Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 07.11.2006 й. 15-0602/8001-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

07.11.2006 й.

N 15-0602/8001


(КЎЧИРМА)




Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қонунлар билан белгиланади.


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Фарғона вилоят бошқармаси хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар - Охунбобоев туманидаги МТП АЖга нисбатан 38956800 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Фарғона вилоят бошқармаси кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни сўраган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдириш лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, Охунбобоев туман давлат солиқ инспекциясининг 2005 йил 5 августдаги 142-с-сон буйруғига асосан Охунбобоев туманидаги МТП АЖда 2002-2004 йилларда солиқ қонунчилигига риоя қилиниши бўйича текшириш ўтказилган.

Текширишда жамият туман ҳокимлигидан улгуржи савдони амалга ошириш учун рухсат гувоҳномасини олмасдан, қишлоқ хўжалиги корхоналарига ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун 6 фоиз устама нарх билан 2003 йилда 198374,0 минг сўмлик ва 2004 йилда 67019,0 минг сўмлик эҳтиёт қисмларни пул ўтказиш йўли билан сотиб, 2003 йилда 11228,7 минг сўм ва 2004 йилда 3 793,5 минг сўм даромад олганлиги ва 2005 йилда эса 78727,0 минг сўмлик эҳтиёт қисмларни пул ўтказиш йўли билан сотиб, 456,2 минг сўм ялпи даромад олганлиги аниқланган.

Даъвогар ушбу фаолиятни улгуржи савдо фаолияти деб эътироф этишни ва жавобгарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сонли қарори билан тасдиқланган "Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини рўйхатдан ўтказиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Низомга зид равишда 6-15 фоиз устама нарх билан маҳсулотларни улгуржи тартибда сотиб, лицензиясиз фаолият кўрсатганлиги 19478,4 минг сўм олган даромадига ва яна шунча миқдорда 19478,4 минг сўм, жами 38956800 минг сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

"Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига кўра амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қонунлар билан белгиланади.

Ушбу Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарори билан амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 июндаги 236-сон қарорининг 1-бандида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сон қарори билан амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилиниб, фаолиятнинг мазкур рўйхатга киритилмаган бошқа турлари лицензияланмаслиги кўрсатилган.

Мазкур рўйхатга 2006 йил 4 апрелдаги қўшимча ва ўзгартиришларга биноан "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Қонуннинг 8-моддасига улгуржи савдо фаолияти ҳам киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 135-моддасининг 6-бандида фаолиятнинг лицензияланган тури билан лицензиясиз шуғулланганлик учун жарима қўллаш кўзда тутилган, лекин 2003-2005 йилларда улгуржи савдо фаолияти тури лицензияланмаган.

Солиқ кодекси 135-моддасининг 17-бандида истеъмол товарларини улгуржи реализация қилишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун юридик шахслардан (ишлаб чиқарувчи корхоналардан ва улгуржи етказиб берувчилардан) мазкур фаолиятдан олинган бутун даромад (фойда) ва яна шунча миқдорда жарима ундирилади деб белгиланган.

Лекин Охунбобоев туманидаги МТП АЖ истеъмол товарлари билан эмас, балки ишлаб чиқаришда ишлатиладиган товарлар, яъни эҳтиёт қисмларни қишлоқ хўжалик корхоналарига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун етказиб берган. Бу ҳолат даъвогарнинг аризасида ҳам қайд этилган.

Биринчи ва апелляция инстанция судлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 135-моддасига асосланган ҳолда жавобгарга нисбатан молиявий жазо чораларини қўллаш мумкин эмаслигини кўрсатиб, даъво талабларини асосли равишда рад этган.

Шуларга асосан судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди ва уларни ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 5-сон