Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 21.12.2011 й. 15-1104/25644-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

21.12.2011 й.

N 15-1104/25644


(КЎЧИРМА)




Низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, хўжалик суди иш юритишни тугатади


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси якка тартибдаги тадбиркор Қ. Назаров манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қўқон шаҳар ҳокимлигидан 14190631 сўм моддий зарар, 3600000 сўм ижара ҳақи, 30000000 сўм маънавий зарар, 39666662 сўм бой берилган фойдани ундиришни сўраган.

Суднинг 2011 йил 3 октябрдаги ажрими билан фуқоро Қ. Назаров низо предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 3 октябрдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг биринчи қисмига асосан иш юритиш тугатилган.

Суднинг 2011 йил 1 ноябрдаги ажрими билан апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилган.

Кассация шикоятида 2011 йил 3 октябрдаги суд ажримини қисман бекор қилиб, маънавий зарар ундириш талаби бўйича иш юритишни тугатиб, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра 2011 йил 3 октябрдаги ажримни ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, фуқаро Қ. Назаровга тегишли бўлган Қўқон шаҳар, Навоий кўчаси, 95-А уйда жойлашган "Шоҳрух" савдо дўкони хусусий мулк сифатида Фарғона вилоят рўйхатдан ўтказиш офисида 16/02-29-305-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилиб, 2007 йил 16 мартда ТА-0301640-сонли гувоҳнома берилган.

Қўқон шаҳар ҳокимининг 2009 йил 24 декабрдаги 461-сонли қарорига асосан Қўқон шаҳар марказий кўчаларининг ободонлаштирилиши муносабати билан фуқоро Қ. Назаровга тегишли юқорида кўрсатилган савдо дўкони бузилиши белгиланган.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси якка тартибдаги тадбиркор Қ. Назаров манфаатида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қўқон шаҳар ҳокимлигидан 14190631 сўм моддий зарар, 3600000 сўм ижара ҳақи, 30000000 сўм маънавий зарар, 39666662 сўм бой берилган фойдани ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар хўжалик судига тааллуқлидир.

Мазкур Кодекс 24-моддасининг биринчи қисмида эса хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар кўрсатилган. Ушбу моддада хўжалик суди бир тарафи жисмоний шахс, яъни фуқоро бўлган, шунингдек маънавий зарарни ундириш ҳақидаги ишларни кўриши кўрсатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши тўғрисида" 2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарори 19-бандининг иккинчи қисмида ишнинг хўжалик судига тааллуқлилиги ХПК 23 ва 24-моддаларининг талабларидан келиб чи??ан ҳодда аниқланиши, бунда судга тааллуқлилик бошланиб бўлган хўжалик процессида ҳам ўзгариши мумкинлигини эътиборга олиш кераклиги, масалан, процессга процессуал муносабатлар иштирокчилари мақомига эга бўлмаган шахслар, жисмоний шахслар ёки юридик шахслар бўлмаган ташкилотлар ва бошқаларнинг жалб этилиши муносабати билан иш юритишни тугатиш ҳақида тушунтириш берилган.

Қўқон шаҳар ҳокимининг 2009 йил 24 декабрдаги 461-сонли қарорига асосан бузилган савдо дўкони фуқоро Қ. Назаровга тегишли эканлиги, шунингдек даъво талабидаги 30000000 сўм маънавий зарар ундириш талаби хўжалик суди судловига тааллуқли бўлмаганлиги сабабли, биринчи инстанция суди низо бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 1-бандига кўра, низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, хўжалик суди иш юритишни тугатади.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг 2011 йил 3 октябрдаги иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 4-сон