Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 02.11.2011 й. 11-1028/9542-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

02.11.2011 й.

N 11-1028/9542


(КЎЧИРМА)




Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлса, мазкур ҳолат ҳар қандай ҳолда ҳам биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади


"Ипотекабанк" АТИБ Тошкент вилоят филиали Амалиёт бошқармаси бош ишончнома асосида хўжалик судига мурожаат қилиб, "Ипотекабанк" АТИБ Тошкент вилоят филиали Амалиёт бошқармаси ва "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси ўртасида тузилган 2007 йил 7 июндаги 175/2007-сонли кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни, "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси, "Дўстбой ота ўғли Маҳмуд" фермер хўжалиги ва "Халил ота ўғли Фахриддин" фермер хўжалиги ҳисобидан 94240000 сўм асосий қарз, 1135208 сўм ҳисобланган фоиз, 9452560 сўм пеня, жами - 104827768 сўм ундиришни, ундирувни "Otash osiyo biznes" хусусий корхонасига тегишли 2007 йил 6 июндаги нотариал тасдиқдан ўтган гаров шартномасига асосан гаровга олинган Ўзбекистон кўчасидаги рақамсиз уйда жойлашган "Осиё" тўйхонаси биносига, "Дўстбой ота ўғли Маҳмуд" фермер хўжалиги ва "Халил ота ўғли Фахриддин" фермер хўжалиги мол-мулкига қаратишни, даъвогар томонидан тўланган 1048277 сўм давлат божи ва 7000 сўм почта харажатларини жавобгар ҳисобидан ундириб беришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2007 йил 25 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Банк ҳамда "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси ўртасида тузилган кредит шартномаси бекор қилиниб, ундирув хусусий фирмага қарашли, гаровга қўйилган, Бўка шаҳри, Ўзбекистон кўчасида жойлашган, жами умумий фойдаланиш майдони 1379,5 кв.метрни ташкил этган универмаг ҳамда омборхона биноларига қаратилган. Шунингдек, даъво суммаси "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси ҳамда фермер хўжаликларидан солидар тартибда ундирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2010 йил 22 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 2011 йил 26 майдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Суднинг 2011 йил 6 июндаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги низонинг предметига мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 11 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси ҳамда қўшимча жавобгарлар - "Дўстбой ота ўғли Маҳмуд" фермер хўжалиги ва "Халил ота ўғли Фахриддин" фермер хўжаликлари ҳисобидан "Ипотекабанк" АТИБ Тошкент вилоят филиали Амалиёт бошқармаси фойдасига 94240000 сўм кредит қарзи, 1135280 сўм кредит фоизи, 1890512 сўм пеня солидар тартибда "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси томонидан гаровга қўйилган Бўка шаҳри, Ўзбекистон кўчасида жойлашган, жами умумий фойдаланиш майдони 1379,5 кв.метрни ташкил этган универмаг ҳамда омборхона биноларига қаратилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2011 йил 6 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Кассация протестида апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини кучда қолдириш сўралган.

Судлов ҳайъати ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, "Ипотекабанк" АТИБ ҳамда "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси ўртасида 2007 йил 4 июнда 175/2007-сонли кредит шартномаси тузилган. Мазкур шартномага асосан банк томонидан хусусий корхонага йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 36 ой муддатга 3 (уч) ойлик имтиёзли муддат билан 100000000 сўм кредит ажратиш, хусусий корхона эса, олинган кредитдан мақсадли фойдаланиб, уни ўз вақтида қайтариш мажбуриятини олган.

Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида 2007 йил 6 июндаги ипотека шартномасига кўра хусусий фирмага тегишли универмаг ва омборхона биноси гаровга қўйилган. Гаров шартномасида ушбу мулкларнинг инвентаризация суммаси 42618216 сўм эканлиги қайд этилган. Ушбу мулклар 100000000 сўмга баҳоланган. Шартнома кўчмас мулклар бўйича Тошкент вилоят рўйхатдан ўтказиш идораси томонидан 2007 йил 6 июнда рўйхатдан ўтказилган.

Бундан ташқари, кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида банк, "Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси ҳамда "Дўстбой ота ўғли Маҳмуд", "Халил ота ўғли Фахриддин" фермер хўжаликлари ўртасида кафиллик шартномалари имзоланган.

2007 йил 4 июндаги кафиллик шартномасини "кафил" сифатида "Халил ота ўғли Фахриддин" фермер хўжалиги, 2007 йил 15 июндаги кафиллик шартномасини эса - "кафил" сифатида "Дўстбой ота ўғли Махмуд" фермер хужалиги имзолаган. "Ипотекабанк" АТИБ томонидан хусусий фирмага жами 100000000 сўм кредит ажратилган.

"Otash osiyo biznes" хусусий корхонаси томонидан кредит шартномаси мажбуриятлари бажарилмаганлиги ҳамда мазкур кредит суммаси ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабабли банк асосий кредит қарзи, унга ҳисобланган фоиз ҳамда кредит маблағи ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун кредит шартномасининг 2.4-бандига асосан пеня ундириш ҳақида судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 736-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Биринчи инстанция суди гаров объекти - "Осиё" тўйхонаси 2010 йил 11 ноябрда кимошди савдосида "Сайқал Нур" хусусий корхонасига 110500000 сўмга сотилганлиги, 2011 йил 5 январда ушбу гаров объектини "Сайқал Нур" хусусий корхонаси бошқа бир хусусий тадбиркорга 143200000 сўмга сотганлиги ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бермасдан, уларни ишга жалб қилиш масаласини ҳал этмасдан, ишда иштирок эташга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 170-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига кўра, суд ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, мазкур ҳолат ҳар қандай ҳолда ҳам биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.

Ушбу Кодекс 168-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра, суд ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва мазкур Кодекс 170-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.

Шу сабабли, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тўғрисида қарор қабул қилган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган ҳолда қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, уни ўзгаришсиз, кассация протестини эса - қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2012 й., 11-сон