Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 13.02.2013 й. 15-1206/20036-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

13.02.2013 й.

N 15-1206/20036


(КЎЧИРМА)




Хўжалик суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмасдан, даъво асоссиз равишда кўрмасдан қолдирилганлиги учун ажрим бекор қилинган


"Адвокат Усмонов" фермер хўжалиги (бундан буён матнда фермер хўжалиги деб юритилади) хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгарлар - "Гулмира Ўғилой" хусусий корхонаси (бундан буён матнда хусусий корхона деб юритилади), ТИФ "Миллийбанк" Риштон туман бўлими (бундан буён матнда Банк деб юритилади), Риштон туман давлат солиқ инспекцияси ҳисобидан 1660000 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.

Апелляция инстанция судининг 2012 йил 14 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Суднинг 2012 йил 10 декабрдаги ажрими билан фермер хўжалигининг кассация шикояти қайтарилган.

Суднинг 2012 йил 24 декабрдаги ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган.

Кассация шикоятида шартномага асосан кўчатлар учун ўтказилган маблағ кўп йиллардан буён қайтарилмаётганлиги, апелляция инстанция суди асоссиз равишда ҳал қилув қарорини бекор қилганлиги, апелляция инстанция суди қарорига нисбатан ёзилган кассация шикояти суд томонидан асоссиз қайтарилганлиги баён этилиб, суднинг 2012 йил 10 декабрдаги ажримини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган ҳамда фермер хўжалиги раҳбарининг суд мажлисида баён этган важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суднинг даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, фермер хўжалиги хўжалик судига мурожаат қилиб, хусусий корхона, Банк ва Риштон туман давлат солиқ инспекциясидан 1660000 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори билан хусусий корхона ҳисобидан фермер хўжалиги фойдасига 800000 сўм асосий қарз, 231000 сўм зарар, 67420 сўм суд харажатлари ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 14 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Ушбу қарордан норози бўлган фермер хўжалиги кассация шикояти билан судга мурожаат қилган.

Фермер хўжалиги томонидан белгиланган тартибда давлат божи тўланмаганлиги сабабли, суднинг 2012 йил 10 декабрдаги ажрими билан кассация шикояти қайтарилган.

Суд томонидан кассация шикояти асосли равишда қайтарилган. Чунки, фермер хўжалиги томонидан кассация шикояти учун давлат божи тўланмаган. Фермер хўжалиги ўзининг давлат божи тўлашдан озод қилинганлигини исботлаб бермаган.

Биринчи инстанция суди томонидан фермер хўжалигининг вакили суд мажлисига келмаганлиги ва ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишга розилик бермаганлиги сабабли, апелляция инстанцияси суди томонидан кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмасдан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 88-моддасининг олтинчи қисмига асосан, даъво кўрмасдан қолдирилган ва даъвогардан 37700 сўм давлат божи ундирилган.

Хўжалик процессуал кодекси 124-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида суднинг ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилади.

Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисидаги суднинг ажрими фермер хўжалигига унинг юридик манзили кўрсатилмаган ҳолда юборилган. Шунингдек, суд томонидан ушбу ажрим ҳақиқатда фермер хўжалиги вакили томонидан қабул қилиб олинганлигига аниқлик киритилмаган.

Биринчи инстанция суди даъвогарни суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда огоҳлантирмасдан, даъвони кўрмасдан қолдирган.

Апелляция инстанцияси судининг қарорида биринчи инстанция суди низони ҳал этиш учун ишга ОАТБ "Агробанк" Риштон бўлимини учинчи шахс сифатида жалб қилиш масаласини ҳал этиши, шунингдек кредит шартномаси ва зарар сифатида ундирилган кредит фоизлари тўланганлигини тасдиқловчи квитанцияларнинг асл нусхаларини талаб қилиб олиши ва уларга ҳуқуқий баҳо бериши лозимлиги қайд этилган.

Биринчи инстанция суди низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилиш жараёнида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйган бўлса, ушбу ҳолатлар апелляция инстанцияси суди қарорида кўрсатилиб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилгандан сўнг биринчи инстанция суди ишдаги мавжуд ҳужжатлар асосида низо юзасидан даъвони қаноатлантириш ёки рад қилиш ҳақида суд ҳужжати қабул қилиши лозим эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида" 2005 йил 23 декабрдаги 136-сонли қарорининг 14-бандида кассация инстанцияси суди ишни кўриб чиқишда суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ текширилганлиги, суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланганлигини текширишда суд кассация шикоятида баён этилган важлар билан чекланмаслиги, шунингдек 21-бандида хўжалик судининг шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлган ажримлари устидан кассация шикояти (протести) ХПКда назарда тутилган ҳолларда берилиши (келтириш), ХПК 191-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, хўжалик судининг ажримларига нисбатан берилган кассация шикоятлари (протестлари) хўжалик судининг ҳал қилув қарори ва қарори устидан бериладиган кассация шикоятларини (протестларини) қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун белгиланган тартиб асосида қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмасдан, даъво асоссиз кўрмасдан қолдирилганлиги сабабли, уни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 3-сон