Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 20.07.2005 й. 11-0414/2988-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

20.07.2005 й.

N 11-0414/2988


(КЎЧИРМА)



Суд томонидан ер участкасини қайтаришга оид низони ҳал этишда фермер хўжалигида ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиш асослари ва муддатларининг текширилмаганлиги ҳал қилув қарорини бекор қилишга асос бўлган.


Тошкент вилоят прокурорининг ўринбосари Паркент туман ҳокимлиги манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, "Маҳмудов Баҳодир" фермер хўжалиги фойдаланаётган 6,2 гектар ер майдонини туман ҳокимлигига қайтаришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Апелляция инстанциясининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Фермер хўжалигининг кассация шикоятида суд томонидан процессуал ва моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги, иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ текширилмаганлиги, давлатга пахта сотиш режаси бажарилмаганлигининг сабаблари ўрганилмаганлиги, фермер хўжалиги 2004 йилнинг март ойида туман ҳокимлиги билан ер ижараси шартномасини тузганлиги кўрсатилиб, суд қарорларини бекор қилиш ва даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати ишдаги мавжуд ҳужжатларни, кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Биринчи инстанция суди фермер хўжалиги 2003-2004 йилларда давлатга пахта сотиш режасини бажармаган ҳамда ширкат хўжалиги ёки туман ҳокимлиги билан ер ижараси шартномасини тузмасдан ердан самарасиз фойдаланиб келган деган асосларга кўра даъво талабини қаноатлантирган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, туман ҳокимлиги билан фермер хўжалиги ўртасида ер ижараси шартномаси 2004 йил 26 мартда тузилган. Фермер хўжалиги ерни қачон қабул қилиб олганлиги, ердан 2001-2003 йиллар давомида қандай ҳуқуқий ҳужжатларга асосан фойдаланганлиги суд томонидан текширилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасида ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши белгиланган бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Суд томонидан фермер хўжалигида ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиш асослари ва муддатлари аниқланмаган.

Бундан ташқари, ҳал қилув қарорида фермер хўжалиги 2003-2004 йилларда давлатга пахта топшириш режасини бажармаганлиги кўрсатилган. Аммо пахта режасини бажармаганлиги бўйича жавобгарнинг эътирозлари умуман муҳокама қилинмаган.

Бундай ҳолда суд низони ҳал қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан барвақт хулосага келганлиги сабабли, қабул қилинган суд қарорлари бекор қилиниши ва иш янгидан кўриш учун юборилиши лозим.

Ишни янгидан кўришда суд юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиши, фермер хўжалигида ердан фойдаланиш ҳуқуқи вужудга келган вақтни аниқлаб, тарафлар ўртасида ер ижараси шартномаси тузилганлигига ҳуқуқий баҳо бериб, тўпланган далиллар йиғиндисига асосан низо хусусида қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 10-сон