Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 14.05.2008 й. 22-0706/8112-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

14.05.2008 й.

N 22-0706/8112


(КЎЧИРМА)




Улушли мулкдаги мол-мулк унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан тасарруф этилади


Даъвогар - Давлат мулк қўмитаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси хўжалик судига мурожаат қилиб, Хива туман ҳокимининг 2001 йил 7 августдаги 789-сонли қарорини ва 2002 йил 11 январдаги 23-Ф-сонли фармойишини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суднинг 2007 йил 7 декабрдаги ажрими билан "Фарҳод гилами" фермер хўжалиги, "Хивакиновидео" масъулияти чекланган жамияти, "MAQSUDBEK" ишлаб чиқариш ва тижорат хусусий фирмаси, Хива туман маданият ишлари бўлими низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2008 йил 21 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган, Хива туман ҳокимининг 2001 йил 7 августдаги 789-сонли қарори ва 2002 йил 11 январдаги 23-Ф-сонли фармойиши ҳақиқий эмас деб топилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати, кассация шикоятида келтирилган важларни муқокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, "Хивакиновидео" масъулияти чекланган жамиятининг устав фондидаги давлат улуши миқдори 75 фоизни ташкил қилган бўлса-да, Давлат мулк қўмитаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг розилигисиз, амалдаги қонунчиликка зид равишда Хива туман ҳокими томонидан 2001 йил 7 августдаги 789-сонли қарор билан масъулияти чекланган жамият балансидаги, жамият мулки ҳисобланган "Ёшлик" кинотеатри биноси "MAQSUDBEK" ишлаб чиқариш ва тижорат хусусий фирмаси ҳисобига ўтказилган. Шунингдек, Хива туман ҳокимининг 2002 йил 11 январдаги 23-Ф-сонли фармойишида "Хивакиновидео" масъулияти чекланган жамияти балансидаги, жамият мулки ҳисобланган "Аваз Ўтар" номли кинотеатр биносини Хива туман халқ таълими бўлимига қарашли 9-сон ўрта мактаб ихтиёрига домий фойдаланиш учун топшириш белгиланган.

Хива туман ҳокимининг 1999 йил 13 майдаги 383-сон қарори билан рўйхатга олинган "Хивакиновидео" масъулияти чекланган жамияти Низомининг 2.8-бандида жамият мулки маъмурий тартибда тортиб олинмаслиги ва мусодара қилинмаслиги, 5.1-бандида жамиятнинг барча мулклари муассислар томонидан директорга оператив бошқариш ва тўлиқ иш юритиш учун берилган мулк ҳисобланиб, муассисларга уларнинг низом фондига қўшган ҳиссаларига кўра тегишлилиги, 5.8-бандида жамиятнинг яроқсиз бўлган товар-моддий бойликлари, қарзлари, камомадлари ва нобудгарчиликларининг балансдан соқит бўлиши жамият қатнашчилари йиғилиши рухсати билан амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 218-моддасида улушли мулкдаги мол-мулк унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан тасарруф этилиши белгиланган.

Хива туман ҳокимининг 2001 йил 7 августдаги 789-сонли қарори билан "Хивакиновидео" масъулияти чекланган жамияти балансидаги "Ёшлик" кинотеатр биносини "MAQSUDBEK" ишлаб чиқариш ва тижорат хусусий фирмаси ҳисобига ўтказишда, шунингдек Хива туман ҳокимининг 2002 йил 11 январдаги 23-Ф-сонли фармойиши билан "Хивакиновидео" масъулияти чекланган жамияти балансидаги "Аваз Ўтар" номли кинотеатр биносини Хива туман халқ таълими бўлимига қарашли 9-сон ўрта мактаб ихтиёрига доимий фойдаланиш учун топшириб, Республика бюджети ҳисобидан шаклланган мулкларнинг тақдири, яъни уларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи ҳал этилган.

Хива туман ҳокимининг мазкур қарори ва фармойиши "Хивакиновидео" масъулияти чекланган жамиятининг акциядори - учинчи шахс "Фарҳод гилами" фермер хўжалигининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига путур етказишини инобатга олмаган ҳолда чиқарилганлиги сабабли, мазкур ҳужжатлар биринчи инстанция суди томонидан асосли равишда ҳақиқий эмас деб топилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, суд харажатларини Хива туман ҳокимлиги зиммасига юклашни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 й., 11-сон