Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 21.09.2005 й. 8-0502/2555-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

21.09.2005 й.

N 8-0502/2555


(КЎЧИРМА)




Кадастр ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш асл ҳужжатлар ёки нотариал тасдиқланган нусхалар асосида амалга оширилиши лозим. Давлат мулкини хусусийлаштириш натижасида мулкка эгалик қилиш Давлат мулк бошқармасининг асл ҳужжатлари асосида амалга оширилади.


Даъвогар - "Қашқадарёсувқурилиш" ОАЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар - Қарши шаҳар "Бунёдкор-Б" МЧЖ га Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ер ва кўчмас мулк давлат кадастри бошқармаси томонидан тайёрланган кадастр ҳужжатларидаги "Қашқадарёсувқурилиш" ОАЖга тегишли бўлган 186085 сўм қийматидаги озиқ-овқат омборини саноат моллари омбори деб рўйхатга олиш ҳақидаги кадастр ҳужжатларини қисман ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Жавобгар - "Бунёдкор-Б" масъулияти чекланган жамияти ўзининг кассация шикоятида низоли бино жавобгарга тегишли бўлганлигини, бино кадастр томонидан 1998 йилда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини, аммо суд бу ҳолатга эътибор бермаганлигини, суд томонидан тайинланган экспертиза тегишли мутахассислар томонидан тарафларнинг вакиллари иштирокида ўтказилмаганлигини, бундан ташқари, тарафлар ўртасида мазкур низо бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд эканлигини кўрсатиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Судлов ҳайъати иш ҳужжатлари, кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳолатларидан кўринишича, вилоят давлат мулки бошқармасининг 1996 йил 28 июндаги 105-15-сонли буйруғига кўра "Қашқадарёсувқурилиш" трестига қарашли ишчилар таъминоти бўлими "Бунёдкор" очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилган ва унга 6 та объектни балансдан балансга бериш тўғрисида 2-сонли авизо билан жами 506079 сўмлик мол-мулклар берилган.

"Бунёдкор-Б" МЧЖ бино-иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни кадастр бошқармасига тақдим қилган.

Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ер ва кўчмас мулк давлат кадастри бошқармаси 1998 йилда "Бунёдкор-Б" МЧЖ бино ва иншоотларини кадастр рўйхатидан ўтказган.

Бироқ, Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ер ва мулк давлат кадастри бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 1 июндаги "Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулк давлат кадастрини юритиш тўғрисида"ги 278-сонли қарори билан тасдиқланган тартиб талабларига риоя қилмаган ҳолда "Бунёдкор-Б" МЧЖнинг бино-иншоотларини кадастр рўйхатидан ўтказган. Натижада даъвогар балансидаги омборхона жавобгар - "Бунёдкор-Б" МЧЖга тегишли бўлиб қолган. Ваҳоланки, юқорида қайд этилган тартибнинг 18-бандига асосан, кадастр ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш асл ҳужжатлар ёки нотариал тасдиқланган нусхалар асосида амалга оширилиши лозим. Давлат мулкини хусусийлаштириш натижасида мулкка эгалик қилиш Давлат мулк бошқармасининг асл ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

Қашқадарё вилоят давлат мулк бошқармаси томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг аслида эса низоли объект "Бунёдкор-Б" МЧЖга берилганлиги қайд этилмаган. Аксинча, ушбу бино даъвогарда қолдирилган.

Биринчи инстанция суди ишни кўришда экспертиза тайинлаб, унинг хулосаси асосида низоли бино жавобгар - "Бунёдкор-Б" МЧЖга берилмаганлигини ва кадастр ҳужжатлари қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини назарда тутган ҳолда асосли равишда даъвони қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилган.

Жавобгарнинг тарафлар ўртасида айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлганда, суд иккинчи марта ушбу низони кўришга ҳақли эмас деган важларини судлов ҳайъати асоссиз деб ҳисоблайди. Чунки, илгари кўрилган ишда даъво предмети мулкни талаб қилиб олиш тўғрисида бўлиб, мазкур ишдаги даъво предмети билан бир хил эмас.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилишга қонуний асослар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, кассация шикоятини қаноатлантирмасликни ва ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 й., 3-сон