Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 30.03.2011 й. 22-0602/1425-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

30.03.2011 й.

N 22-0602/1425


(КЎЧИРМА)




Агар суд ишни ишда иштирок этувчи, мажлис жойи ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан бирортасининг йўқлигида кўрган бўлса, бу ҳол ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади


Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг Урганч бўлими банк томонидан берилган бош ишончнома асосида хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайрат билан тузилган 2002 йил 6 майдаги кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш ва жавобгарлар - якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайрат ҳамда Ўзбекистон карлар жамиятининг Урганч ўқув-ишлаб чиқариш корхонасидан 4261166 сўм пул маблағларини солидар тартибда ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2003 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмаган.

Жавобгар - Ўзбекистон карлар жамиятининг Урганч ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси 2010 йил 13 декабрда хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, 2003 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиб, уни бекор қилиш ва даъвони рад этишни сўраган.

Суднинг 2011 йил 21 январдаги ажрими билан ариза қаноатлантирилиб, ҳал қилув қарори бекор қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2011 йил 21 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабининг якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайратга нисбатан тегишли қисми бўйича иш юритиш тугатилган. Даъво талабининг Ўзбекистон карлар жамиятининг Урганч ўқув-ишлаб чиқариш корхонасига нисбатан тегишли қисми рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятларида 2011 йил 21 январдаги ажрим ва ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани рад қилиш ҳақида янга қарор қабул қилиш, кассация протестида эса суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятлари ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра ажримни бекор қилиш ҳақидаги кассация шикояти бўйича иш юритишни тугатишни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг Урганч бўлими билан якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайрат ўртасида 2002 йил 6 майда якка тартибдаги тадбиркор томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш мақсадида 3400000 сўм ажратиш тўғрисида 0464-сонли кредит шартномаси имзоланган.

Кредитнинг қайтарилишини таъминлаш мақсадида 2006 йил 6 майда банк, якка тартабдаги тадбиркор Сабуров Ғайрат ҳамда Ўзбекистон карлар жамиятининг Урганч ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси ўртасида тузилган кафиллик шартомасига кўра, Ўзбекистон карлар жамиятининг Урганч ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси якка тартибдаги тадбиркор томонидан кредитдан бўлган қарз ўз вақтида банкка қайтарилмаган тақдирда 4250000 сўмдан ошмаган қисмини банкка тўлаш мажбуриятини олган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағларини (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Шартнома мажбуриятлари жавобгарлар томонидан ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли, даъвогар хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар ва кафилдан солидар тартибда 4250000 сўмни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2003 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Ўзбекистон карлар жамияти Урганч ўқув-ишлаб чиқариш корхонасининг аризасига асосан суднинг ушбу ҳал қилув қарори янги очилган ҳолат бўйича қайтадан кўриб чиқилиб, 2011 йил 21 январда даъво талабининг якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайратга нисбатан тегишли қисми бўйича иш юритишни тугатиш, даъво талабининг Ўзбекистон карлар жамиятининг Урганч ўқув-ишлаб чиқариш корхонасига нисбатан тегишли қисмини рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Низони ҳал қилиш жараёнида биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйилган.

Биринчи инстанция суди якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайратга якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган гувоҳнома суд муҳокамасига даъвогар ёки жавобгар томонидан тақдим этилмаганлигини асос қилиб, низонинг унга нисбатан қисми бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида барвақт хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги "Хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши ҳақида"ги 111-сонли қарори 15-бандининг иккинчи хатбошисида янги очилган ҳолат бўйича суд ҳужжати бекор қилинган тақдирда, хўжалик суди, имконият мавжуд бўлганда ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқларини қатъий таъминлаган ҳолда, дастлабки суд қарорини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқарилгандан сўнг бевосита шу суд мажлисида ишни мазмунан кўриб чиқишга ҳақли эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 124-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида суднинг ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилади.

Якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайратга 2011 йил 21 январда ўтказиладиган суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида суднинг ажрими етказилмаган, яъни иш жавобгар хабардор қилинмасдан кўрилган. Натижада суд томонидан якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳозирда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳолати аниқлаштирилмаган.

Шунингдек, кассация шикоятида суднинг 2011 йил 21 январдаги ажримини ҳам бекор қилиш сўралган.

Юқорида қайд этилган Пленум қарори 14-бандининг иккинчи хатбошисида аризани қаноатлантириш ҳақидаги ажрим устидан шикоят берилмаслиги ва шу боис, у қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга кириши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2005 йил 23 декабрдаги "Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида"ги 136-сонли қарорининг 8-бандида кассация шикояти ҳал қилув қарори, қарор устидан шикоят қилишга ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан берилганда ёки кассация шикояти (протести) кассация тартибида шикоят берилмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилганда биринчи инстанция судининг судьяси ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиши, агар кўрсатилган ҳолатлар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, шикоят (протест) бўйича кассация инстанциясида иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексида бундай ажрим устидан шикоят қилиш назарда тутилмаган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, ажрим бўйича кассация инстанциясида иш юритишни тугатиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган ҳолатларни муҳокама қилиб, суд мажлисида жавобгар - якка тартибдаги тадбиркор Сабуров Ғайратнинг иштирокини таъминлаб, ундан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган гувоҳномани, тарафлардан 2002 йил 6 майдаги кредит шартномаси нусхасини талаб қилиб олиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши ва ишни судда кўриш билан боғлиқ бўлган суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаб, ундириш масаласини ҳал қилиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2011 й., 12-сон