Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 31.01.2012 й. 18-1004/17856-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

31.01.2012 й.

N 18-1004/17856


(КЎЧИРМА)




Жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир


Аризачи - Қамаши туман давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда Аризачи деб юритилади) хўжалик судига мурожаат қилиб, "Қамаши - 98" ОАЖга қарашли қамаши пахта транс шўъба корхонасига (бундан буён матнда Жавобгар деб юритилади) нисбатан 149888600 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 16 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, Жавобгарга 149888600 сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган.

Жавобгар 2010 йил 22 декабрда янги очилган ҳолат бўйича ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқишни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 24 январдаги ажрими билан янги очилган ҳолат бўйича ҳал қилув қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2011 йил 23 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Жавобгарга 8139074 сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган. Арз қилинган талабнинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Аризачи 2011 йил 21 апрелда янги очилган ҳолат бўйича апелляция инстанцияси судининг қарорини қайта кўриб чиқишни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2011 йил 7 декабрдаги ажрими билан суд ҳужжатини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш рад этилган.

Кассация шикоятида апелляция инстанцияси суди Аризачининг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризасини инобатга олмасдан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 129 - 131-моддаларига риоя қилмасдан, унинг ҳақ-ҳуқуқларини бузган ҳолда янги очилган ҳолат бўйича аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида нотўғри ажрим қабул қилинганлиги баён этилиб, апелляция инстанцияси судининг 2011 йил 7 декабрдаги ажримини бекор қилиш ва 149888600 сўм юзасидан тегишли қарор чиқариш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд ажримини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилоят Қамаши туман бўлимининг 2010 йил 5 апрелдаги ҳужжатли тафтиш тайинлаш ҳақидаги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Қашқадарё вилоят бошқармасининг 2010 йил 20 апрелдаги 49-сонли, 4 майдаги 61-сонли ҳамда Аризачининг 2010 йил 7 апрелдаги 122-хс-сонли, 2010 йил 27 апрелдаги 150-хс-сонли, 2010 йил 8 майдаги 166-хс-сонли, 2010 йил 13 майдаги 178-хс-сонли буйруқларига асосан Жавобгарнинг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан текшириш ўтказилган.

Текширишда Жавобгар корхона ягона солиқ тўловчи бўлса-да, 2007, 2008, 2009 йиллар мобайнида расмийлаштирилган счёт-фактураларда 124907157 сўм қўшилган қиймат солиғини кўрсатиб, пахта тозалаш заводларига тақдим этганлиги аниқланган.

Текшириш натижалари бўйича далолатнома тузилиб, ундирилиши лозим бўлган молиявий жарима суммасини ихтиёрий тўлаб бериш ҳақида Жавобгарга талабнома юборилган, бироқ Жавобгар томонидан талабнома бажарилмаган, молиявий жарима тўлаб берилмаган. Шу сабабли, Аризачи Жавобгарга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида хўжалик судига ариза киритган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 16 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилиб, Жавобгарга 149888600 сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган.

Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир.

Жиноят ишлари бўйича қамаши туман судининг 2010 йил 29 ноябрдаги ҳукмида Жавобгар томонидан 2007, 2008, 2009 йиллар мобайнида расмийлаштирилган счёт-фактураларга асосан бюджетга 6782562 сўм қўшилган қиймат солиғи ва унга 1356512 сўм пеня, жами 8139074 сўм тўлаб берилиши лозим деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг 2010 йил 29 ноябрдаги ҳукми Қашқадарё вилоят суди кассация судлов ҳайъатининг 2011 йил 15 апрелдаги ажрими билан ўзгартирилган ва Жавобгар томонидан бюджетга тўланиши лозим бўлган 149888600 сўмни хўжалик судлов тартибида ундириш белгиланган.

Шу сабабли, Аризачи суд ҳужжатини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Аммо, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди раёсатининг қарори билан 2011 йил 15 апрелдаги ажрим ўзгартирилган ва Жавобгар томонидан бюджетга тўланиши лозим бўлган 149888600 сўмни хўжалик судлов тартибида ундириш бекор қилинган, Қамаши туман судининг 2010 йил 29 ноябрдаги ҳукми ўзгаришсиз қоддирилган.

Апелляция инстанцияси суди янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантиришни рад этиб, асосли хулосага келган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг 2011 йил 7 декабрдаги ажримини бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, ажримни ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 6-сон