Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 19.06.2012 й. 10-1208/4423-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

19.06.2012 й.

N 10-1208/4423


(КЎЧИРМА)




Иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни бекор қилиш учун асос бўлади


Туман ҳокимлиги ижроия маҳкамаси хўжалик судига мурожаат қилиб, "Тошкент термоизол строй-сервис" шуъба корхонасини (бундан буён матнда корхона деб юритилади) тугатишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация протестида суд мажлиси жойи ва вақти тўғрисида жавобгар тегишли равишда хабардор қилинмаган ҳолда иш унинг йўқлигида кўрилгани ҳақида важ келтирилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, корхонанинг юридик манзили Тошкент шаҳар, Чашма кўчаси, 3-уй бўлиб, ишнинг 2012 йил 26 март куни суд мажлисида кўриш учун тайинлангани ҳақидаги суд ажрими шу манзилга юборилиши лозим бўлган.

Аммо, суд ажрими Тошкент шаҳар, Чашма кўчаси, 8-уйга юборилган. Натижада, жавобгар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабар топмаган ва суд мажлисида иштирок этмаган.

Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар суд мажлисига келмаган ҳар бир ҳолатда унинг келмаганлик сабаблари ҳақида мавжуд маълумотлар инобатга олинган ҳолда ҳал этилаётган ишнинг характери ва хусусиятларидан келиб чиқиб, ишни унинг иштирокисиз кўриш имконияти тўғрисидаги масала муҳокама қилиниши керак. Тегишли тартибда суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаган шахснинг иштирокисиз ишнинг кўрилишига йўл қўйилмайди ва бу ҳар қандай ҳолда ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Бу ҳақда Олий хўжалик суди Пленумининг "Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида" 2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарорининг 29-бандида таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддаси учинчи қисмининг 2-бандига мувофиқ, иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни бекор қилиш учун асос бўлади.

Баён этилганларга кўра, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда тарафларни суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор этиб, уларнинг келтирган важлари ҳамда тақдим этилган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиниши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2014 й., 10-сон