Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 18.04.2007 й. 20-0605/14710-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

18.04.2007 й.

N 20-0605/14710


(КЎЧИРМА)




Иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса, тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин


Самарқанд вилоят прокурори Пайариқ туман ҳокимлиги манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Райимқулобод" фермер хўжалигига нисбатан ерни узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси бекор қилиниб, "Райимқулобод" фермер хўжалиги ихтиёридаги 20 гектар ер майдони Пайариқ туман ҳокимияти ҳисобига қайтарилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Жавобгарнинг кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган. Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Пайариқ туман ҳокимининг 1998 йил 7 сентябрдаги 296-қ-сонли қарори билан "Райимқулобод" фермер хўжалигига 20 га ер майдони ажратилган. 1999 йил 19 январда туман ҳокимлиги ҳамда "Райимқулобод" фермер хўжалиги ўртасида ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси тузилган. Туман ҳокими қарори ва ушбу шартномага кўра, фермер хўжалигига 20 га ер майдони 50 йил муддатга ижарага берилган.

Фермер хўжалиги 2006 йилда 20 гектар ерга пахта экиш ва 23,8 тонна пахта хом ашёси топшириш ҳақида "Челак пахта тозалаш" ОАЖ билан пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича контрактация шартномасини тузган.

Фермер хўжалиги 2006 йилда "Тайёрловчи"га 14,2 тонна пахта хом ашёсини топширган, бу режага нисбатан 9,6 тонна кам бўлган.

Ушбу ҳолат Пайариқ туман статистика бўлимининг 2006 йил 3 ноябрдаги маълумотномаси билан ўз тасдиғини топган.

2006 йил пахта ҳосили учун экилган майдонларда агротехник тадбирларнинг аҳволи юзасидан ўтказилган мониторинг текшируви натижасида фермер хўжалиги 267-сонли контурдаги 1,3 гектар ер майдонидан ноқонуний равишда шахсий томорқа сифатида фойдаланганлиги аниқланган ва бу ҳақда далолатнома тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси 6-бандига кўра, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 382-моддасига кўра, бир тараф шартномани жиддий равишда бузса, иккинчи тарафнинг талаби билан шартнома суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2004 йил 12 мартдаги 115-сонли "Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда хўжалик судларининг ролини ошириш тўғрисида"ги қарорида давлат буюртмасига оид мажбуриятларни бажармаслик фермер хўжаликлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларини, шу жумладан, ер ижараси шартномасини қўпол равишда бузиш деб баҳоланиши, бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига кўра фермер хўжалигининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари ва ер ижараси шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиши кўрсатилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 7-сон