Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 26.04.2011 й. 11-1119/738-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

26.04.2011 й.

N 11-1119/738


(КЎЧИРМА)




Кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, ёхуд товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумларни яшириш (камайтириб кўрсатиш) кирим қилинмаган товар қиймати ёки яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади


Зангиота туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, "Saboxotxon savdo" МЧЖга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 30684720 сўм молиявий санкция қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Оникс" ОАЖ ва "Saboxotxon savdo" МЧЖ ўртасидаги молия-хўжалик фаолияти бўйича муқобил текшириш ўтказилган.

Текширишда "Saboxotxon savdo" МЧЖ томонидан 2009 йил 30 ноябрдаги 7-сонли ҳисоб-фактура орқали "Оникс" ОАЖга берилган 30 дона флакондаги жами 30684720 сўмлик бўёқ маҳсулотларининг келиб чиқиши, мувофиқлик сертификати ва кирим ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу сабабли даъвогар жавобгарга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 30684720 сўм молиявий санкция қўллашни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига кўра, кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, ёхуд товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумларни яшириш (камайтириб кўрсатиш) кирим қилинмаган товар қиймати ёки яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланган ҳолда даъво қаноатлантирилган. Чунки, ишдаги мавжуд барча ҳужжатлар билан 30 дона флакондаги жами 30684720 сўмлик бўёқ маҳсулотларининг жавобгарда бўлганлиги ва уларга кирим ҳужжатлари мавжуд эмаслиги исботланган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2012 й., 5-сон