Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 07.06.2011 й. 10-1017/9675(31,2)-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

07.06.2011 й.

N 10-1017/9675(31,2)


(КЎЧИРМА)




Хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт


Мирзо Улуғбек туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, "ELTEXIMPEKS" МЧЖга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 194110300 сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраган.

Даъвогар низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар жавобгарга 21758500 сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни ҳам сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 14 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгарга 65653200 сўм молиявий санкция қўлланилган.

Суднинг 2010 йил 23 июлдаги ажрими билан ёзувдаги хато тузатилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 23 сентябрдаги ажрими билан апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган.

Кассация протестида суд қарорларини бекор қилиш ва ишни янги суд таркибида кўриш учун қайтариш сўралган.

Судлов ҳайъати протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарори ва ажримни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар жавобгарга 194110300 сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраган бўлса-да, 2010 йил 1 июлда судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарга 21758500 сўм молиявий санкция қўллашни ҳам сўраган. Аммо, биринчи инстанция суди даъвогарнинг ушбу аризасини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этмаган.

Бундан ташқари, суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгарга 65653200 сўм молиявий санкция қўлланилган. Лекин, суд процессуал ҳуқуқ нормасини нотўғри қўллаб, ёзувдаги хатони тузатиш ҳақида ажрим чиқарган ва ҳал қилув қарорининг моҳиятига тегиб, жавобгарга қўлланилган молиявий санкция миқдорини 21758500 сўмга асоссиз равишда ўзгартирган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 150-моддасида ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, низони ҳал қилган хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг ёки суд ижрочисининг аризасига кўра, ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтириб беришга, шунингдек ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни, ҳал қилув қарорининг моҳиятига тегмаган ҳолда тузатишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 11-моддасига кўра, хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.

Суднинг ҳал қилув қарори иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлсагина, асослантирилган ҳисобланади. Ҳал қилув қарори иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда 2007 йил 15 июндаги Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги 161-сонли қарорининг 3-бандида тушунтириш берилган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарори ва ажримни бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида баён этилган хатоларни бартараф қилган ҳолда ишни кўриб чиқиб, даъвогарнинг молиявий санкция миқдорини ўзгартириш ҳақидаги аризасини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этиб, даъво талабларини аниқлаб, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важларини муҳокама қилиб, тарафлардан молиявий жарима тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиб, иш ҳужжатларига қўшиб, ишдаги ва тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаб, ишни кўриш натижаларига қараб суд харажатларини ундириш масаласини ҳал этиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2012 й., 8-сон