Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 16.05.2012 й. 11-1129/20767-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

16.05.2012 й.

N 11-1129/20767


(КЎЧИРМА)




Давлат божини тўлашни кечиктириш хўжалик судининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ОАТБ "Ҳамкорбанк" Яккасарой филиали (бундан буён матнда банк деб юритилади) манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - "ELUS" илмий-ишлаб чиқариш корхонасидан (бундан буён матнда корхона деб юритилади) 157968547 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 24 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 25 январдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 10 февралдаги ажрими билан даъво иш юритувига қабул қилиниб, иш кўриш 2012 йил 1 март кунига белгиланган ва ОАТБ "Ҳамкорбанк" Яккасарой филиали тегишли даъвогар - ОАТБ "Ҳамкорбанк" билан алмаштирилган.

Биринчи инстанция судининг 2012 йил 2 мартдаги ажрими билан суд мажлисида корхона томонидан тарафлар ўртасидаги 2008 йил 23 февралдаги ҳисоб-касса хизматлари кўрсатиш ҳақидаги 21-сонли шартномани бекор қилиш, банк ҳисобидан корхона фойдасига 161000000 сўмлик зарарни ундириш ҳақидаги қарши даъво аризаси давлат божини кечиктириш ҳақидаги илтимосномаси рад қилинган ҳолда қайтарилган.

Суднинг 2012 йил 5 мартдаги ажрими билан ёзувдаги хато тузатилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 30 мартдаги қарори билан 2012 йил 1 мартдаги қарши даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажрим ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида корхона биринчи инстанция судига қарши даъво берганлиги, унга давлат божини кечиктириш тўғрисидаги илтимоснома илова қилинганлиги, илтимоснома асоссиз рад қилиниб, қарши даъво қайтарилганлиги, корхонанинг давлат божини кечиктириш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш учун қонуний асослар мавжудлиги, апелляция инстанцияси ҳам ушбу камчиликларга эътибор бермаганлиги сабабли суднинг 2012 йил 1 мартдаги ажрими ва 2012 йил 30 мартдаги қарорини бекор қилиб, қарши даъвони иш юритувига қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра суд ажримини ва қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Биринчи инстанция суди томонидан қарши даъво аризаси асосли равишда қайтарилган. Чунки, корхона томонидан давлат божи тўланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2008 йил 18 апрелдаги 180-сонли қарорининг 7-бандида ХПК 91-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, алоҳида ҳолларда хўжалик суди даъвогарнинг аризасига кўра унинг мулкий аҳволига қараб, давлат божини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат беришга ҳақли эканлиги, 7.2-бандида эса, давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги илтимоснома фақат объектив асослар бўлганда ва тақдим этилган ҳужжатлар давлат божи тўлаш учун зарур бўлган миқдордаги пул маблағлари банк ҳисоб рақамларида мавжуд эмаслигини тасдиқлаган ҳолларда қаноатлантирилиши мумкинлиги, бундай ҳужжатлар бўлмаганида илтимосномани қаноатлантириш рад қилиниши ҳақида тушунтириш берилган.

Демак, давлат божини кечиктириш учун рухсат бериш хўжалик судининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.

Шунинг учун судлов ҳайъати қарши даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажримни ва ушбу ажримни ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги қарорни ўзгаришсиз қолдиришни, кассация шикоятини қаноатлантирмасликни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2014 й., 10-сон