Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 06.12.2011 й. 11-1132/17510-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

13.12.2011 й.

N 11-1132/17510


(КЎЧИРМА)




Чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги ҳам тушумни яшириш деб баҳоланади


Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, "Олмалиқ омухта ем сотиш бирлашмаси" масъулияти чекланган жамиятига (бундан буён матнда - жамият деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114 ва 119-моддасининг иккинчи қисмига асосан молиявий санкция қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун биринчи босқич судига юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Тошкент вилоят прокуратурасининг 60/11-49-сонли жиноят иши бўиича "Ҳужжатли тафтиш тайинлаш ҳақида" 2011 йил 17 февралдаги қарори, Тошкент вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2011 йил 27 февралдаги Б-60ХС-сонли, 2011 йил 20 апрелдаги Б-396-сонли, 23 майдаги Б-142-сонли буйруқларига асосан жамиятнинг солиқ қонунчилигига риоя қилиши юзасидан текшириш ўтказилган.

Текширишда жамият томонидан 2009 - 2011 йиллар давомида маҳсулот сотишдан тушган 51673900 сўм нақд савдо тушуми банкка топширилмасдан яширилганлиги ва 2011 йил давомида маҳсулот сотишдан тушган 3600900 сўм нақд пулларнинг назорат-касса машинасига кирим қилинмаганлиги ҳолатлари аниқланган.

Маълум бўлишича, 2011 йил 28 январь куни жамиятга қарашли 4-сон савдо шохобчаси сотувчиси харидорга 10750 сўмлик харид учун назорат-касса машинаси квитанцияси ёки унга тенглаштирилган чек бермаган. Натижада Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2011 йил 16 февралдаги қарори билан жамиятга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисми билан энг кам иш ҳақининг 30 баравари - 1492050 сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган.

Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг молиявий жаримани ихтиёрий тўлаш ҳақида 2011 йил 27 июндаги қарори жамият томонидан бажарилмагач, даъвогар асосли равишда Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 51673900 сўм, 119-моддасининг иккинчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 75 баравари - 3730125 сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига кўра, кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, ёхуд товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумларни яшириш (камайтириб кўрсатиш) кирим қилинмаган товар қиймати ёки яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жамият хизмат кўрсатишдан тушган нақд пулларни банк муассасасига топширмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сонли Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги ҳам тушумни яшириш деб баҳоланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарори 38.2-бандининг иккинчи қисмида тушунтириш берилган.

Жамият томонидан 51673900 сўм тушум яширилганлиги ҳолати жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2011 йил 16 августдаги ҳукми билан исботланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмига кўра ушбу ҳолат хўжалик суди учун мажбурийдир.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган. Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини асосли равишда ўзгаришсиз қолдирган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 3-сон