Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 18.05.2011 й. 20-1008/9724-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

18.05.2011 й.

N 20-1008/9724


(КЎЧИРМА)




Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак


Даъвогар - "Buxoroteks" ОАЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар - ДАТ "Асакабанк" Бухоро вилоят филиали ҳамда МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонаси ҳисоб рақамидан "Olotteks" МЧЖ устав фондидаги улушни, яъни 2402000 АҚШ долларини ундиришни сўраган.

Суднинг 2010 йил 30 июндаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси ДАТ "Асакабанк"и, 2010 йил 19 июлдаги ажрими билан "Breads from Turkey" МЧЖ ишга жавобгарлар сифатида жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 29 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабининг МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонасига нисбатан қисми рад этилган. ДАТ "Асакабанк" ва унинг Бухоро вилоят филиалига нисбатан қисми бўйича иш юритиш тугатилган. Олот туман ҳокимлиги ҳузуридаги корхоналарни тугатиш бўйича махсус комиссияга нисбатан хусусий ажрим чиқарилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация протестида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Судлов ҳайъати протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2001 йил 21 августдаги 3295-сонли қарори билан рўйхатга олинган МЧЖ шаклидаги "Olotteks" Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси Низомининг 4.1-бандида жамият устав фонди 4902000 АҚШ долларини ташкил этиши қайд этилган. Унда "VIMATEX INTER S.F." фирмасининг улуши 2500000 АҚШ доллари, яъни қўшма корхона устав фондининг 51 фоизини, "Buxoroteks" ОАЖнинг улуши 2402000 АҚШ доллари, яъни қўшма корхона устав фондининг 49 фоизини ташкил этиши кўрсатилган.

ДАТ "Асакабанк"нинг Бухоро вилоят филиали ва МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонаси ўртасида 2001 йил 12 октябрда тузилган 12/14-2001-сонли кредит шартномасига асосан банк томонидан МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонасига 4500000 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган. Мазкур кредитнинг 759000 АҚШ доллари жамият томонидан банкка қайтарилиб, қолган 3741000 АҚШ доллари микдорида асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизлар қайтарилмай қолган.

Хўжалик судининг 20-0508/8714-сонли иш бўйича қабул қилинган 2006 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарори билан ДАТ "Асакабанк" фойдасига МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонасидан 3741000 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 274404 АҚШ доллари миқдорида фоиз, 9922 АҚШ доллари миқдорида пеня ундирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тўқимачилик саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва уларга пахта толаси сотиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 21 апрелдаги ПҚ-330-сонли Қарорига асосан ҳукумат комиссияси тузилган.

Ҳукумат комиссиясининг 2006 йил 8 августдаги 16-сонли баённомасида кимошди савдосининг ғолиби деб "Magnat" МЧЖ тан олинган ва ДАТ "Асакабанк"ка "Olotteks" қўшма корхонаси мол-мулкларини 5704270 АҚШ доллари миқдорида "Magnat" МЧЖ билан олди-сотди шартномасини расмийлаштириш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, ушбу баённомада Суд қарорларини ижро этиш департаментига бир ҳафта муддат ичида белгиланган тартибда "Olotteks" қўшма корхонаси мулкларини ДАТ "Асакабанк" балансига топшириш вазифаси юклатилган.

Мазкур баённома талабларидан келиб чиқиб, ДАТ "Асакабанк" ва "Magnat" МЧЖ ўртасида 2006 йил 17 октябрда олди-сотди шартномаси тузилган. Аммо, "Magnat" МЧЖ тўловни тўлиқ амалга ошира олмаган ва 2010 йил 29 июнда ДАТ "Асакабанк", "Magnat" МЧЖ ва "Breads from Turkey" МЧЖ ўртасида тузилган уч томонлама шартномага кўра, қолган тўловларни амалга ошириш шарти билан мол-мулкларни "Breads from Turkey" МЧЖга беришга келишилган.

МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги 327-сонли қарори талаблари асосида ўз устав жамғармасини шакллантирмаганлиги ва олти ойдан ортиқ муддатда фаолият олиб бормаганлиги сабабли, Бухоро вилоят адлия бошқармасининг даъво аризасига асосан хўжалик судининг 20-0808/1950-сонли иш бўйича қабул қилинган 2008 йил 17 июндаги ҳал қилув қарори билан тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 55-моддасининг тў??изинчи қисмида юридик шахснинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки унинг шу мол-мулкка ашёвий ҳуқуқларга ёки ушбу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуқларга эга бўлган муассисларига (иштирокчиларига), агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, топширилади деб белгиланган.

МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонаси кредиторларининг 131189034,9 сўм ва 1592818,16 АҚШ доллари миқдоридаги талаблари қаноатлантирилмаган.

Қайд этилганларга асосан, биринчи инстанция суди даъво талабининг МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонасига нисбатан қисмини рад этган. Шунингдек, суд даъвогар вакили даъво талабининг ДАТ "Асакабанк"ка нисбатан қисмидан воз кечганлигини важ қилиб, даъво талабининг банкка бўлган қисми бўйича иш юритишни тугатган. Бироқ, иш ҳужжатларида даъвогар даъводан қисман воз кечганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.

Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Даъвогар жавобгарлардан МЧЖ шаклидаги "Olotteks" қўшма корхонаси устав фондидаги улушини, яъни 2402000 АҚШ долларини ундириш ҳақидаги талабининг асослилигини тегишли ҳужжатлар асосида исботлаб бермаган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати кассация протестини қисман қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони тўлиқ рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини "Buxoroteks" ОАЖ зиммасига юклашни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2012 й., 6-сон