер хўжалиги Пайариқ туман ҳокимининг 2004 йил 14 январдаги 22К-сонли қарори билан ташкил қилинган ва унга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун 41,3 гектар ер майдони 50 йил муддатга ижарага берилган.

"Ko`baev Haydar bobo" фермер хўжалиги аъзоларининг 2005 йил 27 октябрдаги умумий йиғилиш қарори билан фермер хўжалиги фойдаланишида бўлган ер майдонларини тўлиғича туман ҳокимлиги ихтиёрига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шу билан биргаликда "Ko`baev Haydar bobo" фермер хўжалиги раиси сифатида X. Кубаев туман ҳокими номига билдириш хати билан мурожаат қилиб, ер ижара шартномасини бекор қилишни сўраган.

Билдириш хати туман ҳокимлигида 2005 йил 31 октябрда кирим қилиниб, ижрога қаратилган ва 2005 йил 5 ноябрдаги туман ҳокимининг 610-К-сонли қарори билан ер ижара шартномаси бекор қилинган.

Пайариқ туман ҳокимлигининг 2005 йил 5 ноябрдаги 610-К-сонли қарорини қабул қилиш учун юқорида қайд этилган фермер хўжалиги аъзоларининг умумий йиғилиш қарори ҳамда X. Кубаевнинг ёзган билдириш хати асос бўлганлиги 610-К-сонли қарорда қайд этилган.

"Ko`baev Haydar bobo" фермер хўжалиги аъзоларининг 2005 йил 27 октябрдаги умумий йиғилиш қарори фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг 2006 йил 18 июлдаги ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас деб топилган бўлса-да, X. Кубаев ўзи туман ҳокимлигига ёзган ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш ҳақидаги билдириш хатига нисбатан қайта туман ҳокимлигига мурожаат қилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси 1-бандига мувофиқ ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган.

"Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси иккинчи хатбошисига мувофиқ бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўради.

Бундай ҳолатда кассация инстанцияси суди биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судлари томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолати тўғри аниқланганлиги ҳамда тўпланган барча далиллар ҳар томонлама холисона текширилганлиги, мазкур иш бўйича қарор қабул қилишда қонун талабларига тўла риоя этилганлигини ҳисобга олган ҳолда мазкур иш бўйича чиқарилган қарорларни ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 11-сон