Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 09.11.2011 й. 22-0903/10753-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

09.11.2011 й.

N 22-0903/10753


(КЎЧИРМА)




Жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир


"Гиламчи уста" корхонаси жавобгарлар - "Хоразмқурилиш" ОАЖнинг Хива кўчма механизациялашган колоннаси ва Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Хива туман суд ижрочилари бўлимига нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, Хива шаҳар, Обводная кўчасида жойлашган, майдони 5539 кв.м. бўлган саноат базасига нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш ва мол-мулкни хатлашдан озод қилишни сўраган.

Суднинг 2009 йил 3 сентябрдаги ажрими билан Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Хоразм вилоят бошқармаси ишга жавобгар сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2009 йил 28 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2009 йил 18 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2010 йил 20 январдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 22 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 12 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2011 йил 16 февралдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган.

Кассация инстанцияси судининг 2011 йил 19 октябрдаги ажрими билан Хоразм вилоят прокуратурасининг суд ажримини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақида аризаси қаноатлантирилиб, 2011 йил 16 февралдаги ажрим бекор қилинган.

Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарори ва қарорни бекор қилиб, даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Хоразмқурилиш" ОАЖга қарашли ПКМ-73 корхонаси ва "Қурилиш-таъмирлаш" корхонаси ўртасида 2000 йил 15 майда иншоотни сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара шартномаси тузилган. Корхоналарнинг номи ўзгарганлиги сабабли 2004 йил 23 сентябрда 2000 йил 15 майдаги сотиб олиш ҳуқуқи билан тузилган ижара шартномасига 2-сонли қўшимча шартнома тузилган. Шартномалар кадастр органида тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилган. Мазкур шартномаларга кўра ижарага берувчи - "Хоразмқурилиш" ОАЖга қарашли ПКМ-73 корхонасига тегишли бўлган, ҳажми 5539 кв.м. қиймати 990,0 минг сўмлик мулкни, яъни саноат базаси (промбаза)ни сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олувчи - "Гиламчи уста" корхонасига гилам тўқиш ва ип йигириш дастгоҳларини ўрнатиб, гилам маҳсулотларини ишлаб чиқаришга фойдаланиш учун йилига 216000 сўм ижара ҳақи тўлаш шарти билан ижарага берган.

Шартномаларнинг 15-бандида ижарага олувчи ижарага берувчига тўла амортизация муддатида топширилган мулкнинг қийматидан белгиланган ижара ҳақини тўлиқ тўлаган бўлса ёки шартнома бўйича амортизация муддати тугамасдан туриб, ижара муддати тугаган мулкнинг қолдиқ қийматидан тўловларни тўлиқ тўлаган бўлса, мулк унинг (ижарачининг) мулкига ўтиши белгиланган.

"Хоразмқурилиш" ОАЖ 7-сонли Хива КМКга умумий мулк асосида тегишли бўлган ушбу низоли объект корхонанинг давлат бюджети олдидаги қарзини қоплаш мақсадида Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Хоразм вилоят бошқармасининг Хива туман суд ижрочилари бўлими томонидан хатланиб, биржа савдоларига чиқарилган.

Даъвогар - "Гиламчи уста" корхонасининг мазкур мулки юқорида қайд этилган шартномаларга асосан унга тегишли эканлиги сабабли, ушбу мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш ва хатлашдан озод қилиш ҳақидаги даъвоси биринчи инстанция суди томонидан қаноатлантирилган, апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2011 йил 4 октябрдаги ҳукми билан "Хоразмқурилиш" ОАЖ 7-сонли Хива КМК раҳбари Б. М. ва "Гиламчи уста" корхонасининг раҳбари С. Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси учинчи қисмининг "а" банди, 209-моддасининг биринчи қисми ва бошқа моддалари билан айбли деб топилганлар.

Жумладан, судланувчи Б. М. "Хоразмқурилиш" ОАЖ 7-сонли Хива КМК раҳбарлиги даврида норасмий равишда "Гиламчи уста" корхонасини бошқариб келган. У Ш. Б. билан тил бириктириб, "Хоразмқурилиш" ОАЖ мулкларини талон-торож қилиш мақсадида, таъсисчиларнинг розилигини олмаган ҳолда 2004 йил 23 сентябрда мулкларни сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара шартномаси тузган. У бу қилмиши билан ўзганинг 87453700 сўмлик жуда кўп миқдордаги мулкини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишдан иборат бўлган жиноятни содир этганлиги тасдиқланган.

Хоразм вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2011 йил 2 ноябрдаги ажрими билан ҳукмнинг Б. М.га оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмида жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир, деб белгиланган.

Шунинг учун судлов ҳайъати ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарорини бекор қилишни, кассация шикоятини эса қаноатлантиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2012 й., 12-сон